Дунё етакчилари Дубайда нега йиғиляпти?
Олам
−
30 Ноябрь 2023
11072Бугун, 30 ноябрь куни Яқин Шарқнинг молиявий ва технологик маркази Дубайда 140 дан ортиқ давлат раҳбарлари иштирокида Бутунжаҳон иқлим саммити очилади. Мазкур саммитда Бирлашган Араб Амирликлари БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (COP28) иштирокчиларининг 28-конференцияси раиси ва дунёдаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида халқаро ҳамжамиятни қазиб олинадиган ёқилғидан узоқлашмасдан туриб, кам углеродли келажакка эришиш мумкинлигига ишонтирмоқчи.
Бу йил COP28 раиси этиб тайинланган, БАА саноат ва илғор технологиялар вазири бўлиб ишловчи ҳамда Абу-Даби миллий нефть компанияси ADNOC раҳбари Султон бин Аҳмад Ал-Жобир углеводородлардан фойдаланишни қисқартириш масъулиятли ёндашувни талаб қилишини бир неча бор таъкидлаган. Ал-Жобир анъанавий ёқилғидан босқичма-босқич воз кечиш муқаррар эканини тан олса-да, иқлим ўзгаришига қарши курашда, углеродни ушлаш, утилизация қилиш ва сақлаш каби замонавий технологик ечимлардан фойдаланиш устувор вазифа бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Бошқа йирик нефть қазиб олувчи давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган бу концепция саммит иштирокчилар ўртасидаги глобал исишга қарши курашнинг энг яхши ёндашуви бўйича туб фарқларни очиб бериши мумкин.
Дубайда 12 декабрга қадар давом этадиган анжуманда турли мамлакатлардан 70 мингдан ортиқ делегатлар, жумладан, давлат раҳбарлари, йирик бизнес ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, тадқиқотчилар, экспертлар ва журналистлар иштирок этиши кутилмоқда.
Саммит кун тартиби
Иқлим бўйича саммитда делегацияларнинг асосий вазифаси Париж келишуви мақсадларига эришиш йўлидаги тараққиётни таҳлил қилиш бўлади. Маълумки, Париж келишуви 2015 йил 12 декабрда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясининг 21-конференцияси якунлари бўйича қабул қилинган. Ўшанда конференция иштирокчилари 2100 йилга бориб сайёрадаги ўртача глобал ҳароратнинг икки даражадан ошиб кетишига йўл қўймаслик ва исишни 1,5 даражагача ушлаб туриш чораларини кўришга келишиб олган.
Бу галги COP28’да эса томонлар биринчи марта Париж келишувининг глобал инвентаризациясини ўтказади. Бу жараён халқаро ҳамжамиятни иқлим бўйича мақсадларга эришишга йўналтира оладиган юқори даражадаги режани ишлаб чиқишга олиб келиши керак. Кейин ҳукуматлар ушбу глобал режани миллий сиёсатларига интеграция қилиши ва 2025 йилда БМТга тараққиёт ҳақида ҳисобот бериш керак.
Конференциянинг яна бир мақсади – қурғоқчилик, сув тошқинлари ва денгиз сатҳининг кўтарилиши каби иқлим ўзгариши оқибатларидан зарар кўрган мамлакатларга ёрдам бериш учун дунёдаги биринчи иқлим фондини яратиш. Саммитдан бир неча ҳафта олдин ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар вакиллари фонднинг бошқарув тузилмаси бўйича келишиб олди. Бундан ташқари, конференциянинг дастлабки кунларида БАА ҳукумати тоза энергияга сармоя киритишни рағбатлантириш учун 25 миллиард долларлик махсус жамғарма ташкил этилишини эълон қилиши кутилмоқда.
Жаҳон етакчиларининг иштироки
Expo City Dubai кўргазмасида бўлиб ўтадиган анжуманда иқлим ўзгаришига қарши курашга бағишланган юзлаб тадбирлар ўтказилади. Икки кун давомида – 1 ва 2 декабрь кунлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари миллий баёнотларини эълон қилиб, уларда ўз мамлакатларининг экологик муаммолар, озиқ-овқат хавфсизлиги, табиий офатлардан ҳимоя қилиш, яшил энергия, кам ривожланган мамлакатларни иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этишда қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича позицияларини етказишга ҳаракат қилади.
Олий даражадаги сегмент БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг нутқи билан очилади. Яқин Шарқнинг бошқа давлатларидан делегацияларга, хусусан, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд, Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Баҳрайн Қироли Ҳамад бин Исо Ал Халифа ва Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси бошчилик қилади. Бундан ташқари, саммитда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Исроил Президенти Ицхаак Герцог ва Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос иштирок этиши маълум қилинган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси котибияти томонидан эълон қилинган юқори даражадаги сегмент иштирокчиларининг расмий рўйхатига кўра, COP28 кўргазмасида бир нечта Европа раҳбарлари, жумладан Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак, Германия канцлери Олаф Шольц, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Испания Бош вазири Педро Санчес, Польша Президенти Анжей Дуда ва Сербия Президенти Александр Вучич ҳам иштирок этади.
Шунингдек, конференцияда COP28 иқлим ўзгариши мақсадларини қитъанинг турмуш даражасини яхшилаш ва мамлакатларнинг экстремал об-ҳавога чидамлилиги каби бошқа интилишлари билан бирлаштириш имконияти бўлишини кутаётган 30 дан ортиқ Африка етакчилари ҳам қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиши маълум қилинганди. У Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Дубай шаҳрида бўлади.
LiveБарчаси