Эболадан касалланганлар қарийб 3 мингга етди

Олам

image

Эбола эпидемияси авж олган Конгода тиббиёт тизими ҳам инқирозга юз тутмоқда. Вирусдан 1300 дан ортиқ одам вафот этган, шифокорлар эса ойлик ва бонуслар тўланмагани учун ишни тўхтатди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.

Қайд этилишича, Конго Демократик Республикаси шарқидаги Эбола даволаш марказларидан бирида шифокорлар, ҳамширалар ва хавфсизлик ходимлари ишни тўхтатган. Оқибатда эпидемиянинг марказларидан бири бўлган Итури провинциясидаги Буния шаҳрида беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш жараёни кескин чекланган.

Маълумотларга кўра, мамлакатда Эбола билан касалланганлар сони 2973 нафарга етган, улардан 1309 нафари вафот этган. Мутахассислар бу ҳолатни Конгода қайд этилган энг тез ривожланаётган Эбола эпидемияларидан бири сифатида баҳоламоқда.

Буния шаҳридаги Эликия Эбола даволаш маркази ходимлари икки ойдан бери тўланмаган бонуслар сабаб норозилик билдирган. Уларнинг айтишича, молиявий муаммолар беморларга хизмат кўрсатиш сифатига ҳам таъсир қилмоқда.

Аввалроқ, ҳудуддаги энг йирик шифохоналардан бири бўлган Буния умумий касалхонасида ҳам тиббиёт ходимлари тўланмаган маошлар сабаб иш ташлаган эди. Айрим ходимлар эпидемия бошланганидан бери тўлов олмаганини билдирган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, эпидемия бошланганидан буён 100 дан ортиқ тиббиёт ходими Эбола билан касалланган.

Конго 15 майдан буён Бундибугио вируси сабаб юзага келган Эбола эпидемияси билан курашмоқда. Ҳозирда 766 нафар бемор изоляция қилинган ёки шифохоналарда даволанмоқда, 540 киши эса соғайган.

Касаллик ҳолатларининг қарийб 90 фоизи мамлакат шарқидаги Итури провинциясида қайд этилган. Соғлиқни сақлаш мутасаддиларига кўра, вирус тарқалиши уни назорат қилиш имкониятларидан тезроқ кечмоқда. Бунга ҳудуддаги қуролли можаролар, аҳолининг кўчиши ва юқтирганлар билан алоқада бўлган шахсларни аниқлашдаги қийинчиликлар сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, молиявий маблағ етишмаслиги, тиббиёт марказларига ҳужумлар, хавфсизлик муаммолари ва аҳолининг ишончсизлиги эпидемияга қарши курашни мураккаблаштирмоқда.

Бундибугио вируси учун тасдиқланган вакцина ва кенг қўлланадиган даволаш усулларининг мавжуд эмаслиги ҳам вазиятни оғирлаштирмоқда. Ҳозирда Итури провинциясида Эбола даволашнинг икки эҳтимолий усули бўйича тадқиқотлар бошланган.

Эслатиб ўтамиз, Конго Демократик Республикасининг шарқий қисмида Эбола билан касалланганлар сони қарийб 1000 нафарга етгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг