Эҳтимолий янги раҳбар – Холид Машъал Ғазодаги қирғинни тўхтата оладими?
Таҳлил
−
23 Октябрь
3647Исроил кўчаларида катта байрамга сабаб бўлган ҲАМАС ҳаракатининг собиқ етакчиси Яҳё Синварнинг ўлимидан сўнг унинг ўрнига тайинланиши керак бўлган навбатдаги лидер номи ҳали ҳам расман очиқланмади. Яқин Шарқдаги кўплаб манбалар ҳаракат баъзи сабабларга кўра янги раҳбарнинг ким эканлигини сирлигича қолдириши ҳақида хабар бермоқда. ҲАМАС раҳбарияти атрофидаги хавфсизлик муаммолари ва мавжуд таҳдидлар туфайли ҳаракат шундай қарорга келган бўлиш эҳтимоли юқори. Чунки ортда қолган 3 ой давомида исломий қаршилик ҳаракатлари раҳбарлари ЦАХАЛ ва “Моссад” томонидан бирин-кетин йўқ қилинди. Ҳатто “Ҳизбуллоҳ”нинг марҳум етакчиси Ҳасан Насруллоҳдан сўнг унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган эҳтимолий вориси Ҳошим Сафи ад-Дин бу лавозимга тайинлангани расман эълон қилинмасидан илгари Исроил кучлари томонидан ўлдирилди. ҲАМАС эса шу ва қолган сўнгги воқеликлардан хулоса чиқарган ҳолда янги раҳбар ким эканлигини расман эълон қилиш ниятида эмас. Аммо шундай бўлишига қарамай, ҳаракатнинг навбатдаги етакчиси кимлиги деярли маълум. Бу катта эҳтимол билан 1996 йилдан 2017 йилгача худди шу лавозимда фаолият юритган 20 йиллик лидер Холид Машъалдир. Баъзи маълумотларга кўра, у аллақачон ҳаракат раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида масъулиятни ўз зиммасига олиб бўлган. ҲАМАС ва расмий Тель-Авив ўртасидаги зиддият ва Исроилнинг Ғазодаги бугунги қирғинлари шароитида Машъалнинг олдида қатор устувор масалалар мавжуд. Булар – Исроилнинг Ғазога босқинини тўхтатиш ҳамда маҳбусларни алмашиш борасидаги музокараларни ташкил қилиш ва ижобий натижаларга эришиш каби вазифалардир. Хўш, Холид Машъал ўзи ким, у ҲАМАС ва Фаластин сиёсий ҳаётида қандай из қолдирган ва унинг можародаги бугунги аҳамияти қандай? Қуйида шу ва бошқа мавҳумотларга ойдинлик киритамиз.
Қувғунликда ўтган ҳаёт
Холид Машъал 1956 йилда Ғарбий Соҳилдаги Силвад шаҳрида туғилган. 1967 йилда бўлиб ўтган 6 кунлик Араб-Исроил урушидан сўнг Ғарбий Соҳил Исроил томонидан оккупация қилингач, Машъалнинг оиласи Қувайтга кўчиб ўтишга мажбур бўлади. У 15 ёшида исломий ҳаракатга қизиқиб қолган ҳолда, Қувайтдаги Мусулмон Биродарларининг Фаластин бўлимига қўшилган. Машъал 1974 йилда Қувайт университетига кириб, у ерда физика бўйича ўқишни тамомлайди. У ўқишни тамомлагандан сўнг физика фанидан дарс бера бошлаши билан бирга Фаластин исломий ҳаракатидаги фаолиятини давом эттиради. 1984 йилга келиб, Машъалнинг исломий ҳаракатдаги фаолияти жиддий тус ола бошлади. У шу йили Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилда ижтимоий хизматлар тармоғини қуриш ва фаластинликларнинг ҳарбий салоҳиятини ривожлантириш учун йўлга қўйилган молиявий йиғим тизимига бор вақтини сарфлаш мақсадида ўқитувчиликни ташлайди. 1987 йилда Шайх Аҳмад Ёсин томонидан ҲАМАСга асос солингач, қаршилик ўқидаги узоқ йиллик хизматлари туфайли Машъал янги ҳаракатнинг Қувайтдаги етакчисига айланди. 1990 йилда Саддам Ҳусайн бошчилигидаги Ироқ кучлари Эрон билан бўлган 10 йиллик урушдан сўнг, йўқотишларни компенсация қилиш учун Қувайтга бостириб кирди. Саддам ўзининг бу юриши орқали Қувайт нефтига кўз тикканди. Саддам Қувайтни босиб олганига қарамай, бу узоқ давом этмади. 1991 йили АҚШ бошчилигидаги бирлашган коалиция кучлари “саҳро бўрони” номли операция орқали Ироқни тор-мор этган ҳолда Қувайтни озод қилди. Кейинчалик айнан шу ҳодиса Холид Машъалнинг ушбу мамлакатдаги фаолиятига нуқта қўйилишига сабаб бўлди. Қувайт 300 000 фаластинлик билан бирга Машъални ўз ҳудудидан чиқариб юборди. У Қувайтдан ҳайдалгандан сўнг Иорданияга бориб жойлашди ва энди бу гал ҲАМАСнинг шу ердаги идорасини бошқара бошлайди. 1992 йилдан бошлаб Холид Машъал ҲАМАСнинг халқаро алоқалари ва ҳаракат фаолияти учун маблағ йиғишга масъул бўлди. 1996 йилга келиб эса ҲАМАСнинг сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланади. Аслида мазкур лавозим бутун ҳаракат ичидаги энг юқори лавозим бўлса-да, амалда Машъал бундай кучга эга эмас, чунки бу пайтда ҳаракат асосчиси Аҳмад Ёсин ҳали тирик эди.
“Моссад” ва Машъал ижросидаги блокбастер
1997 йилда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҲАМАС томонидан уюштирилган бир қанча худкуш операциялар учун ҳаракатнинг сиёсий раҳбари сифатида Машъалдан қасос олишга киришади. У буни амалга ошириш учун “Моссад”га махсус топшириқ юклайди. “Моссад”нинг 8 нафар агенти Бош вазирнинг буйруғига кўра, сохта Канада паспортлари билан сайёҳ кўринишида Иордания пойтахти Амманга йўл олади. Махфий топшириқ амалга ошириладиган куни икки нафар агент ҲАМАС идораси офисининг кириш қисмида Машъалнинг изини пойлайди. Ҳадемай у кўриниш беради ва ўз кабинетига кираётган маҳал агентлардан бири унинг ортидан келиб, чап қулоғига унга секин таъсир қилувчи заҳар сепади. Аммо Машъалнинг қўриқчиларидан бири мазкур ҳужумни пайқагач, зудлик билан икки агентнинг изидан тушиб, уларни қочиб кетишидан олдин тутишга улгуради. Тез орада қолган агентлар ҳам қўлга олинади. Орадан маълум вақт ўтиб, Машъалнинг аҳволи оғирлашади. Заҳар қаттиқ бош оғриғи ва тинимсиз қусишга олиб келади. Холид Машъал зудлик билан касалхонага етказилади ва у ерда комага тушади. Воқеадан хабар топган Иорданиянинг ўша пайтдаги қироли Ҳусайн Талал Нетаньяхудан Машъалнинг қулоғига сепилган ҳалокатли заҳарга қарши антидот, яъни зидди заҳар юборишни талаб қилди. Аммо Ҳусайннинг бу ҳаракати у ҲАМАСни қўллаб-қувватлашидан эмас, балки Машъалнинг ўлими Иорданияда кенг кўламли норозилик намойишлари келтириб чиқариши ва бунинг оқибатида мамлакат жиддий сиёсий беқарорлик домида қолишидан хавфсирагани туфайли амалга оширилганди. Аммо дастлаб, Нетаньяху қиролнинг талабини бажаришдан бош тортди. Иордания эса бу борада кечаётган савдодаги нархни кўтарган ҳолда Исроил билан дипломатик алоқаларни узиш ҳамда гаровдаги 6 нафар “Моссад” агентининг ҳаёти билан таҳдид сола бошлади. Икки ўртадаги сиёсий можарога АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Билл Клинтон аралашгач, Нетаньяху қирол Ҳусайннинг талабини бажаришга мажбур бўлди. Суиқасд уюштирилганидан икки кун ўтиб, “Моссад” раҳбари Нетаньяхунинг розилиги билан Иорданияга учади ва зидди заҳарни Машъал комада ётган Қирол Ҳусайн тиббиёт марказидаги шифокорлар қўлига топширади. Исроилдан юборилган антидот орқали зарур чоралар кўрилгач, Машъал икки кунлик комадан чиқади ва унинг ҳаёти шу тарзда сақлаб қолинади. Бироқ Иордания бу билан ишни ёпмайди. Қирол Ҳусайн Исроил Бош вазири Нетаньяхудан ҳибсда сақланаётган ҲАМАС асосчиси Аҳмад Ёсинни озодликка чиқаришни ҳам талаб қила бошлайди. Бунинг эвазига эса ўртага яна “Моссад” агентларининг ҳаёти қайта тикилади. Нетаньяху бу музокараларда Иорданияга мутлақ таслим бўлган ҳолда агентлари учун жуда йирик бадал тўлаган Ёсинни озод қилишга мажбур бўлади.
Яна қувғунлар ва ҲАМАСни “қонунийлаштириш”
1999 йилда Иордания қироли Ҳусайн Талал вафот этди. Унинг тахтини эгаллаган ўғли Абдулла II эса тез фурсатларда ҲАМАСга қарши чоралар кўришни бошлаб юборди. Янги қирол ҲАМАСнинг фаолияти Фаластин маъмурияти ва Исроил ўртасидаги тинчлик музокараларига хавф туғдиришидан қўрқди ва ҳаракатни ноқонуний ташкилот сифатида квалификация қила бошлади. 1999 йил сентябрь ойида Иордания расмийлари ҲАМАСнинг бир нечта раҳбарларини, шу жумладан Холид Машъални Эронга ташрифидан қайтгани заҳоти ҳибсга олди. Улар ноқонуний ташкилот аъзоси бўлиш, қурол сақлаш, ҳарбий машқлар ўтказиш ва Иорданияни ўқув базаси сифатида ишлатишда айбланиб озодликдан маҳрум қилинди. Бироқ орадан маълум муддат ўтгач у озод қилиниб, Иорданиядан чиқариб юборилди. Машъал бу воқеадан сўнг қисқа муддат Қатарда, сўнг 2001 йилга келиб, Сурияга кўчиб ўтди ва пойтахт Дамашқда ҲАМАСнинг доимий штаб-квартирасини ташкил қилди. 2004 йилга келиб эса унда катта саҳнага чиқиш имконияти пайдо бўлди. Шу йили ҳаракат асосчиси ва руҳий етакчиси Шайх Аҳмад Ёсин Исроил кучлари томонидан ўлдирилгандан сўнг, Холид Машъал ниҳоят ҲАМАСнинг энг асосий раҳбари ва марказий шахсига айланди. Орадан икки йил ўтиб, 2006 йилда у ҳаракатни сиёсий тузилма шаклига келтиришга эришди. Шу йили ҲАМАС Фаластин маъмуриятининг парламент сайловларида қатнашди ва кўпчилик ўринларни қўлга киритди. Ҳатто ҳаракат аъзоси Исмоил Хония Фаластин маъмуриятида бош вазир бўлиб фаолият кўрсата бошлади. Бироқ ҲАМАСнинг Фаластинда қонуний тузилма сифатида кўрилиши халқаро санкцияларга олиб келди. Чунки халқаро ҳамжамият ҳаракатдан Исроилни тан олишни талаб қилар, аммо ҲАМАСнинг бош ғояси ҳаракат ташкил топгандан буён ўзгармасди. Шу тахлит Фаластиндаги фракциялар ўртасида зиддият авжига чиқди. Оқибатда ҲАМАС Ғарбий Соҳилни Фаластин маъмуриятига қолдириб, ўзи Ғазога йўл олди ва сектор устидан мустақил назорат ўрнатди. Холид Машъал эса ҳаракат бошқарувини Суриядан турган ҳолда бошқаришда давом этди. Унинг сиёсий бюро раҳбари сифатида 2012 йилгача бўлган фаолияти асосан асирлар алмашинуви билан эсда қолди. Хусусан, 2011 йилда ҲАМАС томонидан асирга олинган ЦАХАЛ аскари Гилад Шалит ўрнига нақд 1027 та фаластинлик маҳкум, жумладан Яҳё Синвар Исроил ва ҲАМАС ўртасида кечган ўзаро асирлар алмашинуви доирасида озод қилинди. Шундан сўнг ҳаёти асосан қувғунда ўтган Холид Машъал 2012 йилда яна бир шундай воқеани бошдан кечирди. “Араб баҳори” таъсирида Сурияда бошланган фуқаролар уруши 2012 йилга келиб кескин тус олди ва Машъал Сурияни тарк этиб, яна Қатарга қайтди. У ҳаракатни Сурия ҳукуматидан узоқлаштирди ва Дамашқдаги идораларини ёпди. Кўп ўтмай, Машъал Асадга қарши бўлган мухолифат кучларини қўллаб-қувватлашини эълон қилди ва бу билан катта хатога йўл қўйди. Чунки ҳаракат етакчисининг бу иши Сурия режимининг яқин иттифоқчиси бўлган Эроннинг ҳафсаласини пир қилди. Расмий Теҳроннинг бу норозилиги унинг ҲАМАСни молиялаштиришининг оқсашида яққол намоён бўлди. Эрон томонидан ҲАМАСга ажратиладиган 200 миллион доллардан ошиқроқ йиллик ёрдам кескин қисқарди. “Араб баҳори”нинг даҳшатлари ва Қатарга кўчиш эффекти Машъалнинг қарашларини ўзгаришига сабаб бўлди. У бу пайтга келиб ҲАМАСни қуролли қаршиликка эмас, балки оммабоп қаршиликка йўналтириш ниятини билдирди. Аммо етакчи ўзининг бу позицияси туфайли гуруҳ ичида қаршиликларга дуч келди ва 2012 йил охирида Исроил ва ҲАМАС ўртасида можаро яна қайталангандан сўнг Машъал қуролли қаршилик кўрсатишни давом этишини тасдиқлашга мажбур бўлди.
Ғазога илк ташриф
Холид Машъал ғазолик эмас ва у секторга 2012 йилда умрида илк бор ташриф буюрганди. 2011 йилда Ҳусни Муборак ағдарилиб, Мисрдаги ҳокимият алмашгандан сўнг, 2011 йилдан 2013 йилгача Миср ва Ғазо сектори ўртасидаги чегара ўтказиш пункти қайта очилди. Бу эса Машъалга 2012 йилда ҳаётида биринчи марта Ғазо секторига ташриф буюришга имкон берди. У ҲАМАС ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан секторга тўрт кунлик ташрифни амалга оширишга қарор қилди. Миср ва Ғазо ўртасидаги Рафаҳ чегара пунктига етиб боргач, ерга сажда қилганча йиғлаб юборди. Машъал ўзининг секторга қилган мазкур ташрифини “учинчи туғилиш” деб атади.
“Менинг биринчи туғилишим бу дунёга келишимдир. Иккинчиси эса заҳарланишдан тузалиб, омон қолганимда содир бэди. Ғазога ташриф бўлса учинчисидир. Худодан тўртинчи туғилишим эса бутун Фаластинни озод қиладиган кун бўлишини сўрайман”, деган Машъал.
Бошқарувдан кетиш ва бугунги қайтиш
Холид Машъал 2017 йилда сиёсий бюро раҳбарлигидан кетди. Унинг ўрнини ҳақиқий Ғазо резиденти ва ҲАМАСнинг сектордаги ҳукумати раҳбари Исмоил Хония эгаллади. Ҳаракат ичидаги бу ўзгариш бошқарувни хорижда яшовчи раҳбарларидан Ғазода яшовчиларга топширилишини англатарди. Машъалнинг Хония билан алмаштирилиши ҲАМАСга эски иттифоқчилар билан алоқаларни нормаллаштириш имконини тақдим қилди. Хусусан, 2012 йилда Холид Машъал туфайли Эрон билан ёмонлашган муносабатлар яна аввалги ҳолга қайтди. Хония ва Синвар каби янги раҳбарлар бунда асосий фигура бўлиб хизмат қилди. Аммо Машъалнинг ҳаракат таркибидан узоқлашиши ҳам узоқ давом этмади. У 2021 йилда ҲАМАСнинг диаспора масалалари билан шуғулланувчи раҳбари этиб сайланади. Шундан сўнг, ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги зиддият даврида маълум вақт сукунат ҳукмронлик қилди. Бироқ 2023 йилнинг 7 октябрида бутун дунёни ларзага солган мудҳиш воқеалар бошланди. Ортда қолган бир неча ой ичида эса ҲАМАС раҳбарияти таркиби катта тезликда сийраклашди. Ҳарбий қанот раҳбари Муҳаммад Дейф, сиёсий бюро раҳбарлари Исмоил Хония, ундан кейин шу лавозимни эгаллаган Яҳё Синвар бирин-кетин Исроил кучлари томонидан йўқ қилинди. Шу боис бугунги шароитда Машъал ҳаракат етакчиси ролида кўрилиши мумкин бўлган энг яхши номзодлардан бири сифатида пайдо бўлди. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, энди унинг олдида қирғинни тўхтатиш, маҳбусларни алмашиш жараёнини тиклаш ва якунда тинчликка эришиш каби борган сари ўта қийинлашаётган вазифалар турибди.