Дунёдаги илк натрий-ион батареяли электромобиль намойиш этилди
Технология
−
16:34 1605 2 дақиқа
Хитойнинг Changan Automotive компанияси жорий йилнинг ўрталарида автомобиль бозорига натрий-ионли аккумулятор билан жиҳозланган дунёдаги илк Nevo А06 электромобилини олиб кирада. Бу ҳақда “Gizmochina” хабар берди.
Маълумотларга кўра, ушбу лойиҳа литийга боғлиқликни камайтириш мақсадида амалга оширилмоқда. Changan Automotive’нинг Naxtra қувват элементлари туфайли янги технология анъанавий литий-ион батареялардан кўра самаралироқ ишлаши мумкин.
Автомобиль 45 кВт/соат сиғимга эга бўлиб, бир қувватланишда 400 км масофани босиб ўта олади. Changan Automotive муҳандислари яқинда Мўғулистоннинг совуқ ҳудудларида Nevo А06 моделини муваффақиятли синовдан ўтказиб, натрий-ионли батареяларнинг совуқ иқлимга чидамлилигини исботлаган. Синовлар давомида аккумулятор –30 даражада нормал қувватланиб ишлаган. −50 даражагача бўлган ҳароратда ҳам у функциясини йўқотмаган.
Бу айрим ҳудудларда, жумладан, Скандинавия, Канада, Россия ва Марказий Осиёда қиш фаслида электромобиллардан фойдаланиш муаммосини ҳал қилиш учун ишлаб чиқилган технологик ечим ҳисобланилади.
Натрий кўплиги ва арзонлиги туфайли, истеъмолчилар ҳамда ишлаб чиқарувчилар уни тез орада глобал миқёсда асосий энергия манбаи сифатида тан олиши кутиляпти. Ҳозирча ушбу маҳсулот фақат Хитой бозори учун мўлжалланган бўлса-да, мутахассислар АҚШ ва Европа автогигантлари тез орада ушбу арзон ва чидамли технологияга ўтишига ишонч билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда магнит тортиш кучига эга, икки сонияда 700 км/соат тезликка чиқа оладиган вагон-платформа синовдан ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.
Фарангиз Суннатова
Live
Барчаси