Дон бўйича келишув узайтирилиши даргумон – Песков
Олам
−
12 Апрель 2023
5946Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Дон битимини узайтириш эҳтимолдан йироқ эканини маълум қилди. Бу ҳақда у Москвада журналистлар билан ўтказган брифингда айтиб ўтди.
Песков Туркия, Украина, Россия ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасида 2022 йилнинг 22 июль куни Истанбулда имзоланган Дон йўлаги битимнинг Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларини жўнатиш билан боғлиқ қисми бажарилмаётганини айтди.
"Шартнома тўлиқ муддатга эмас, балки 60 кунга узайтирилди, чунки бу келишувнинг ярми амалга оширилмади ва ҳозир ҳам амалга ошмаяпти. Биламизки, БМТ вакиллари бу борада ташаббус кўрсатган, аммо келишувнинг иккинчи қисми ҳалигача бажарилмаган. Ҳеч қандай битим бир оёқда туролмайди, у икки оёқда туриши керак. Демак, ҳозирча битимни узайтириш эҳтимолдан йироқ”, дейди Кремль матбуот котиби.
Шунингдек, Песков Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида иштирок этиши учун Америка Қўшма Штатлари томонидан ҳали ҳам виза берилмаганига эътибор қаратган.
“Буни салбий қабул қиламиз. Америка Қўшма Штатлари, БМТ штаб-квартираси қаерда жойлашган бўлса, у ўзининг барча мажбуриятларини бажариши керак”, деди.
Шоҳжаҳон Мажитов
LiveБарчаси