“Дунёга муҳим мессеж берамиз”. Путин ва Эрдўған Сочида нималар ҳақида гаплашди?
Олам
−
04 Сентябрь 2023
12260Бугун, 4 сентябрь Россия ва Туркия Президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тойиб Эрдўған Сочида музокара ўтказди. Бу ҳақда Кремль сайтида маълум қилинди.
Давлат раҳбарларининг учрашувидан сўнг, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Эрдўған учрашувидан кейин ҳеч қандай ҳужжат имзолаш режалаштирилмаганини маълум қилди. Шу билан бирга, у кенгайтирилган таркибдаги музокаралар конструктив ўтганини қайд этган.
Энергия масаласи
Путин ўзининг очилиш нутқида Россия яқин келажакда Туркияда газ хаби яратиш бўйича музокараларни якунлашга умид қилишини айтди. Унинг қўшимча қилишича, томонлар бу масала бўйича “илғор ютуқларга эришган”. Эрдўған, шунингдек, Россия Федерацияси билан газ бўйича “юқори ҳамкорлик” ҳақида гапирди ва Туркияда хаб ташкил этилиши мамлакат учун жуда муҳим эканини таъкидлади.
Путиннинг сўзларига кўра, Москва ва Анқара ҳар икки томоннинг асосий етказиб берувчилари ва истеъмолчилари ўртасида келишувга эришган.
“Айтганимдек, биз энергетика соҳасида жуда ишончли ҳаракат қилмоқдамиз, асосий етказиб берувчилар, ҳар икки томоннинг “двигател”лари ўртасида келишувларга эришилди. Умид қиламанки, шундай бўлади. Яқин келажакда биз бунга гувоҳ бўламиз”, деган Путин.
Шунингдек, Путин Россия газни Туркия орқали бошқа давлатларга транзит қилишга тайёр эканини маълум қилган. Унинг айтишича, Россия жорий йилнинг 9 ойида Туркияга 10 млрд куб метрдан ортиқ газ етказиб берган.
“Биз ҳудудий газ хабини яратишни таклиф қилдик, “Газпром” йўл харитаси лойиҳасини тақдим этди”, деган Путин музокаралар якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.
Бундан ташқари, Путин 2024 йилда Туркияда Аккую атом электр станциясининг биринчи блокини ишга тушириш режаларини маълум қилган. У Россия ядро ёқилғисининг биринчи партияси етказиб берилгандан сўнг, Туркия ядровий давлатлар клубига аъзо бўлганини айтган.
“Кейинги йил — ҳаммаси режа бўйича кетмоқда — биз биринчи блокни ишга туширамиз. Ҳамкорлигимизни давом эттириш учун қизиқарли вариантлар мавжуд. Ҳозир станцияда жуда катта малакали жамоа — салкам 25 минг одам ишлашда давом этмоқда”, деган Путин.
Эрдўған эса Туркия Россия билан Синоп шаҳрида республикадаги иккинчи АЭСни қуриш бўйича келишувга эриша олишига ишонч билдирган.
Дон келишуви
Музокаралар бошланишида Путин Эрдўғанга Москва дон битимини муҳокама қилишга қайтишга тайёрлигини айтди.
“Биламан, сиз дон битими бўйича саволлар бериш ниятидасиз. Биз бу борада музокаралар учун очиқмиз”, деган Путин.
Ўз навбатида, Эрдўған Украинадан ғалла экспорт қилиш ташаббуси бўйича Путин билан музокаралар Африка давлатлари ва бутун дунё учун аҳамиятли бўлишини айтган.
LiveБарчаси