Дон шартномасидан чиқиш Россияга қимматга тушади – Салливан
Олам
−
17 Июль 2023
11272АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан дон шартномасидан чиқиш Россияга қимматга тушишини айтди. Бу ҳақда у “CBC News” телеканалининг “Face the Nation” кўрсатувида гапириб ўтган.
“Агар Россия дон битимини узайтиришдан бош тортса, бутун дунёдан, жумладан, Жанубий Африка, Лотин Америкаси ва Осиё мамлакатларини арзон нархларда зарур озиқ-овқат билан таъминлашдан юз ўгирганини айтади”, дейди Салливан.
Унинг сўзларига кўра, Москва келишувни узайтиришдан бош тортгани учун катта дипломатик бадал тўлашига тўғри келади.
“Вашингтон ҳар қандай сценарийга тайёр ва бу масалада Украина томони билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”, дейди АҚШ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси.
Маълумот учун, ўтган йилнинг 22 июль куни Истанбулда халқаро бозорларга озиқ-овқат ва ўғит етказиб бериш бўйича ҳужжатлар тўплами (Дон келишуви) имзоланган. Дастлаб шартномалар 120 кунга тузилган бўлса, 2022 йилнинг ноябрь ойида улар худди шу муддатга узайтирилган. Шу йилнинг 18 май куни Россия келишув муддатини 60 кунга, яъни 17 июлга қадар узайтиришини эълон қилиб, бу вақт БМТ билан имзоланган меморандумнинг бажарилишини баҳолаш учун етарли бўлишини огоҳлантирган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги барча келишувлар пакетидан фақат Қора денгиз ташаббуси амалга оширилаётганини, Россия Федерацияси ва БМТ меморандуми доирасида ҳеч нарса қилинмаганини таъкидлаган. 30 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳозирча келишувларни узайтириш тарафдори ҳеч қандай сабаб кўрмаётганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дон бўйича келишув узайтирилиши ёки узайтирилиши ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмаслигини билдирганди. Аммо Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия раҳбари Владимир Путин дон шартномасини узайтиришга рози бўлганини маълум қилганди.
Бундан олдин Путин дон битими доирасида Россия учун ҳеч нарса қилинмагани, бу бир томонлама ўйин эканини айтганди.
Шунингдек, аввалроқ ТАСС агентлиги манбаларига таяниб, дон шартномасини узайтириш тўғрисидаги қарор сўнгги дақиқада қабул қилинишини маълум қилганди.