Дунёда халқаро сайёҳлар сони 4 фоизга ошди

Бу қизиқ

image

Ўтган йили дунё бўйича 1,52 миллиард нафар халқаро сайёҳ қайд этилган. Бу 2024 йилга нисбатан қарийб 60 миллион кишига ёки 4 фоизга кўп дегани. Бу ҳақда БМТ ҳисоботида келтирилган.

Маълумотларга кўра, ушбу кўрсаткичлар пандемиягача бўлган ўсиш тенденцияларига қайтишни акс эттиради. Натижаларга юқори талаб, йирик бозорлардаги барқарор динамика ҳамда Осиё ва Тинч океани минтақасида сайёҳлар оқимининг тикланиши сабаб бўлган. Авиқатновлар ва виза хизматларининг кенгайтирилиши ҳам 2025 йилда халқаро саёҳатларни қўллаб-қувватлайди.

БМТ Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Шайх ал-Нувайснинг билдиришича, туризм хизматлари соҳасида инфляция юқори бўлишига ва геосиёсий кескинлик туфайли ноаниқлик сақланиб қолишига қарамай, йил давомида саёҳатларга бўлган талаб юқори даражада қолган.

Ўтган йил бўйича 12 ойлик маълумотларни тақдим этган айрим давлатларда халқаро сайёҳлар сони икки хонали ўсишни кўрсатган. Етакчи давлатлар қаторида Бразилия (37 фоиз), Миср (20 фоиз), Марокаш (14 фоиз) ва Сейшел ороллари (13 фоиз) қайд этилган.

Маълум қилинишича, 2025 йилда туризмдан олинган даромад рекорд даражадаги 2,2 триллион долларга етган.

Прогнозларга кўра, 2026 йилда халқаро туризм 2025 йилга нисбатан 3–4 фоизга ўсади. Бу Осиё ва Тинч океани минтақасида тикланиш жараёни давом этиши, глобал иқтисодий шароитлар қулай ҳолда қолиши ва геосиёсий можаролар кучаймаслиги шарти билан боғлиқ. Айни пайтда мавжуд геосиёсий кескинлик ва можаролар туфайли юзага келаётган ноаниқликлар жорий йилда туризм учун хавфларни оширмоқда.

Шу билан бирга, Италияда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинлари ҳамда футбол бўйича Жаҳон чемпионати (Канада, АҚШ ва Мексика) каби йирик халқаро тадбирлар халқаро саёҳатлар ҳажмининг ошишига ўз ҳиссасини қўшади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга 10,7 миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюргани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

турист халқаро сайёҳ туризми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг