Дунёда ядро каллаклари сони ошди – SIPRI

Олам

image
Триададан тактик ракеталаргача: кимларнинг қўлида ядро қуроллари бор? north_east

Триададан тактик ракеталаргача: кимларнинг қўлида ядро қуроллари бор?

Дунёда 12 мингдан ортиқ ядро каллаклари мавжуд ва ядро синовлари сони 2000 дан ошди. Бу ҳақда Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) хабар берди.  

Қайд этилишича, “ядро клуби” деб аталувчи тўққизта давлат – АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Корея де-юре ёки де-факто ядро қуролига эга ва ўз арсеналларини модернизация қилишда давом этмоқда. 

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, ядро қуролидан фойдаланиш хавфи совуқ уруш давридан бери энг юқори даражага етган. Ўсиб бораётган геосиёсий таранглик ва халқаро қуролларни назорат қилиш механизмларининг заифлашуви шароитида ядровий кучайиш таҳдиди тобора реал бўлиб бормоқда. АҚШ 1945 йилда ядро қуролини ишлаб чиққан. Америкалик олимлар атом бомбасини Иккинчи жаҳон уруши пайтида амалга оширилган махфий Манхэттен лойиҳасининг бир қисми сифатида яратган. Синов Нью-Мексико чўлида бўлиб ўтган. Янги ишланма бир ойдан камроқ вақт ўтгач қўлланилган ва 6-9 август кунлари Қўшма Штатлар Хиросима ва Нагасакига атом бомбаларини ташлаган.

Ядро қуролларини бекор қилиш бўйича халқаро кампания маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакат арсеналида тахминан 5000 ядро каллаклари мавжуд. Улардан 1700 таси ҳушёр ҳолатда, қолганлари омборларда сақланади ёки демонтаж қилинишини кутмоқда. Америка ядро стратегияси “ядро триадаси” тамойилига асосланади. Қитъалараро баллистик ракеталар, ракетали ядровий сувости кемалари ва стратегик бомбардимончи самолётлар. Ушбу тизим кутилмаган ҳужум содир бўлган тақдирда ҳам жавоб зарбасини кафолатлайди. Баъзи тактик ядро қуроллари НАТОнинг Европадаги базаларида – Германия, Италия, Бельгия, Нидерландия ва Туркияда жойлашган. Расмий жиҳатдан улар Қўшма Штатларга тегишли, аммо НАТОга аъзо давлатлар Вашингтон рухсати билан ҳарбий тўқнашув юз берганда ҳам улардан фойдаланишлари мумкин. 

Ҳисоб-китобларга кўра, Қўшма Штатлар ўтган йили ўзининг ядровий арсеналини сақлаш ва модернизация қилиш учун тахминан 50 миллиард доллар сарфлаган. 1949 йилда Совет Иттифоқи Семипалатинск полигонида биринчи атом бомбасини синовдан ўтказган. Физик Игорь Курчатов бошчилигидаги синов “биринчи чақмоқ” код номини олган. Россия ядро қуролини миллий хавфсизлик кафолати ва тўхтатувчи восита деб билади. Ўтган йили Москва ўз арсеналини сақлаш ва ривожлантириш учун тахминан 9 миллиард доллар сарфлаган. Россияда 5500 га яқин жанговар каллаклар мавжуд бўлиб, улар ракеталар, сувости кемалари ва самолётлардан ҳам “ядро триадасини” ташкил эта олади. 

Хитой ҳукумати қуролланиш пойгасида иштирок этмаётганини ва арсеналини миллий хавфсизликни таъминлаш учун зарур бўлган минимал даражада ушлаб туришини даъво қилмоқда. Бироқ Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти ҳисоб-китобларига кўра, Пекин ўзининг ядровий арсеналини фаол равишда кенгайтирмоқда ва модернизация қилмоқда. Мамлакатда 600 га яқин жанговар каллаклар мавжуд, бу уч йил аввалгидан икки баравар кўп. Пентагон беш йил ичида бу рақам 1000 дан ошишини башорат қилмоқда. Бундан ташқари, Хитой ҳозирда Гансу, Гуангси ва Шинжон-Уйғур автоном районларида силосли учириш мосламаларини, шунингдек, учта йирик ракета мажмуасини фаол равишда қурмоқда.

Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институтига кўра, Исроил арсеналида 90 тагача ядро каллаклари бўлиши мумкин. Таҳлилчиларнинг фикрича, ракеталарга жойлаштирилмаган жанговор каллаклар омборларда сақланади. Исроилнинг ядро қуролини етказиб беришнинг асосий усули ҳаво кучлари эканлигига ишонилади. Покистон Мудофаа вазирлиги халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг халқаро келишувлар билан тартибга солинмаган ядровий салоҳиятига эътибор қаратишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2030 йилга бориб Хитой 1 мингдан ортиқ ядро каллакларини жойлаштириш имкониятига эга бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

Моҳичеҳра Қадамова

 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ НАТО Россия Хитой ядро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг