Дунёда илк бор фалаж аёл космосга парвоз қилди (видео)
Олам
−
22 Декабрь 2958 2 дақиқа
Европа космик агентлиги муҳандиси, германиялик Мичаэла Бентҳаус Америка тижорий космик компанияси Blue Origin томонидан ташкил этилган қисқа космик миссияда иштирок этди. 20 декабрь куни у New Shepard кемасида 11 дақиқа давом этган суборбитал парвозни амалга оширди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, Германиянинг Кил шаҳрида туғилган 33 ёшли Бентҳаус белдан паст қисми фалаж бўлган ҳолда космосга учган биринчи инсон бўлган. У 2018 йилда велосипеддан йиқилиб тушиши оқибатида жароҳат олган ва шундан буён ногиронлар аравачасида ҳаракатланади.
“Ростини айтсам, бу ҳаётимдаги энг ажойиб тажриба бўлди. Менимча, ҳеч қачон орзулардан воз кечмаслик керак. Улар рўёбга чиқиши учун ҳар доим оз бўлсада имконият бор”, деган аёл.
Унинг сўзларига кўра, у болалигидан, “Юлдузлар жанги” фильмини томоша қилганидан кейин космосга қизиқа бошлаган.
New Shepard экипажи таркибига Бентҳаусдан ташқари яна 5 нафар киши кирган, улар орасида яна бир германиялик аэрокосмик муҳандис Ҳанс Кёнигсманн ҳам бўлган. У 2021 йилгача Илон Маскка тегишли SpaceX компаниясида муҳандис бўлиб ишлаган.
“Ер ва унинг атмосферасини кўриш ҳайратланарли, аммо қора фон мен ўйлаганимдан ҳам чуқурроқ бўлиб чиқди”, деган Кёнигсманн.
Мазкур миссия америкалик миллиардер Жефф Безосга тегишли бўлган Blue Origin компаниясининг 16-парвози бўлди. Компания маълумотига кўра, сўнгги йилларда космик экспресс-парвозларда қарийб 80 нафар бадавлат мижоз, жумладан, америкалик машҳурлар ҳам иштирок этган. Бироқ чипта нархлари ошкор қилинмайди.
Баъзи танқидчилар New Shepard парвозларини тўлиқ космик парвоз деб ҳисобламайди, чунки бу кўп марталик кема фақат суборбитал баландликкача кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг “Союз МС-28” космик кемаси Қозоғистондаги Байқўнғир космодромидан Халқаро космик станция (ХКС)га учирилганди.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь