Дуров Telegram модерациясини яхшилашга ваъда берди
Технология
−
18 Январь
1030Telegram асосчиси Павел Дуров Францияда судда мессенжер модерациясини яхшилашни режалаштираётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Franceinfo” хабар берди.
“Павел Дуров уч адвокат иштирокида Telegram модерация жараёнларини яхшилаш мажбуриятини олишини ваъда қилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Дуров судда Telegram ҳар ойда дунё бўйлаб қонунбузарликлар сабаб 15-20 миллион фойдаланувчи аккаунтини ўчириб ташлашини маълум қилган. Бундан ташқари, сўнгги олти ой ичида Telegram ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик доирасида 10 минг фойдаланувчининг маълумотларини дунёнинг турли давлатларидаги ҳукуматларга тақдим этганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, Дуров 2024 йил 24 август куни кечқурун Франциянинг Ле Бурже аэропортида шахсий самолётдан тушаётганида қўлга олинганди. Тадбиркор Францияга Озарбайжондан келган. Унга олти хил қонунбузарлик бўйича айблов қўйилган, жумладан, Telegram платформаси ноқонуний транзаксияларни амалга ошириш мақсадида бошқарилгани учун жавобгарлик юкланган. Telegram асосчиси 5 миллион евро миқдоридаги гаров эвазига суд назорати остида қолдирилди ва унга Францияни тарк этиш тақиқланди.
2024 йил 6 декабрь куни Дуров Францияда унга қарши очилган иш доирасида илк бор Париж суди олдида гувоҳлик берди. Ушбу тергов Telegram нинг жиноятчилик фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигига оид даъволарни ўрганмоқда. Сўроқ тафсилотлари ошкор қилинмаган.