Эбола балоси: ҳар икки бемордан бири вафот этмоқда
Олам
−
09:12 588 2 дақиқа
Конго Демократик Республикасида Эбола вируси билан касалланганларнинг ўлим даражаси 51,6 фоизга етди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Мамлакат Миллий жамоат саломатлиги институтининг жорий йилнинг 31 октябрь куни эълон қилган ҳисоботида касаллик тарқалиши бошланганидан буён 10 414 нафар кишида вирус аниқланган, уларнинг 5372 нафари вафот этгани келтирилган.
Ўлимлар сонининг ошишига касаллик ўчоғи ҳисобланган Итури вилоятидаги маълумотларни қайта текшириш сабаб бўлган. Текширув давомида касаллик тарқалган ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари маълумотларининг 97 фоизи ўрганилиб, аввалги ҳисоботларга киритилмаган 314 та Эбола билан боғлиқ ўлим ҳолати аниқланган ва умумий статистикага қўшилган.
Оқибатда ўлим даражаси икки кун аввалги 48,6 фоиздан 51,6 фоизга кўтарилган. Бу вақт давомида тасдиқланган касалланиш ҳолатлари эса атиги 140 тага ошган.
Ҳозирда вирус мамлакатнинг саккизта вилояти ва 67 та тиббий ҳудудига тарқалган. Соғлиқни сақлаш идоралари ҳар куни ўнлаб янги касалланиш ҳолатлари қайд этилаётганини билдирмоқда.
Қайд этилишича, бу Конго тарихидаги энг йирик Эбола эпидемияси ҳисобланади. Шунингдек, у 2013–2016 йилларда Ғарбий Африкада кузатилган эпидемиядан кейинги дунёдаги энг йирик тарқалишдир. Вирус мамлакат ташқарисига ҳам чиққан, бироқ бошқа давлатларда унинг тарқалиши ҳозирча чекланган.
Эпидемия муносабати билан айрим давлатлар сафар чекловларини кучайтирмоқда. Хусусан, АҚШ 3 ноябрь охиридан бошлаб халқаро рейслар билан мамлакатга учадиган йўловчилардан сўнгги 21 кун ичида Конго Демократик Республикасида бўлмаганини тасдиқлашни талаб қилади. Ушбу даврда Конгода бўлган йўловчиларнинг аксариятига АҚШга йўналган тижорат рейсларига чиқишга рухсат берилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола вируси тарқалиши давом этмоқда. 2026 йил май ойидан буён касаллик 5 026 кишининг ҳаётига зомин бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси