Дунёда ҳар йили инсультдан неча киши вафот этади?
Бу қизиқ
−
29 Октябрь 2021
4684Ҳар йили 29 октябрь куни бутун дунёда Бутунжаҳон инсультга қарши кураш куни (World Stroke Day) нишонланади. Бу кун 2006 йилда Бутунжаҳон инсультга қарши кураш ташкилоти томонидан ушбу касалликка қарши глобал курашда шошилинч чоралар кўришга чақириш мақсадида ташкил этилган.
Аммо бугунги кунда нишонланадиган сананинг тарихи 2004 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инсультни глобал эпидемия деб эълон қилган пайтдан бошланган.
Бугунги кунда Бутунжаҳон инсультга қарши кураш ташкилоти 3,5 мингдан ортиқ индивидуал аъзоларни ва 85 мамлакатдан 60 дан ортиқ ташкилотни ўз ичига олади. Булар инсультга қарши курашувчи олимлар, илмий ташкилотлар ва жамиятлардир.
Инсульт — мия қон айланишининг ўткир бузилиши бўлиб, бу касаллик ўчоқли ёки умумий неврологик белгиларнинг пайдо бўлиши билан тавсифланади. Инсультни қўзғатиши мумкин бўлган омиллар юқори қон босими, қандли диабет, холестерин даражасининг юқорилиги, семизлик, жисмоний ҳаракатсизлик, чекиш ва спиртли ичимликларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилишдир.
Ушбу касаллик дунёда ўлим ва ногиронликнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда инсультдан 6,7 миллион киши вафот этади. Қон томир касалликлари ўлимнинг ярмидан кўпини ташкил қилади. Инсульт, асосан, 55-60 ёшдан ошган беморларда содир бўлган бўлса, ҳозирда бундай ҳолатларнинг учдан бир қисми меҳнатга лаёқатли ёшдаги (25-50 ёш) одамларда учрайди.
Ўлим сабаби сифатида у юрак ишемик касаллиги ва саратондан кейин учинчи ўринда туради. Бу касалликдан ўлим даражаси ҳар 100 минг кишига 175 нафарни ташкил қилади.
Миллий инсульт регистрига кўра, касалликка чалинганларнинг 31 фоизи ёрдамга муҳтож, 20 фоизи ўзи юра олмайди ва тирик қолганларнинг фақат саккиз фоизи аввалги ишларига қайтиши мумкин.
Инсультни олдини олишнинг энг муҳим усулларидан бири барча макро ва микроэлементларни ҳисобга олган ҳолда яхши овқатланишдир. Кўпинча, инсульт хавфи рационни созлаш орқали сезиларли даражада камайиши мумкин.
Бутун дунёда касалланишнинг ўсиши муаммосини ҳал қилишда профилактика чоралари катта аҳамиятга эга. Уларнинг аксарияти Бутунжаҳон инсультга қарши кураш кунига тўғри келади.
Зеро, кун доирасида ўтказилаётган тадбирлар ва кампанияларнинг асосий вазифаси инсульт муаммоси, биринчи тиббий ёрдамни тўғри ва ўз вақтида кўрсатишнинг аҳамияти ва, албатта, профилактика чоралари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини, айниқса, ёшларни хабардор қилишдан иборат.
LiveБарчаси