“Отарчи” тамғаси кимдан чиқади, “диванный комментатор”данми? Назарбеков нима дейди?
Маданият-санъат
−
06 Апрель 2020
27243Маълумки, охирги 3-4 кун ичида санъаткорларнинг хайрия қилиши масаласи ижтимоий тармоқларда долзарб мавзу бўлиб турибди. Аввалига журналист Шерзод Қудратхўжаев эфир орқали таъна ва дашномга тўла мактубни ўқиб эшиттирди. Унда санъаткорларга отарчи тамғаси ёпиштирилиб, улар хайрия қилмаётганликда айбланганди.
Бутун дунё, жумладан Ўзбекистон халқи бошига келган оғир кунларда савиясизларча майда нарсалар билан ўралашиш, бировнинг чўнтагига мўралашни кўпчилик ёқламади. Бу орада “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси санъаткорлар 352 миллион сўмлик хайрияни амалга оширганини айтиб чиқди. Ўтган вақт оралиғида эса бу хайриялар 1 миллиарддан ошди.
Қудратхўжаев олиб борган кўрсатувда санъаткорларга нисбатан “отарчи” тамғаси ишлатилган эди. 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков “Ўзбекистон 24” телеканалида чиқиш қилиб, ҳам вазир, ҳам санъаткор ўлароқ ушбу иддаоларга муносабат билдирди. Назарбековнинг фикридан тушунилишича, Ўзбекистон ҳали санъаткорларнинг хайриясига қараб қолгани йўқ.
“Халқимизнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволини энг биринчилардан бўлиб Президентимиз назоратга олдилар. Бу масалани кун тартибига қўйдилар. Бу учун ҳамма чоралар кўриляпти. Ҳар қандай тадбирлар қилиняпти. Давлатимиз бу балодан ҳар бир фуқаронинг талафотсиз чиқиб китишини изчил ҳал қилишга киришган. Ҳали ўзини бойман деган мамлакатларда ҳам буни кўрмаяпмиз. Буни ким қила олади? Эртанги кунига, халқига ишонган давлат. Президентимиз эртанги кунга ва халқимизга ишонганлари учун мана шу қарорларни қабул қиляптилар”, дейди вазир.
Назарбеков гапни узоқдан олиб келаркан, мурожаатидаги асосий муддаога тўхталди. У бир неча кун аввал телеэкран орқали янграган “отарчи” тамғаси бошқа сайдошлари қатори ўзига ҳам қаратилганидан ранжиганини сездирди.
“Мен хайр-саховат ҳақида гапирмоқчиман. Давлатимиз ҳали бунга қараб қолгани йўқ. Яъни ҳамма чоралар кўриляпти. Шунга қарамасдан санъаткорлар ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси раҳбари билан гаплашганимда уларни райини ўргандим. Мен нафақат вазир, балки санъаткорман. Улар менга “дўстим, биз автомобилимиз, кийимларимизни кўз-кўз қилганмиз, келинг, хайриямизни кўз-кўз қилмайлик, халқимиз шуни ҳам пиарга йўймасин, бу Яратган билан бандасининг ўртасидаги муносабат”, дейишди. Мен буни эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Бу таҳсинга сазовор сифат. Охирги пайтларда бўлаётган бўлар-бўлмас эътирозлар ёки ҳар хил куракда турмайдиган даражадаги ҳақоратомуз сўзлар мажбур қилдики, кейин “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бу хайриялар ҳақида эълон қила бошлади. Лекин, шу ҳолатдан ҳам норози санъаткорлар бор. Майли, нима деган тақдирда ҳам, ҳатто, мени номимга қарата фикр билдирган тақдирда ҳам мени хайриямни ошкор қилманглар деётган санъаткорларимиз бор. Бунга ўзим шахсан гувоҳман”, дейди Озодбек Назарбеков.
Маълумки, Озодбек Назарбеков хонандалик фаолияти давомида ҳам халққа манзур бўладиган, тарбиявий аҳамиятга молик қўшиқлар ижро этган. Уни сурати ва сийрати бир санъаткорлар сирасига киритиш мумкин.
Хонанданинг куни кеча тақдим этган коронавирус балоси ва унга қарши кўрилаётган чораларнинг жиддийлигини акс эттирган “Афв эт, ягонам” қўшиғи ҳам фаолиятидаги навбатдаги юксак қадам бўлди. Маданият вазири лавозимини эгаллаганига кўп бўлмаган Назарбеков ўзини санъаткорларнинг ҳимоячиси сифатида кўраётганини урғулайди.
“Ўтган йиллар давомида халқимизнинг кичик бир қатламида шаклланган бир тушунча бор, бу қайси? Хотини билан урушиб қолса ҳам санъаткордан аламини олади. Кўчада иши юришмаса ҳам санъаткорнинг интернетда бир постини кўрса, албатта, ўшани тагига бир негатив фикр ёзиб қўяди. Нима учун, нимага шунақа бўлиб қолди, деган савол туғилади. Санъаткорларнинг ўзи шунга лойиқ ишлари қилдими ё бунинг бошқа сабаби ҳам борми? Агар масалага бундай қарасак, шифокорлар нима қилгандики уларни калтакладик? Санъаткорларнинг ўзи юз фоиз шунга лойиқ деган фикрдан йироқман. Мен ҳимоя қиламан санъаткорларни. Бу ҳолатга келишининг сабаби ўша тош отаётган одам аниқ биладики, бунинг жавобгарлиги йўқ. Машҳур бир одамга ҳақоратомуз сўз айтиш мен катта иш қилдим, жасорат кўрсатдим, дейиш имкониятини беради ва буни ортидан жазони ҳис қилмайди. Жуда бўлмаганда, санъаткор ўша ернинг ўзида нимадир жавоб ёзиши мумкин, лекин ундан нарига ўтмайди. Одатда ёзмайди ҳам. Мана шу нарса кичкина бир ғаламис қатламни мана шу ишга ўргатиб қўйди. Яъни “диванный комментатор” деймиз-ку. Ана ўшалар ётволиб, бугун кўп зерикяпти, уйда ўтирибди, қиладиган иши йўқ ва хоҳлаган гапини гапиряпти. Лекин кўрмасдан, билмасдан, эшитмасдан туриб, бутун санъаткорларнинг шаънига бирданига салбий фикрни айтиш ёки ҳақорат билан муносабат қилиш – бу жада нотўғри.
Бошловчиларнинг орасида ҳам ҳаммага ёқмайдиган, феъл-атворини тушуниб бўлмайдиганлари бор. Бошқа соҳаларда – таксистлар, шифокорлар, ички ишлар, прокуратура ходимларининг ичида ҳам ҳар хил одам бор. Лекин иккита шифокорнинг хатоси ёки феъл-атворини деб бутун шифокорларга баҳо бериш жуда нотўғри нарса. Нима учун бу гапларни айтяпман. Чунки санъаткорлар доим халқнинг хизматида турган. Ватан учун энг кўп хизмат қилувчи инсонлар – бу санъаткорлар. Беғараз! Совуқми, иссиқми, қорми дейилмайди. Мана 10-15 кунлар Янги йил тадбирларида санъаткорларимиз кўчада туриб халқимизга хизмат қилади. Мана олдинги даврларни айтиб берсам, 5 йил олдин Ўзбек миллий академик драма театрининг иситиш тизими ишламас эди. Ўша совуқда оёқяланг онахон актрисаларимиз роль ижро этишарди. Бирор жойда бизнинг театримиз совуқ, мен ишламайман деганини эшитмаганман”, дейди Назарбеков.