Дунёда озиқ-овқат нархлари камида 32 йиллик рекордни янгилади

Олам

image

Жорий йилнинг март ойида дунёда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари камида 1990 йилдан бери рекорд даражага етди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) пресс-релизида айтилган.  

“2022 йил март ойида ФАО Озиқ-овқат нархлари индекси ўртача 159,3 пунктни ташкил этди, бу февраль ойидаги кўрсаткичдан 17,9 пунктга ёки 12,6 фоизга кўпдир ва бу мисли кўрилмаган ўсиш натижасида ФАО Озиқ-овқат нархлари индекси уни юритиш бошланган 1990 йилдан бери энг юқори даражага етди”, дейилади хабарда.

Ташкилотда қайд этилишича, бу ўсиш ўсимлик мойлари, дон маҳсулотлари ва гўшт нархларининг рекорд даражада ошиши, шунингдек, шакар ва сут маҳсулотлари нархининг сезиларли даражада кўтарилиши билан боғлиқ. 

Ўсимлик мойи нархлари индекси февраль ойига нисбатан 23,2 фоизга ёки 46,9 пунктга ошиб, 248,6 пунктни ташкил қилган. Сут маҳсулотлари ҳам қимматлашган, нархлар индекси март ойида 2,6 фоизга ёки 3,7 пунктга (145,2 пунктгача) ошган. Индекс еттинчи ой кетма-кет кўтарилган. Энг кўп қуруқ сут ва сариёғ нархи ошган. 

Дон баҳоси индекси март ойида 24,9 пунктга ёки 17,1 фоизга (170,1 пунктгача) ўсган. Энг кўп буғдой (19,7 фоиз) ва ем-хашак донлари (20,4 фоиз) ошган. 

Гўшт нархи рекорд даражадаги 120 пунктгача кўтарилган. Шакар нархлари индекси март ойида 117,9 пунктни ташкил этган (ўсиш 7,4 пункт ёки 6,7 фоиз). 

Нархларнинг ошиши, биринчи навбатда, можаро туфайли Украинадан ва нисбатан камроқ Россиядан экспорт қилишдаги узилишлар билан боғлиқ.


Мақола муаллифи

Теглар

нарх озиқ-овқат

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг