Дуров ҳибсга олиниши ортидан нималар содир бўлди?
Олам
−
25 Август
27979Telegram асосчиси Павел Дуров ҳибсга олинди. Унга терроризм, гиёҳвандлик, жиноий шерикчилик, фирибгарлик, пул ювиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, Telegram’даги педофилияга асосланган контент сингари бир қатор айбловлар қўйилди. Дуров билан боғлиқ воқеадан сўнг дунёда уни ҳар хил усуллар билан қўллаб-қувватлаш бошланди.
Жумладан, Россияда Дуровни қўллаб-қувватлаб, ҳештеглар туширилган футболкалар сотувга чиқарилди. Уларга Free Durov хештеги туширилган. Шу номдаги ботлар ҳам яратилмоқда.
Россиянинг Франциядаги элчихонаси мамлакат ҳукуматидан Павел Дуров иши бўйича тушунтириш беришни талаб қилди. Шунингдек, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, консулликка бу борада тегишли ҳуқуқ беришни ҳам сўраган. Аммо айни пайтда Франция томони бу масалада ўзаро ҳамкорлик қилмаяпти.
“Павел Дуров адвокати билан алоқада бўлиб турибмиз”, дейилган элчихона хабарида.
Шунингдек, Москвадаги Франция элчихонасида Россиянинг “Янги одамлар” партияси Дуровни қўллаб-қувватлаш митингини бошлади. Партия расмийлари турли минтақалардаги рус диаспорасидан Дуровни озод қилиш учун Франция элчихоналарига Тelegram логотипидаги қоғоз самолётларни ташлаб кетишга чақирган.
ТАСС ахборот агентлигига кўра, Дуровнинг ҳибсга олиниши Европа Иттифоқининг рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуни тамойилларига мос келади. Агентликнинг Брюссель юридик доираларидаги манбаларига таяниб ёзишича, ЕИнинг “Рақамли хизматлар тўғрисидаги” қонунида ижтимоий тармоқ ёки интернет-платформа оператори унда жойлаштирилган ҳар қандай контент учун жавобгар ҳисобланади.
“Шу билан бирга, “Рақамли хизматлар тўғрисидаги” қонун шахсий ёки жиноий жавобгарликни назарда тутмайди, бу борада Франция прокуратураси анча ўзгача йўл тутди. Европа Иттифоқининг мазкур қонунида операторнинг фақат юридик шахс сифатида жавобгарлиги ва жазолар соф иқтисодий хусусиятга эгалиги назарда тутилган”, дейилган хабарда.
Айрим оммавий ахборот воситаларига кўра, Павел Дуровнинг Францияда ҳибсга олиниши “Париждаги кечки овқат” номли махсус хизматларнинг тезкор операцияси натижаси бўлиши мумкин. Бундан кўзланган мақсад Россиянинг ахборот имкониятларини заифлаштириш ва АҚШнинг тарғибот-мафкуравий ва разведка аппарати назорати остидаги ижтимоий тармоқларнинг салоҳиятини ошириш эканлиги қайд этилмоқда. Дуров июнь ойида Теlegramʼда Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюриш ниятини билдирганди. Ундан кейин Озарбайжон, Покистон, Бангладеш, эҳтимол Афғонистонга бориш ҳам режалаштирилганди. Жумладан у Ўзбекистонга ҳам келган эди. Сафари ҳақида ҳам ёзиб, Ўзбекистоннинг 70 фоиздан ортиқ аҳолиси Теlegram'дан фойдаланишини айтганди.
Бакудаги ташрифдан сўнг, Дуровнинг шахсий самолёти шартли Карачи ёки Дакканинг ўрнига Парижга йўл олган. Баъзи наўрларнинг ёзишича, учувчилар Ғарб махсус хизматлари томонидан сотиб олинган. Тунги парвозда парвоз қайси йўналишда амалга оширилаётганини кузатиш мумкин эмас. Чегарадан ўтиш масаласида эса, АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Франция хизматлари тегишли чораларни амалга оширган.
Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев Дуров ишининг тезроқ ҳал этилишига умид билдирди.
“Мен Павел Дуров ва Теlegram жамоаси билан боғлиқ сўнгги воқеалардан чуқур афсусдаман ва Дуровни қўллаб-қувватлашимни билдирмоқчиман. Биз бу вазият тезроқ ҳал этилишига умид қиламиз”, деб ёзган у ўзининг Facebook саҳифасида.
Мадиев, шунингдек, пост тагига жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистонга келган Дуров билан тушган қўшма фотосурат, шунингдек, FreePavel хештегини жойлаган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса мамлакатнинг Париждаги элчихонаси томонидан Франция Ташқи ишлар вазирлигига Дуров билан консуллик алоқасини талаб қилиб нота юборилганини маълум қилди.
“Муаммо шундаки, Павел Дуров Франция фуқаролигига эга”, деган Захарова.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ SpaceX ва Теsla асосчиси Илон Маск Тelegram асосчиси Павел Дуровнинг ҳибсга олинишига муносабат билдирарганди.
LiveБарчаси