Дунё янги совуқ уруш даврига киряпти – Расмий Анқара
Олам
−
18 Апрель 2022
20198Туркия Президентининг расмий вакили Иброҳим Калиннинг фикрича, Украина атрофидаги вазият туфайли дунё янги совуқ уруш даврига кирди. Бу ҳақда у Истанбулда АҚШ Конгресси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда сўз очган.
“Биз янги даврга, янги совуқ урушга қадам қўймоқдамиз. Биз унинг келажакдаги таъсирига тайёр бўлишимиз керак. Кўп жабҳаларда – озиқ-овқат, энергия, киберхавфсизликда тайёр бўлишимиз керак”, дейди у.
Калин, Анқаранинг Россия ва Украина ўртасидаги муаммога ечим топиш учун саъй-ҳаракатларини давом эттиришига ишора қилган. Аввалроқ Туркия урушни тугатиш учун томонлар ўртасида муҳим учрашувлар ўтказганини эслатган. Унинг қайд этишича, умид бор эди, лекин ҳозир ҳамма нарса анча мураккаблашган. Минтақадаги хавфсизлик чора-тадбирлари билан боғлиқ ҳолда Калин, Туркиянинг Монтрё конвенциясини қўллаш орқали ҳарбий кемаларнинг ҳудудга киритилмаслигини таъминлаб, Қораденгиздаги хавфларни камайтиришга ёрдам берганини қайд этди.
Туркиянинг АҚШ билан НАТО доирасидаги ҳамкорлиги мавзусига ҳам тўхталган Калин, “икки давлат ўзаро таъсир ва яқинлашиш бўйича стратегик мавзуларга эътибор қаратишлари керак” деб таъкидлаган.
“НАТО давлатларининг бир-бирига нисбатан санкциялар қўллаши иттифоқчилик руҳига зид. Минтақамиздаги вазият алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради”, дейди у.
Эрдўғаннинг вакили АҚШнинг Туркияга нисбатан Анқара Россиядан С-400 зенит-ракета комплексларини сотиб олгани сабабли жорий қилинган бир қатор чекловчи чораларини назарда тутган. Хусусан, Вашингтон Анқарани Ф-35 қирувчи самолётлари дастуридан чиқариб ташлади.
LiveБарчаси