Дунёда вақтни ҳисоблаш тизими ўзгариши мумкин

Олам

−

image

Дунёнинг 69 давлати вакиллари вақт ҳисобида қўлланадиган кабиса сониядан воз кечиб, унинг ўрнига “кабиса соати” тизимини жорий этишга келишди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Маълум қилинишича, қарор кеча, 15 октябрь куни Францияда бўлиб ўтган Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси конференциясида қабул қилинган. Янги тизим 2027 йилдан жорий этилиши режалаштирилган. Бироқ вақтни бир соатга ўзгартириш зарурати минглаб йиллардан кейингина юзага келиши мумкин.

Ҳозирда Ернинг айланишидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш учун мувофиқлаштирилган универсал вақтга (UTC) зарурат туғилганда бир сония қўшилади. Бу кабиса сонияси деб аталади. Бироқ бундай ўзгаришлар компьютер тизимлари, алоқа тармоқлари, сунъий йўлдошлар ва электр тармоқларида носозликларни келтириб чиқариши мумкин.

Масалан, 2012 йилда кабиса сонияси қўшилганида айрим компьютер тизимлари 61 сониялик дақиқага мослаша олмаган. Натижада серверлар ишламай қолган, Reddit ва LinkedIn сайтларида узилишлар кузатилган. Qantas авиакомпанияси рейслари ҳам кечиккан.

Олимларнинг тушунтиришича, Ернинг айланиш тезлиги доимий эмас. У сайёранинг суюқ ядроси, океанлардаги ўзгаришлар ва атмосфера оқимлари каби табиий омиллар таъсирида ўзгаради. Умуман олганда, Ернинг айланиши узоқ муддатда секинлашиб бормоқда, бироқ сўнгги ўн йилликда унинг тезлашиши ҳам кузатилган.

Шу сабабли мутахассислар вақтни мослаштириш учун илк бор бир сонияни олиб ташлашга тўғри келиши мумкинлигидан хавотирга тушган. Бундай ўзгариш манфий кабиса сонияси деб аталади. Олимлар келгуси ўн йилликда бунга эҳтиёж туғилиш эҳтимолини 30 фоиз деб баҳолаган.

Янги тизимга кўра, мувофиқлаштирилган универсал вақт астрономик вақтдан бир соатгача фарқ қилиши мумкин. Шундан кейингина вақтни бир соатга тузатиш талаб этилади. Бу эса компьютер тизимларида тез-тез юз берадиган кичик ўзгаришларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Маълумот учун, 1967 йилдан бери бир сония цезий атомининг 9 миллиард 192 миллион 631 минг 770 марта тебраниши асосида белгиланади. 1972 йилдан буён эса универсал вақтни Ернинг айланишига мослаштириш учун 27 марта кабиса сонияси қўшилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ернинг айланиш тезлиги ўзгариб бораётгани сабабли жаҳон вақти Ернинг айланишига боғлиқ бўлмаган тизимга ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг