Дунё етакчилари Туркияга ҳамдардлик билдирмоқда
Олам
−
24 Октябрь
31730Анқара яқинидаги терактдан сўнг дунё етакчилари Туркияга ҳамдардлик билдирмоқда. Бу ҳақда уларнинг ўзлари ва матбуот хизматлари ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларда эълон қилмоқда.
Хусусан, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ҳамдардлик телеграммаси йўллади. Оқўрда хабарига кўра, Тўқаев Туркия раҳбарига “TUSAŞ” аэрокосмик корпорацияси биносида одамлар ўлимига сабаб бўлган теракт муносабати билан ҳамдардлик билдирган.
“Мен фожиа ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдим. Қозоғистон тинч аҳолига қарши қаратилган бу ғайриинсоний ҳаракатни кескин қоралайди. Ушбу оғир дамда, ўрнини ўнглаб бўлмас йўқотишнинг аччиқ-чучугини қурбонларнинг оила аъзолари билан баҳам кўрган ҳолда, сизга ва бутун турк халқига самимий ҳамдардлик билдираман. Жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайман”, дейилади телеграммада.
НАТО Бош котиби Марк Рютте ҳам терактни қоралади.
“Анқарада ҳалок бўлганлар ва яраланганлар ҳақидаги хабарлар чуқур ташвиш уйғотмоқда. НАТО сифатида иттифоқдошимиз Туркиянинг ёнидамиз. Биз терроризмнинг ҳар қандай кўринишини кескин қоралаймиз ва воқеалар ривожини диққат билан кузатиб борамиз”, деб ёзди у Х’даги постида.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам турк халқи ва ҳукумати билан бирдамликда эканини билдирди.
Россия Президенти Владимир Путин ҳам Қозондаги BRICS саммити доирасида Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашуви олдидан ҳамдардлик билдирди.
“Анқарадаги террор ҳужумини қоралайман. Туркияга ҳамдардлик билдираман”, деди Путин.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 октябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳридан 40 километр шимолдаги Қаҳрамонказан туманида жойлашган ҳарбий самолётлар ва космик техника ишлаб чиқарувчи “TUSAŞ” корпорацияси биноси яқинида теракт содир бўлганди. Террорчилар Турк аэрокосмик саноати (TAI) объектларига ҳужум уюштирган. Терактдан сўнг воқеа жойига тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва хавфсизлик гуруҳи етиб борган.
Бугун, 24 октябрь куни Туркия Ички ишлар вазири теракт қурбонлари сони 5 кишига етгани, жароҳатланганлар сони 22 кишини ташкил қилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужумга мамлакатда фаолияти тақиқланган Курдистон ишчилар партияси террор ташкилоти алоқадор бўлиши мумкин. Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг айтишича, террорчиларнинг шахси ва уларнинг ҳар қандай ташкилотга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар шахсни аниқлаш ишлари якунланганидан кейин оммага эълон қилинади.