Андижон туркий дунёнинг маданият пойтахти бўлди
Жамият
−
28 Ноябрь 2025 4580 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида Халқаро туркий маданият ташкилоти – TURKSOY Доимий кенгашининг 42-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.
Йиғилишда Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Қозоғистон Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Туркманистон Маданият вазири Атагелди Шамирадов, Озарбайжон Маданият вазири ўринбосари Мурад Гусейнов, Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари Аскарали Мадаминов, Туркия Маданият ва туризм вазирининг ўринбосари Сердар Чам, TURKSOY Бош котиби Султон Раев иштирок этди.
Тадбирда TURKSOY томонидан жорий йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, 2026 йилда ўтказиладиган тадбирлар режаси, қўшма лойиҳалар ва туркий дунёнинг маданий соҳадаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга оид масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, ушбу йиғилишида Андижон шаҳри 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилинди. Бу хушхабар йиғилиш иштирокчилари томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
Куннинг иккинчи ярмида, 2025 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти бўлган Ақтауда тадбирларнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Андижон шаҳри ҳокимлигига махсус сертификат топширилади.
Маълумот ўрнида, TURKSOY Доимий кенгаши қарори билан ҳар йили туркий тилли давлатлардаги шаҳарлардан бири “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” сифатида эълон қилинади.
2025 йилда Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри Туркий дунёнинг маданият пойтахти бўлганди. 2020 йилда Хива шаҳри худди шундай мақомга эга бўлганди.
Бундай мақомга эга бўлган шаҳарда ва ҳамкор давлатларда қатор маданий тадбирлар, фестиваллар, илмий анжуманлар, учрашувлар ташкил этилади. Бу орқали миллий маданият халқаро миқёсда кенг тарғиб қилинади. Қолаверса, бундай тадбирлар сайёҳлар оқимини оширишга ҳам хизмат қилади.
Live
Барчаси