Дунёдаги учинчи энг кичик давлат номини ўзгартирди
Олам
−
10:38 6633 2 дақиқа
Тинч океанида жойлашган ва дунёдаги аҳолиси энг кам давлатлардан бири ҳисобланган Науру давлати расмий равишда ўз номини Наоеро Республикаси деб ўзгартирди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, янги ном мамлакатнинг маҳаллий тилидаги тарихий номи ва тўғри талаффузига мослаштирилган. Эндиликда давлатнинг халқаро коди NRU ўрнига NRO бўлади. Шунингдек, мамлакат фуқаролари “наурулик” эмас, балки дей-Наоеро деб аталади.
Президент Девид Адеангнинг таъкидлашича, ном ўзгариши мамлакатнинг тарихий мероси, тили ва миллий ўзлигини янада тўлиқ акс эттиришга хизмат қилади. У бу ташаббусни йил бошида парламентга тақдим этган ва конституцияга тегишли ўзгартиришлар депутатлар томонидан икки босқичли овоз бериш орқали маъқулланган.
Ҳукумат баёнотига кўра, “Науру” номи халқаро миқёсда хорижликларга қулай бўлиши учун қўлланилган бўлса, “Наоеро” мамлакатнинг асл ва анъанавий номи ҳисобланади. 12 мингга яқин аҳолига эга Наоеро аҳолиси сони бўйича дунёда Ватикан ва Тувалудан кейин учинчи ўринда туради. Мамлакат 1968 йилда мустақилликка эришган. Бир вақтлар фосфат қазиб олиш ҳисобига катта даромад топган давлат кейинчалик иқтисодий инқирозга юз тутган.
Ҳозирда Наоеро иқлим ўзгариши оқибатида денгиз сатҳининг кўтарилиши хавфи остида қолаётган давлатлардан бири саналади. Шу сабаб ҳукумат инфратузилмани ҳимоя қилиш ва аҳолини хавфсиз ҳудудларга кўчириш учун хорижий инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Расмийларга кўра, номнинг ўзгартирилиши мамлакат учун “миллий ғурурнинг янги босқичи”ни бошлаб беради. Ҳукумат аллақачон бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан янги номни расман тан олишни сўраган.
Маълум бўлишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек Австралия, Янги Зеландия ҳамда минтақадаги АҚШ ва Хитойнинг дипломатик ваколатхоналари ўз расмий ресурсларида мамлакат номини Наоеро сифатида қайд этишни бошлаган.
Маълумот учун, мазкур жараён жорий йилнинг 29 январь куни Президент Девид Адеанг томонидан мамлакат номини ўзгартириш бўйича конституциявий тузатиш парламентга киритилиши билан бошланган. 12 май куни эса парламент ушбу ўзгаришни маъқуллаиб, июнь ойида Науру ҳукумати янги номни халқаро даражада тан олиш учун БМТга мурожаат қилган. Шундан сўнг Наоеро номи БМТнинг расмий маълумотларида акс эттирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро гимнастика федерацияси (FIG) ўз номини расмий равишда ўзгартириб, эндиликда федерация Жаҳон гимнастикаси номи остида фаолият юритишини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси