Дронлар ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи ягона тизим шакллантирилади
Жамият
−
21:08 485 2 дақиқа
Ўзбекистонда учувчисиз авиация воситалари ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи ягона рақамли ахборот тизимини шакллантирилиб, парвоз ҳудудларини аниқ белгилаш ва улардан фойдаланиш тартиблари жорий этилади.
Келгуси ўқув йилидан Транспорт университетида учувчисиз авиация тизимлари бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш ва таълимни амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 4 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган иқтисодиёт тармоқларида учувчисиз авиация тизимларидан фойдаланишни кенгайтириш ва соҳани тартибга солишга доир тақдимотда сўз боради.

Маълумотларга кўра, глобал дрон бозори йилига 10-15 фоиз суръат билан ўсиб бормоқда. Ушбу технологияларни иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиш мамлакатимизда ҳам иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, юқори малакали мутахассисларга талабни ошириш ва янги технологик йўналишларни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.
Шу муносабат билан тақдимотда Ўзбекистонда учувчисиз авиация тизимларидан фуқаролик мақсадларида фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, соҳада тадбиркорлик ва инвестиция фаолияти учун қулай шароитлар яратишга қаратилган таклифлар кўриб чиқилган.

Шу билан бирга, учувчисиз авиациядан фойдаланишни кенгайтириш парвозлар хавфсизлиги ва фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлайдиган замонавий тартибга солиш механизмларини ишлаб чиқишни талаб этади.
Бугунги кунда дронлардан фойдаланишнинг ягона қоидалари, уларни ҳисобга олиш ва парвозларни мувофиқлаштириш, етказилган зарарни қоплаш ҳамда суғурталаш механизмларини такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Шу мақсадда учувчисиз авиация воситалари ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи ягона рақамли ахборот тизимини шакллантириш, парвоз ҳудудларини аниқ белгилаш ва улардан фойдаланиш тартибларини жорий этиш бўйича таклифлар билдирилган.
Тақдимотда ушбу янги йўналиш учун малакали кадрлар тайёрлаш ва инновацион экотизимни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.
Хусусан, келгуси ўқув йилидан Транспорт университетида учувчисиз авиация тизимлари бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш, таълимни амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш, ёшларнинг замонавий авиация технологияларига қизиқишини қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбари томонидан мутасаддиларга илғор хорижий тажриба асосида учувчисиз авиация тизимларини иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилган.