ДХХ раиси наркожиноятлар сонини яширмади: 2 бараварга ортган

Жамият

image


2025 йилда Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан 3,6 тонна гиёҳванд моддалар аниқланиб, савдосига чек қўйилган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати раиси генерал-полковник Баҳодир Қурбонов жорий йилнинг 13 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида маълум қилган.

Унга кўра, 2024 йил ва 2025 йил оралиғидаги рақамлар мамлакатда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар икки баравар ортганини кўрсатади. 

2024 йилда 1 700 кг гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, ноқонуний муомаладан олинган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 3 тонну 600 кгни ташкил этган, яъни икки бараварга ошган. Қўлга олинган жиноятчилар сони эса 2600 дан 4500 нафарга етган. Фаолиятига чек қўйилган яширин нарколабораториялар 8 тадан 15 тага ортган.  

Қурбонов сўзида давом этаркан, ёшлар орасида синтетик гиёҳванд воситаларини истеъмол қилиш билан боғлиқ рақамларни ҳам яширмади. Унинг айтишича, 2025 йилдан 180 кгдан зиёд сентетик воситалар ва 1 миллион донадан ортиқ психотроп моддалар қўлга олинган. 

“Синтетик воситалар вояга етмаганлар, айниқса, 14-25 ёшдаги орасида оммалашмоқда. Хавотирлиси, организмда унга нисбатан карамлик истеъмолдан сўнг қисқа муддатга вужудга келади”, дейди ДХХ раиси. 

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 26 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида мамлакатда жорий йилда 14 мингдан зиёд гиёҳвандлик жинояти қайд этилгани, уларнинг 3 мингга яқинини ёшлар содир этгани, мазкур масалада Миллий дастур қабул қилингани, энди наркожиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айланиши, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яралиши ҳақида гапирган эди. 

Ўтган йилнинг 28 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Президент Администрациясида куч тузилмалари раҳбарлари билан ишчи йиғилиш ўтказиб, наркожиноятчилик, жиноий гуруҳлар ва ноқонуний қурол-яроғ айланмасига қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган самарали тизимни қисқа муддатда яратиш вазифаси қўйганди. 

2025 йил 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–207-сон фармони қабул қилинган бўлиб, унда наркожиноят содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилмаслик ёки жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик тартиби жорий этилиши ҳамда наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш, наркожиноий уюшма ёки ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш учун жиноий жавобгарлик ва ушбу жиноятларни содир этган шахслар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳодир Қурбонов Гиёҳванд моддалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг