“Док-1 Макс” фожиаси жабрланувчиларига давлат бюджетидан компенсация тўланди
3-саҳифа
−
13:18 1373 3 дақиқа
“Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситалари истеъмоли оқибатида жабрланган оилаларга моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун давлат бюджетидан 65,2 миллиард сўм ажратилди. Бу ҳақда Соқғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг ижро ҳужжатларига кўра, “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситалари истеъмоли натижасида жабрланган оилаларга Мажбурий ижро бюроси томонидан 90 нафар жабрланувчи фойдасига жами 82 миллиард сўм компенсация тўлови ундирилиши белгиланган эди.
Бироқ айбдорларнинг хатланган мол-мулкини сотиш жараёни белгиланган муддатдан чўзилгани сабабли бугунги кунга қадар ушбу маблағнинг 20 фоизи, яъни 16,8 миллиард сўм тўланган, холос. Компенсациянинг қолган қисми эса бир неча йилдан буён тўланмай келган.
Шу боис Президент томонидан жабрланган оилаларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаб бериш ишларини тезлаштириш бўйича тегишли топшириқ берилган. Шунга асосан давлат бюджетидан 65,2 миллиард сўм ажратилган. Шу тариқа, бугунга қадар 88 нафар жабрланувчига жами 80 миллиард сўм, шу жумладан, вафот этган 72 нафар бола оилаларига 72,2 миллиард сўм, даволанган ва даволанаётган 16 нафар бола оилаларига эса 7,8 миллиард сўм тўланди.
Банк карталари билан боғлиқ техник масалалар ҳал этилгандан сўнг 2 нафар бола оила азоларига ҳам қолган 2 миллиард сўм тўлиқ тўлаб берилади.
Бюджетдан ажратилган 65,2 миллиард сўм маблағ айбдор шахсларнинг мол-мулкини сотишдан тушган ва улардан ундирилган маблағ ҳисобидан республика бюджетига қайтарилади.
Билдирилишича, айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тегишли давлат ташкилотлари ва идоралари масъуллари республика тиббиёт марказлари шифокорлари билан биргаликда жабрланган оилаларнинг ҳолидан хабар олиб, болаларга қўшимча зарур тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмоқда.
“Док-1 Макс” фожиаси
2022 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг “Док-1 Макс” таблетка ва сиропидан жами 70 нафарга яқин бола вафот этганди. Шундан сўнг Ўзбекистонда мазкур дори савдоси буткул тўхтатилиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган. Кўриб чиқилган суд иши якуни бўйича эса жами 19 киши жазоланган.
Улар орасида 1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ директори лавозимида ишлаган Сингх Рагвендра Пратап ҳам бўлиб, у Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 213-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. Жазони ўтаб бўлганидан кейин эса Ҳиндистон фуқароси Сингх Рагвендра Пратапни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юбориш белгиланган.
Шунингдек, Сардор Қориев (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Live
Барчаси27 Октябрь