Доҳадаги афғонлараро тинчлик музокаралари бир кун кечикиб бошланди
Олам
−
07 Январь 2021
2830Бугун, 7 январь куни афғонлараро тинчлик музокараларининг иккинчи босқичи бошланди. Музокаралар Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
Музокараларнинг мақсади Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчликни таъминлашдир.
Бу сафар Қатарда бўлиб ўтадиган учрашув иштирокчилари масаланинг мазмуни бўйича тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришади.
Ҳукумат делегацияси вакили Нодир Нодирийнинг журналистларга айтишича, “Толибон” ва ҳукумат делегацияси бир қатор масалаларни муҳокама қилишга келишиб олган.
Музокаралар 2020 йил 14 декабрда вақтинча тўхтатилганди.
Дастлаб музокараларнинг иккинчи босқичини 5 январда бошлаш режалаштирилган эди. Бироқ, Ҳукумат делегацияси Қатарга бир кунлик кечикиш билан келди, шу сабабли музокаралар бир кун ўтиб бошланди.
Афғонлараро тинчлик жараёни 2020 йил 29 февралда АҚШ ва “Толибон” ўртасида тинчлик сулҳи имзоланганидан кейин бошланди. 2020 йил сентябр ойида ҳукумат делегацияси ва “Толибон” Доҳада музокаралар доираси ва тамойилларини муҳокама қилдилар.
“Толибон” музокаралар пайтида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни Ҳанбалий фиқҳи (доктринаси) асосида ҳал қилишни талаб қилди. Қобулда улар эътироз билдирдилар, чунки мамлакатнинг бир қатор минтақаларида аҳоли ушбу доктринага риоя қилмайди.
Томонларнинг мослашувчанлиги туфайли АҚШ воситачилиги билан муросага эришилди.
Афғонлараро музокараларнинг бошланиши, Ҳукумат ва "Толибон"нинг музокара столига келишида Ўзбекистон, хусусан Президент Мирзиёевнинг иштироки катта. Мирзиёев иқтидорга келган илк кунларданоқ дунё ҳамжамияти олдига афғон муаммосини яна кўндаланг қўйди. У 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканини таъкидлади.
2018 йил 27 март куни "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
2020 йилнинг 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокаралар бошланди. Бу Афғонистонда тинчлик ва осуда ҳаёт учун қўйилган яна бир улкан қадам, дейиш мумкин. Ўзбекистон 40 йилдан зиёд вақт давомида Афғонистонда давом этаётган уруш, нотинчлик ва ўзаро муаммоларни афғон халқининг ўзи ўз иродаси билан ҳал этиши тарафдори.
2020 йилнинг 29 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида яна афғон муаммосига тўхталиб, шундай деган эди:
"Биз қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига қатъий ишонамиз ва бу эзгу йўлда амалий ёрдамни бундан кейин ҳам аямаймиз".
Ўтган йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшнинг тинч – сен тинч деган азалий қадриятга асосланган ислоҳотлари натижасида афғон муаммосини ҳал этишда олдинга силжиш кузатилди. Бунинг самарасини 2020 йилнинг 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланганида ҳам кўриш мумкин. Сулҳда АҚШ 19 йил деганда ўз ҳарбий кучларини афғон диёридан олиб чиқиб кетиши, “Толибон” ҳам қуролли ҳаракатларни тўхтатиши белгиланди.
2020 йилнинг 12 сентябрь куни Доҳада бўлиб ўтган музокаралар эса афғон халқининг ва ниҳоят тинч ва фаровон ҳаётга қовушишидан далолат берди. “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдулғани Биродар ўзбекистонлик журналистлар билан суҳбатлашиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш борасида расмий Тошкентнинг фаоллигини алоҳида эътироф этди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь