ДХХ тўрт вилоятда йирик миқдордаги гиёҳванд модда савдосига чек қўйди
3-саҳифа
−
05 Ноябрь 2021
8768Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг Тошкент, Жиззах, Андижон ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган тадбирларда катта миқдордаги гиёҳванд моддалар мусодара қилинди.
Хусусан, Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Қозоғистон Республикаси Туркистон областининг Махтаарал районида истиқомат қилувчи, 1976 й.т. қўшни давлат фуқароси ва Зомин туманида яшовчи, 1989 й.т. маҳаллий фуқаро 3 кг 880 гр. “опий” моддасини 32 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда эса 1984 йил Қирғизистонда туғилган, Россия Федерацияси фуқароси ҳамда 1963 ва 1968 йилларда туғилган икки нафар Қирғизистон Республикаси фуқароси 9 кг 612 гр. “гашиш” моддаси билан, шунингдек, 1983 й.т. Тожикистон Республикаси фуқароси 1 кг 784 гр. “опий” ва 3 кг 765 гр. “гашиш” моддалари билан ушланди.
Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган, 1984 й.т. маҳаллий фуқаро 10 кг 300 гр. “опий” моддаси билан қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган, 1992 й.т. фуқаро ўзининг Nexia-3 русумли автомашинасида Қўқон шаҳрига кетаётган вақтида Оҳангарон туманидаги “Чинор” йўл патрул хизмати масканида тўхтатилган.
Лекин, у ЙПХ ходимлари талабларига бўйсунмасдан қочишга уринганида, сунъий тўсиқ яратилиб, қонунбузар ушланган.
Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 4 кг 902 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда эса Тошкент шаҳри томон ҳаракатланган Cobalt русумли автомашина йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини жалб этган ҳолда, Бўстон туманидаги йўл-патруль хизмати масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Текширув давомида машинада йўловчи сифатида кетаётган Олтинкўл туманида яшовчи, 1977 й.т., муқаддам судланган шахснинг ёнида 961 гр. “опий” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Дастлабки суриштирув жараёнларида у мазкур гиёҳванд моддани Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган, 1974 й.т. Қирғизистон Республикаси фуқаросидан олганлиги маълум бўлиб, ушбу шахс ҳам қўлга олинган. Шунингдек, унинг яшаш манзилида 240 гр. “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Таъкидланишича, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида мусодара қилинган жами 17 кг 165 гр. “опий” ва 18 кг 279 гр. “гашиш” гиёҳванд моддалари Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
LiveБарчаси