Эболани юқтирганлар сони кескин ортди
Олам
−
11:57 526 2 дақиқа
Конго Демократик Республикасида Эбола вируси билан тасдиқланган касалланиш ҳолатлари 7 022 тага етди. Вирус мамлакатнинг еттинчи вилояти – Жанубий Убангига ҳам тарқалди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Ҳукумат маълумотларига кўра, эпидемия оқибатида вафот этганлар сони 3 398 нафарга етган. Касалланиш ҳолатлари мамлакатнинг 7 та вилоятида қайд этилган.
Ушбу эпидемияга Эболанинг Bundibugyo тури сабаб бўлмоқда. У Конго тарихидаги 2018–2020 йиллардаги эпидемиядан ошиб, мамлакатдаги энг йирик ва энг кўп ўлимга олиб келган Эбола эпидемиясига айланган.
Ҳозирги эпидемия кўлами бўйича 2014–2016 йилларда Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леонеда кузатилган Ғарбий Африкадаги Эбола эпидемиясидан кейин иккинчи ўринда турибди. Ўша эпидемияда 28 600 дан ортиқ киши касалланган, 11 мингдан зиёд одам вафот этганди.
Жанубий Убанги вилоятидаги биринчи ҳолат эпидемиянинг асосий ўчоғидан анча узоқ ҳудудда аниқланган. Маълум бўлишича, 23 ёшли эркак 8 сентябрь куни вафот этган ва унда Bundibugyo туридаги Эбола вируси аниқланган.
Расмийларнинг маълум қилишича, у жорий йилнинг 10 июль куни Конгонинг шарқидаги Жанубий Киву вилоятидан чиқиб кетган, хорижда бўлган ва кейин Конгога қайтиб, Жанубий Убангига келган. Мазкур вилоят Конго Республикаси ва Марказий Африка Республикаси билан чегарадош ҳисобланади.
Жамоат саломатлиги миллий институти биринчи тасдиқланган ҳолат билан алоқада бўлган шахсларни аниқлаш ва уларни кузатиш ишлари олиб борилаётганини билдирган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса эпидемия географик жиҳатдан кенгайиб бораётган бир пайтда малакали ходимлар, ҳамкор ташкилотлар ва маблағ етишмаслиги Эболага қарши кураш ишларини секинлаштираётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вирус билан касалланганлар 5021 нафарга етгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси