2029 йил Ерда вақт бошқа йиллардагидан қисқароқ бўлиши мумкин
Бу қизиқ
−
25 Февраль
76792029 йилда олимлар Ернинг айланиш тезлиги ошгани сабабли бир сонияни қисқартиришга мажбур бўлади. Бу сайёрада биринчи марта содир бўладиган ҳодиса. Калифорния университетининг Сан-Диегодаги профессори Данкан Эгнью олиб борган шу ҳақдаги тадқиқоти “Nature” илмий журналида чоп этилди.
Қайд этилишича, Ернинг айланиш тезлиги доимий ўзгариб туради. Бунга сайёра юзасида ва ички қатламларида кечаётган жараёнлар сабаб бўлади. Масалан, зилзилалар ва сув тошқинлари Ернинг ҳаракатига таъсир қилади. Хусусан, ер ядросининг фаоллиги сайёранинг айланишини тезлаштиради.
“Шу билан бирга, қутбларда музларнинг эриши бу жараённи секинлаштиради, чунки сув массаси экватор томон силжиб, Ернинг айланишини сусайтиради. Агар музларнинг эриши бўлмаганда эди, қўшимча сонияни олиб ташлаш 2026 йилда амалга оширилган бўларди”, дейилади тадқиқотда.
Шу сабабли, 2029 йилда олимлар Ернинг айланиши тезлашгани ҳисобига халқаро вақт тизимидан бир сонияни олиб ташлашлари керак бўлади.
Россиянинг Физико-техник ва радиотехник ўлчовлар бўйича илмий-тадқиқот институти мутахассислари ҳам Ернинг айланиш тезлиги сўнгги йилларда ғайритабиий даражада ошаётганини тасдиқлаган. Уларнинг билдиришича, ушбу ҳодиса сабаб 2029 йилга бориб, халқаро вақтдан бир сония олиб ташлаш шарт бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рочерстер технология институти ходими Эндрю Хаверли иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун денгиз тубида 81 гигатоннали термоядровий бомба портлатишни таклиф қилган эди. Портлаш океан тубидаги деярли 4 триллион тонна базальтни майда бўлакларга айлантиради ва бу табиий жараён орқали атмосферадаги карбонат ангидрид газини сўриб олишга ёрдам беради. Натижада сўнгги 30 йилдаги барча чиқиндилар йўқ қилинади.