Дунёда миллионерлар шиддат билан кўпаймоқда – ҳисобот
Бу қизиқ
−
30 июн 1172 3 дақиқа
Бойлар бойишда давом этмоқда. 2025 йилда дунёда қарийб 1 миллион нафар янги доллардаги миллионер пайдо бўлди – бу кунига ўртача 2,6 минг нафар демакдир. Бу ҳақда Швейцариянинг UBS банки томонидан эълон қилинган янги “Глобал бойлик ҳисоботи”да келтирилган.
Ўтган йили сайёрадаги жами шахсий бойлик ҳажми 10,8 фоизга ошган ва бу кўрсаткич 2024 йилдаги 4,6 фоиз ҳамда 2023 йилдаги 4,2 фоизлик ўсишга нисбатан сезиларли даражада тезлашган. UBS тадқиқотига кўра, бундай кескин ўсишнинг асосий драйверларидан бири молиявий бозорлардаги нархларнинг тез суръатларда кўтарилиши бўлган.
2025 йилда дунёда ҳар қачонгидан кўра кўпроқ миллионерлар пайдо бўлган. Уларнинг умумий сони 1,5 фоизга ўсиб, ҳар куни 2680 нафарга кўпайган. Ушбу ўсишнинг қарийб ярми Америка Қўшма Штатлари ҳиссасига тўғри келган ва у ерда етти хонали капитал эгалари сафи 441 000 дан ортиқ кишига кенгайган.
“Оддий миллионерлар” (Everyday millionaires) тоифасидан фарқли ўлароқ, бутун дунё бўйлаб энг бадавлат гуруҳларнинг (бойлиги 5 миллион доллардан юқори бўлганлар) сони ва капитали мўътадилроқ – йилига ўртача 7-8 фоизга ўсган. Бироқ айрим мамлакатларда икки хонали ўсиш суръатлари қайд этилган. Бу борада мутлақ етакчи материк Хитойи бўлган, у ерда 50 миллион доллардан 100 миллион долларгача бўлган сегментда капиталнинг йиллик ўртача ўсиш суръати 31 фоизга яқинлашган. Барча учта гуруҳда ($5–10 млн, $10–50 млн ва $50–100 млн) барқарор икки хонали кўрсаткичларни намойиш этган Австралия иккинчи ўринни эгаллаган. АҚШда эса ушбу тоифалардаги темп жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан бирозгина яхшироқ бўлган, холос. Бирлашган Араб Амирликларида бойлиги 10 миллион доллардан ортиқ бўлган миллионерлар сони 10 фоиздан кўпроққа, 50–100 миллион долларлик сегментда эса деярли 12 фоизга ошган.
Европа минтақасида бойликнинг АҚШ валютасидаги ўсиши номутаносиб равишда тез бўлган. UBS экспертлари бу динамикани асосан ўтган йили доллар курсининг еврога нисбатан тушиб кетгани билан изоҳлаган.
Шу билан бирга, дунёда ўртача фаровонлик кўрсаткичи ошгани фонида, 2020 йилдан буён тенгсизлик янада чуқурлашган. Шкаланнинг ўртасидаги асл ҳолатни аниқроқ акс эттирувчи медиана бойлик қийматлари кўплаб давлатларда пасайган. Бу эса энг бадавлат фуқаролар ва қолган аҳоли ўртасидаги фарқнинг катталашиб бораётганини кўрсатади.
Ҳисоботда турли мамлакатлардаги инвестиция қилиш маданиятининг фарқлари ҳам кузатилади. Масалан, Швеция, Исроил ва Тайванда ялпи бойликнинг 80 фоиздан ортиғи молиявий активларга тўғри келади. Бу ҳатто дунёдаги энг йирик фонд бозорига эга АҚШдаги кўрсаткичдан ҳам (79 фоиз) юқоридир. Бунинг қарама-қарши қутбида эса Туркия ва Ҳиндистон жойлашган бўлиб, у ерда молиявий воситалар улуши мос равишда атиги 20 фоиздан кам ва 26 фоизга яқинни ташкил этади. Бу давлатларда инвесторларнинг шахсий капитали анъанавий тарзда кўчмас мулк ва бошқа номолиявий активларга йўналтирилади.
Бадавлат инвесторлар 2025 йилда ўзларининг умумий портфелининг ўртача 20 фоизини санъат асарларида сақлаб турган. UBS экспертлари геосиёсий шокларга қарамай, бу кўрсаткич охирги олти йил давомида барқарор қолаётганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, арт-объектларга (санъат намуналарига) инвестиция киритиш улуши инвестор капиталининг умумий ҳажми ўсиши билан тўғридан тўғри ошиб боради.
Ҳисобот учун берилган махсус интервьюда иқтисодиёт бўйича 2025 йилги Нобель мукофоти лауреати Жоэль Мокир давлатларнинг узоқ муддатли фаровонлигини таъминловчи бош омил жисмоний капитал эмас, балки инсон салоҳиятини ривожлантириш ва илмий кўникмаларни (STEM) жамлаш эканини қайд этган. Унинг фикрича, иқтисодий самарадорлик жиҳатидан сунъий интеллектни (СИ) ортда қолдиришга қодир келажак технологиялари термоядровий синтез, тиббиётдаги матрицали РНК технологиялари (mRNA технологиялари) ҳамда ёшартириш ва умрни узайтириш технологиялари бўлади.
Live
Барчаси