Дунёга машҳур жосус АҚШ қамоқхонасида вафот этди
Олам
−
08 Январь 13228 2 дақиқа
АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (CIA) собиқ ходими, совет разведкаси фойдасига жосуслик қилган Олдрич Эймс 84 ёшида Мэриленд штати қамоқхонасида вафот этди. Бу ҳақда Федерал қидирув бюроси (FBI) вакилига таяниб, “CBS News” хабар берди.
Эймс АҚШ махсус хизматлари тарихидаги СССР томонидан энг самарали ёлланган ходимлардан бири ҳисобланади. У 1962 йилдан бошлаб CIA’да ишлаган ва асосан “совет йўналиши” бўйича фаолият олиб борган. Кейинчалик терговчилар билан суҳбатда Эймс 1985 йилда ўз ихтиёри билан Вашингтондаги СССР элчихонасига келиб, ҳамкорликни таклиф қилганини тан олган.
Бир неча йил давомида аввал совет, кейин эса Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган Эймс Ғарб разведкаларининг КГБ томонидан ёлланган камида ўн нафар агенти ҳақида маълумотларни ошкор қилган. Шунингдек, у CIA’нинг СССР ҳудудидаги махфий операцияларига оид муҳим сирли маълумотларни ҳам топширган. Эймс буни пул эвазига қилган бўлиб, умумий ҳисобда тахминан 2,5 миллион доллар олган. Кейинчалик у 1970 йилларда таниш бўлган “Правда” газетаси мухбири унинг қарашларига таъсир қилганини айтган.
FBI уни фақат 1993 йилда, фақат тор доирадаги шахсларгина хабардор бўлган махфий терговдан сўнг аниқлашга муваффақ бўлган. Маълумотларга кўра, Эймсни ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор унинг Москвага режалаштирилган сафаридан бир неча кун олдин қабул қилинган.
CNN’нинг ёзишича, Эймс иши CIA фаолиятида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлган. Хусусан, махфий маълумотларга эга бўлиш ҳуқуқига эга ходимлар доираси қисқартирилган, ходимларнинг молиявий аҳволи ва хорижий сафарлари устидан назорат кучайтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейганнинг ўғли Майкл Рейган 80 ёшида Лос-Анжелесда вафот этганди.
Live
Барчаси