Дунё мотам тутмоқда. Ғазодаги шифохонанинг портлатилиши халқаро миқёсда қораланди
Олам
−
18 Октябрь 2023
13222Кеча, 17 октябрь куни Ғазода жойлашган шифохонага авиабомбалар ташланди. Оқибатда, ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар сони 800 нафардан ошди.
Исроилнинг ушбу қилмишини халқаро ташкилотлар ва етакчи давлат раҳбарлари кескин қоралаб чиқди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш “Ғазо секторидаги шифохонага уюштирилган ҳужум оқибатида юзлаб фаластинлик тинч аҳолининг ўлдирилганидан даҳшатга тушган"ини маълум қилди.
Бош котиб, шунингдек, фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва уларни иш билан таъминлаш агентлигининг Яқин Шарқдаги мактабларидан бирига уюштирилган ва камида 6 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумни ҳам қоралаган.
Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель ҳодиса инсонпарварлик қоидаларига тўғри келмаслигини таъкидлаган.
"Биз бу маълумотни ҳозиргина олдик. Тасдиқланганга ўхшайди. Фуқаролик инфратузилмасига қилинган ҳужумлар гуманитар стандартларга тўғри келмайди", деган Мишель журналистларнинг саволига жавобан.
Исроилнинг Ғазо секторини тўлиқ блокада қилинишига ҳам тўхталган Еврокенгаш раҳбари "бу ҳам халқаро меъёрларга мос эмаслигини" тан олган ва бу ҳақдаги саволларга тўлақонли жавоб беришни истамаган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам Ғазо шаҳридаги шифохонага уюштирилган ҳаво ҳужумини кескин қоралаб чиқди. Ташкилотга кўра, ушбу тиббиёт муассасасида "беморлар, тиббиёт ходимлари ва ҳамширалар бўлган ва тинч аҳоли орасидаги ярадорларга бошпана сифатида хизмат қилган".
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Ғазо секторидаги шифохонага уюштирилган ҳужум учун айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.
"Ал-Аҳли шифохонасига қилинган ҳужум ва жуда кўп қурбонлар бўлганидан қайғудаман. Тиббиёт ходимлари ва тинч аҳоли бор бўлган шифохонага қилинган ҳужумни оқлаб бўлмайди. Барча фактларни аниқлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш керак”, деб ёзган у Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Яқин Шарқ бўйича резолюция лойиҳасини ушбу ҳужумни қораловчи жумлалар билан тўлдиришга чорлади.
АҚШ Президенти Жо Байден Ғазо секторидаги шифохонага уюштирилган ҳужум ҳолатлари текширилаётганини айтган. У “шифохонадаги портлашдан ҳайратда ва чуқур қайғуда” эканини маълум қилган.
“Бу ҳақда билганимдан сўнг, мен Иордания қироли Абдуллоҳ II ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан гаплашдим ва миллий хавфсизлик гуруҳига айнан нима бўлгани ҳақида маълумот тўплашни буюрдим”, дейди Байден ўз баёнотида.
Унинг сўзларига кўра, “АҚШ можарода тинч аҳоли ҳимоясини сўзсиз қўллаб-қувватлайди ва зарба натижасида ҳалок бўлган беморлар, тиббиёт ходимлари ва бошқа бегуноҳ одамлар учун мотам тутади”.
Эрон Президенти Иброҳим Раисий Ғазо секторидаги Ал-Аҳли шифохонасига қилинган ҳужумни уруш жинояти, деб атади ҳамда бу ишда АҚШ ва Исроилни айблади.
"Америка ва Исроил бомбаларининг алангаси Ғазо шифохонасида ётган бегуноҳ фаластинликларни қамраб олади. Бундай жиноят қабул қилиниши мумкин эмас. Ислом умматининг бир қисми бўлган Эрон мотам тутмоқда”, деди Раисий.
Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху буни террорчиларнинг иши деб атади.
"Бутун дунё билиши керак: Ғазодаги касалхонага Исроил мудофаа кучлари эмас, ваҳший террорчилар ҳужум қилди. Бизнинг болаларимизни шафқатсизларча ўлдирганлар ўз фарзандларини ҳам ўлдирмоқда", деб ёзди Исроил Бош вазири ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
LiveБарчаси