“Дон келишуви” тугади ёхуд Россия дунёни оч қолдирмоқчи
Таҳлил
−
22 Июль 2023
16171Гоҳ тузилиб, гоҳ бузиладиган дон келишуви. Айтганидан қайтавериб чарчамаган, Ғарбдан аразлаган Россия, буғдойини сотолмаётган Украина, ўртада балогардон ва сарсон Туркия. Мана бир йилки, бутун дунё шу ўйиндан безор.
Ўзи дон келишуви нима эди? Унинг аҳамияти қандай? Нега бу мавзу сира тинчимайди? Бугун мана шулар ҳақида гаплашамиз. Тайёр туринг.
Россия ва Украинанинг бошини бир қилган “Дон йўлаги”
Бошқача қилиб айтганда “Қора денгиз ташаббуси” БМТ, Россия, Украина ва Туркия ўртасида 2022 йилнинг июнь ойида имзоланган халқаро келишув эди.
Украина уруш бошланмасидан аввал дунё бўйича етакчи буғдой, маккажўхори, кунгабоқар ёғи каби озиқ-овқат маҳсулотлари экспортчиси саналар эди. Бу экспорт эса асосан Қора денгиз бўйлаб амалга оширилган. Масалан, биргина 2021 йилда Украина 5,87 миллиард долларлик буғдой экспорт қилган ва булар асосан Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Африка давлатларига тўғри келган. Украина буғдой экспортининг асосий йўналишлари Миср (851 миллион доллар), Индонезия (640 миллион доллар), Покистон (594 миллион доллар), Нигерия (490 миллион доллар) ва Эфиопия (440 миллион доллар) саналган. Мазкур мамлакатларга Украина жами 45 миллион тоннадан ортиқ дон экспорт қилар эди.
Бироқ, Россия томонидан “махсус операция” эълон қилинганидан сўнг, асосан, буғдой ташиладиган Қора денгизда аҳвол кескинлаша бошлади. Украинанинг қирғоқ бўйи ҳудудлари агрессия ва блокадага учраши оқибатида у буғдойни денгиз йўли орқали ташиш имкониятидан маҳрум бўлди.
Аввалига Украина ҳам Россия ҳам буғдой бўйича ҳеч қандай келишув учун ҳаракат қилмайди ва можаро билан андармон бўлади. Аммо кўп ўтмай Миср, Ливан ва Нигерия каби мамлакатларда иқтисодий муаммолар пайдо бўлиб, миллионлаб одамлар қашшоқликдан азият чекишни бошлайди.
2022 йил 25 апрелда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған можаронинг глобал муаммолар, жумладан, озиқ-овқат, энергия ва молияга таъсирини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказади. Эртаси куни эса Гутерриш Россия Президенти Владимир Путин билан ҳам мулоқот қилиб, бўлиб ўтган суҳбатни “жуда фойдали” деб баҳолайди. Икки кун ўтиб, 28 апрелда Гутерриш Украина Президенти Владимир Зеленский билан ҳам мулоқот қилади.
8 июль куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров агар Украина ўз портлари атрофидаги сувни минадан тозаласа, Россия дон экспортига рухсат беришини айтади. Уч кун ўтиб, 11 июлда Зеленский Эрдўған билан Украина портларини блокдан чиқариш ва ғалла экспортини қайта йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида музокаралар ўтказганини маълум қилди.
Ниҳоят 13 июль куни Россия, Туркия ва Украина ҳарбий делегациялари Истанбулда БМТ делегацияси билан учрашди. 2022 йилнинг 22 июль кунига белгиланган келишувни имзолаш маросимида Гутерриш, Эрдўған, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу, Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков ва Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар қатнашади.
Мазкур келишув томонлар учун кутилган натижани жуда тез берди. Масалан, келишувдан сўнг икки ой ичида Украинадан йўлга чиққан кемалар сони 400 тага етиб бўлганди.
29 октябрь куни барига нуқта қўйилди
Айнан шу куни Россиянинг Севастопольдаги Қора денгиз флотига катта миқёсли дрон ҳужуми уюштирилади. Асосий нишонлар Россия ҳарбий кемалари бўлиб, уларга юқори аниқликда ва узоқ масофага ҳужум қилувчи ракеталар Украина ҳудудидан учирилган эди. Шу муносабат билан Россия ҳукумати буғдой келишувини номаълум муддатга тўхтатганини расман эълон қилди ва Украинанинг кемалари йўлга чиқиши тўхтатилди. Туркия ва БМТ ташаббус кўрсатиб, Россия ҳукумати билан музокараларни бир кун ўтиб бошлаб юборади. Улар Россиянинг бу иши Африка давлатларининг миллионлаб аҳолисини оч қолдириши мумкинлигини айтиб, уни бу қароридан қайтаришга тиришади. Аммо “аразлаган” Россия томони бу вақтда келишув тўхтагани ва бунинг учун Африка давлатларига “компенсация” беришга ҳам тайёр эканини маълум қилади. 1 ноябрь куни эса Владимир Путин келишувдан чиқмаганини аммо “қатнашишни тўхтатганини” билдиради.
Аммо 2 ноябрь куни Туркия Мудофаа вазирлиги Туркия байроғи остидаги юк кемалари Россиянинг дон битимидаги иштироки тўхтатилганига қарамай, “Украинадан озиқ-овқат экспорт қилишда давом этади”, деб баёнот берaди. Шундан сўнг Ражаб Тойиб Эрдўған яна Россия Президентига қўнғироқ қилиб, буғдой келишувини яна муҳокама қилишга кўндиради.
Эрдўған бу муҳим вазифани уддалагани шу куннинг ўзида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги келишувга қайтганини расман эълон қилиб чиққанидан сўнг аён бўлди.
“Дон келишуви”дан Россиянинг кўнгли тўлмадими?
Россия ҳукумати бот-бот буғдой келишуви фақат Ғарб манфаатларига хизмат қилишини таъкидлаб, бунда Россия манфаатлари инобатга олинмаётганидан нолиб турарди. 22 декабрда Россия бош вазири ўринбосари Виктория Абрамченко НТВ телеканалидаги Поздняков дастурига берган интервюсида ғалла бўйича келишув ҳали ҳам Европа Иттифоқи манфаатларини кўзлаб бир томонлама амалга оширилаётганини айтади. Унинг сўзларига кўра, 16 декабрда жами 561та кема дон битими доирасида йўлга чиққан бўлса, Европа Иттифоқига 6,4 миллион тонна ғалла, шундан 43 фоизи маккажўхори ва 29 фоизи буғдойга тўғри келган. Туркияга бўлса икки миллион тоннадан ортиқ ғалла жўнатилган.
Бошқа томондан эса Туркия ҳукумати келишувнинг самарасини юқори баҳолаб, “Ғалла келишуви” туфайли буғдой нархи бир тонна учун 440 доллардан 320 долларга тушаётганини иддао қилди. Бундай қулай имконият сабаб Қора денгизда сузаётган Украина кемалари сони 500 тадан ортганда дастлабки келишув бўйича 19 ноябрда тугаши керак бўлган асосий муддат яна 120 кунга, яъни 2023 йилнинг 18 мартигача узайтирилади. Аммо Россия томони муддат 120 кунга эмас, атиги 60 кунга узайтиришни кўзлаган эди. Бунинг сабабини изоҳлар экан 14 март куни Дмитрий Песков шундай дейди:
“Дон шартномаси”ни 60 кунга узайтириш Россия томонидан яхши ният ишорасидир, чунки унинг Россия Федерациясига тегишли иккинчи қисми ҳали якунланмаган”.
Шунингдек, Россия ҳукумати Бош вазири ўринбосари Сергей Вершинин бунга сабаб сифатида Россия озиқ-овқат ва ўғитлар етказиб бериш масаласида олдинга силжиш бўлмаганини кўрсатган. Қолаверса, Россия ҳукумати Украина буғдойига чекловлар олиб ташланган ҳолда, Россиянинг Украинадан тортиб олган ёки ўз ҳудудида етиштирган буғдой ва ғалла маҳсулотларига Ғарб санкциялар қўллаганидан нолиб келди.
Хусусан, Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небеньзя БМТ Хавфсизлик Кенгашида шундай баёнот беради:
“Агар Брюссель, Вашингтон ва Лондон Украинадан денгиз гуманитар коридори орқали озиқ-овқат экспортини давом эттиришдан чин дилдан манфаатдор бўлса, улар Россия қишлоқ хўжалиги секторига киритилган санкцияларидан озод қилишлари учун икки ой вақтлари бор. Акс ҳолда, биз БМТ Бош котибининг пакет концепциясини қабул қила олмаймиз”.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик ўз баёнотида келишув амал қилган муддат ичида 25 миллион метрик тонна (тахминан 28 миллион тонна) дон ва озиқ-овқат маҳсулотлари 45 мамлакатга юборилгани, бу эса глобал озиқ-овқат нархларининг пасайишига ва барқарорлашувга ёрдам берганини айтади. 18 март куни Россия ва Украина Туркия ва БМТ мезбонлик қилган музокараларда келишувни яна камида 60 кунга узайтиришга келишиб олишади.
“19 мартда тугайдиган дон битими муддати узайтирилди. Биз икки томон (Россия ва Украина) билан олиб борган музокаралар туфайли келишувнинг янги муддатига узайтирилишини таъминладик”, деб маълум қилади Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакат ғарбидаги Чаноққалъа шаҳрида.
Россия ҳукумати шундан кейин ҳам барибир буғдой келишувига салбий қарашларини тўхтатмайди. 2 кун ўтиб баёнот берган Владимир Путин келишув тўлиқ амалга оширилмаётганига шама қилиб, атиги 3 фоиз буғдой Африкага етиб борганини таъкидлайди.
“Агар биз дон шартномасини узайтирмасликка қарор қилсак, бу донни Африкага текин етказиб берамиз”, деган Путин.
31 март куни Туркия Миллий Мудофаа вазирлиги озиқ-овқат келишуви доирасида Европага 40%, Африка мамлакатларига эса 3 % эмас, 12% ғалла ташилгани ҳақида маълумот тақдим этди.
Шундан кейин Россия томони ғалла шартномасининг Россия қисми умуман амалга оширилмаётгани, тўсиқлар сақланиб қолаётгани ва ҳатто янада қаттиқлашаётгани каби янги баҳоналар ўйлаб топа бошлади. Шундай дея Россия кемаларни текширишга тўсқинлик қилишни ҳам бошлаган.
“Ўртакаш” Эрдўған
Туркия раҳбари Эрдўған яна майдонга тушди ва яна россиялик ҳамкасблари билан мулоқот қила бошлади. 17 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған буғдой келишуви яна икки ойга узайтирилганини эълон қилади. Шу куни Россия ва Украина Туркия ва БМТ билан ҳамкорликда келишувни яна 60 кунга яъни июль ойининг ўрталарига қадар узайтиришга келишиб олишгани оммавий ахборот воситаларида тарқатилади. Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков дон бўйича келишув муддати 18 июльгача узайтирилганини тасдиқлайди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам дон шартномаси узайтирилганини тасдиқлар экан, музокараларда “нисбий натижа” борлигини айтди. Хусусан “Росселхозбанкни” SWIFTга улаш имконияти ҳақида гапирар экан, уни “блокдан чиқаришга тенг” вариантлар ишлаб чиқилаётганига умидлар борлигини ҳамда Россия аммиакини етказиб бериш муаммосини ҳал этиш бўйича ҳам иш давом этаётгани ҳақида баёнот беради.
Дон келишувини бир неча бор узайтиришнинг асосий омили сифатида Эрдўған ва Путиннинг яқиндан мулоқоти деб кўрилади. Хусусан, Эрдўғаннинг таъкидлашича, Россия каби давлатлар билан муносабатларда мувозанатли ёндашиш керак, лекин Ғарб буни қилмаяпти. Эрдўған бундай ёндашув янада муваффақиятли бўлар эди, дея Путинни юпатишга уринган.
“Москва Қора денгиз ташаббусини кенгайтириш истиқболларини кўрмаяпти”
22 май куни БМТ Украинанинг Пивденний портига етиб келган кемалар камлигидан хавотир билдиради. Шундан сўнг Украина ва АҚШ Россияни 29 апрелдан бери Пивденнийга йўл олган кемалар текширувини тўхтатиб, келишувни бузганликда айблайди.
“Россия ва БМТ ўртасида дон келишуви доирасидаги ўзаро англашув меморандуми бажарилмаяпти ва Москва Қора денгиз ташаббусини кенгайтириш истиқболларини кўрмаяпти”, дея бунинг сабабини изоҳлаган Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили Василий Небеньзя 6 июнь куни.
13 июнда Владимир Путин журналистлар билан учрашувда шундай баёнот берди:
“Бизга донимиз репрессияга дучор бўлмайди, деб ваъда беришди, аммо биз яна алдандик. Айни пайтда ҳукумат билан келишувдан чиқиш тўғрисида бош қотиряпмиз”.
Шундай сўнг халқаро таҳлилчилар Россия субутсизликда, келишувга эришиб бўлгандан сўнг атайин уни бузишда айблай бошлади. Эртаси куниёқ Дмитрий Песков келишувдан чиқиш фақат унинг муддати тугаганидан кейингина амалга ошиши мумкинлигини айтди ва Украинани буғдой келишувини тижорийлаштиришда айблади. 17 июнь куни Африка делегациясини қабул қилган Владимир Путин Украина ғалласини жаҳон бозорларига етказиб бериш қашшоқлик ва очлик муаммоларини ҳал қилишига ишонмаслигини, келишувдан натижа йўқлигини қайта ва қайта таъкидлади.
8 июлда Анқарада Украина ва Туркия Президентлари Владимир Зеленский ва Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Эрдўған, Туркия дон йўлагини икки йилга узайтириш мажбуриятини олганини айтди. Зеленский эса оммани дон йўлаги тақдири Россияга боғлиқ эмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилади.
10 июлда “ТАСС”га берган интервьюсида Россия Федерациясининг Федерация Кенгаши қўмитаси раиси Виктор Бондарев Туркиянинг нодўстона қадами Европа иттифоқининг босимидан кейин пайдо бўлди ва бу ғалла шартномасининг амалда бекор қилинишини ҳам англатишини маълум қилади. Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам шу куни баёнот бериб, Россия Президенти Путиндан конструктив реакция кутаётганини, Киев аллақачон тайёрлигини билдиради.
Антониу Гутерриш идораси БМТ Бош котиби Путинга дон битимини узайтириш таклифи билан мактуб юборгани ҳақида хабар тарқатди. Гутерриш таклифининг мақсади Қишлоқ хўжалиги банки фаолиятидаги тўсиқларни бартараф этиш ва “Қора денгиз ташаббуси”нинг кейинги ишини таъминлашдан иборат бўлиб, у келишувнинг ҳар икки қисмини уйғунлаштириш таклифини ҳам илгари суради.
13 июль куни Владимир Путин – “Россия учун дон келишуви доирасида ҳеч нарса қилинмади – бир эшикли ўйин”, деб яна аразлаганнамо баёнот берди.
Путиннинг бу гапидан бир кун ўтиб Туркиянинг ҳукмрон партияси Эрдўған “дон келишуви” якунланишига қадар Путин билан музокаралар ўтказиши кутилаётгани, Анқара инқирознинг чўзилиб кетишини истамаслигини билдирди. Шу куни АFR Эрдўғанга таяниб Путин дон шартномасини узайтиришга рози бўлди, деб хабар берди. Аммо буни Дмитрий Песков тезкорлик билан рад этди.
15 июль куни БМТ Мувофиқлаштирувчи Маркази ҳам энг камбағал мамлакатлар дон битими бўйича жўнатилган маккажўхорининг атиги 10 фоизини ва буғдойнинг 40 фоизини олгани ҳақида хабар тарқатади.
17 июлда келишув бўйича сўнгги кема Одесса бандаргоҳини тарк этди. Шу куни Дмитрий Песков “Ғалла шартномаси” бўйича келишувлар амалда тугатилганини эълон қилди ва “Дон йўлаги” бўйича келишувларнинг Россия қисми бажарилиши биланоқ Россия дарҳол уни амалга оширишга қайтишини қўшимча қилди.
Шундай қилиб, узоқ тортишув ва давомий баҳслардан кейин ушбу ҳужжат ўз кучини йўқотди ва музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Келишувга ким қачон ва қандай қайтиши эса мавҳум бўлиб турибди.
Сўнгги тафсилотлар
Россиядан энди умид йўқлигини билган Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга телефон қилди. У ўзаро мулоқот чоғида Россия иштирокини тўхтатиб қўйган дон йўлаги келишувини сақлаб қолиш учун “масъулиятли давлатлар” билан ишлаш зарурлигини айтган.
“Мен БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан суҳбатлашдим. Мавзу аниқ – бу Россиянинг очлик ва глобал озиқ-овқат бозоридаги беқарорликдан қурол сифатида фойдаланиш учун навбатдаги уриниши. “Террорчи давлат” Украина озиқ-овқат экспортига қарам бўлган турли мамлакатларда 400 миллион кишининг ҳаётини хавф остига қўйди. Энг кескин вазият Африка ва Осиёнинг Сомали, Эфиопия, Жанубий Судан ва Яман каби мамлакатларида бўлади”, деган Зеленский ўзининг Telegram саҳифасида.
Ўз навбатида, Зеленский Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унинг ўхшашини уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборган.
“Дон йўлаги” келишуви натижалари жуда ҳайратланарли – қарийб 33 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 45 мамлакатга экспорт қилинди. Уларнинг 60 фоизи Африка ва Осиё мамлакатларига, хусусан, Жазоир, Тунис, Ливия, Миср, Кения, Эфиопия, Сомали, Судан, шунингдек, Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш, Индонезия, Покистон, Ироқ, Ливан, Яман каби давлатларга жўнатилди. Бизнинг озиқ-овқат экспортимиз, айтганимдек, Яман ва Сомали каби мамлакатларда инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради”, деган Украина Президенти.
Россия Украинанинг бу баёнотига жимгина қараб турармиди? Йўқ, албатта. Кеча, 19 июль куни Россия Мудофаа вазирлиги дон йўлагига оид янги баёнотини эълон қилди.
Унга кўра, 20 июлдан бошлаб Қора денгиздаги Украина портларига йўл олган барча кемалар потенциал ҳарбий юк ташувчилар сифатида кўриб чиқилади.
Кўп ўтмай Путин ҳам тилга кирди:
“Биз бу келишувни қайта-қайта узайтирдик ва уни узайтириш орқали чидамлилик ва сабр-тоқат, бағрикенг эканимизни кўрсатдик. Биз хорижлик ҳамкасбларимиз келишилган ва тасдиқланган параметр ва шартларга ниҳоят тўлиқ амал қила бошлайдилар, деб умид қилгандик. Бироқ, ҳеч ким келишувларни бажармоқчи эмас эди. Улар Россиядан доимий равишда нимадир талаб қилишарди”, деди Россия Президент.
Унинг таъкидлашича, ҳатто БМТ котибияти ва ташкилот бош котиби Антониу Гутерришнинг саъй-ҳаракатлари ҳам ёрдам бермаган. У ғарблик “шериклари” келишувни бузиш учун “ҳеч қандай кучни аямагани, уни издан чиқариш учун ҳамма нарсани қилишганини” даъво қилди.
“Бугун бутун дунё очиқдан-очиқ ёлғон гапириб, ғалла бўйича келишувнинг барбод бўлишида айнан Россия айбдор, демоқда.
Улар Ғарбнинг ўзи бир вақтлар ўғирлаб кетган, урушлар, очлик ва қашшоқлик тубига итариб юборган Африка ва бошқа бир қатор мамлакатларнинг деярли барча муаммоларида Россияни айблайдилар. Ва у ўзининг янги мустамлакачилик тизими доирасида бу давлатларни талон-тарож қилишда давом этмоқда. У ғалла битимидан уялмасдан фойда кўрди: у шунчаки бу келишувларнинг маъноси ва моҳиятини бутунлай бузиб кўрсатди”, деди яна Путин.
Ундан ҳам ёмони 20 июлга ўтар кечаси Россия армияси яна ракеталар ва дронлар билан Украинага ҳужум қилди. Одесса ўққа тутилди.
Одесса порти дон йўлагидаги энг муҳим портлардан бири бўлиб, унинг зарар кўриши оқибатида кўплаб дон ва нефт терминаллари зарар кўрди.
Россия томони буни Қрим кўпригидаги портлаш учун “жавоб зарбалари” эканини айтса, Украина томони бу дон келишувининг талафотли якуни демоқда.
“Бу оқшом Россия терроридан энг кўп жабр кўрган порт терминалида Хитойга жўнатиш учун мўлжалланган 60 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сақланаётган эди. Дунёда ҳамма Россияни террор учун жавобгарликка тортишдан манфаатдор бўлиши керак”, деди Зеленский.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, зарба нишони фақат Украина бўлмаган, чунки ҳужумга учраган портларда Африка ва Осиё мамлакатларига жўнатиш учун мўлжалланган миллион тоннага яқин озиқ-овқат сақланади.
Украина аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири Николай Солскийнинг айтишича, 19 июлга ўтар кечаси ғалла битимига алоқадор порт объектлари ўққа тутилган. Оқибатда Черноморск портига юкланиши керак бўлган 60 минг тонна дон йўқ қилинган. Ва бу юк Хитойники бўлган.
Энг қизиғи ана энди бошланади. Хитой юклари товонини Россиядан талаб қила оладими? Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатинг.
LiveБарчаси