Ёқутистонда маҳаллий фуқаронинг ўлдирилиши туфайли ўнлаб одамлар намойишга чиқди
Олам
−
24 Январь
8918Бугун, 24 январь куни Ёқутистон (Саха) республикасида маҳаллий аҳолининг Россия фуқаролигига эга бўлган тожикистонлик фуқаро билан уюштирилган низода ҳалок бўлиши ортидан ўнлаб одамлар норозилик намойишига чиқди. Бу ҳақда “SakhaDay” хабар берди.
Қайд этилишича, намойишчилар шаҳарнинг бир неча кўчалари бўйлаб юришган, шундан сўнг полиция уларни ҳибсга олишни бошлаган. Ёқут шаҳар суди 18 ёшли тожикистонлик йигитни икки ойга ҳибсга олган. У Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қотиллик) 1-қисми бўйича айбланган.
Суд уни 2024 йил 21 мартгача ҳибсда сақлашга қарор чиқарган.
“Қарор қонуний кучга кирмаган ва айни пайтда унинг устидан шикоят қилиниши мумкин”, деб хабар беради “Sakhapress” портали.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълумотларига кўра, қотиллик шаҳар клубларидан бирида рўй берган маиший можародан кейин содир бўлган.
Можародан бир кун ўтиб, унинг иштирокчилари вазиятни ҳал қилиш учун яна учрашган. Оқибатда жанжал келиб чиққан ва уч киши пичоқланган, улардан бири вафот этган.
Ёқутистон раҳбари Айсен Николаев содир бўлган воқеани изоҳлар экан, гумонланувчининг Россия фуқаролигини "олиш ҳолатларини" аниқлашга ваъда берган.
Ёқутистон Ташқи алоқалар вазирлиги тожиклар жамияти раиси Ходи Оевнинг видеомурожаатини эълон қилди. Унда у бутун халқни бир киши томонидан ҳукм қилмасликка чақирган.
Ёқутистон Ички ишлар вазирлиги аҳолини ижтимоий тармоқлардаги провокацияларга берилмасликка, норозилик намойишларига чиқмасликка чақирган.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь