Дипломатик можаро бошлаган Хитой элчиси персона нон грата деб эълон қилиниши мумкин
Олам
−
24 Апрель 2023
11515Европа Парламентларининг 80 дан ортиқ вакиллари Франция Ташқи ишлар вазири Кетрин Коллонадан Қрим ва постсовет давлатларининг суверенитети ҳақидаги гаплари учун Хитой элчисини персона нон грата деб эълон қилишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Le Monde” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, депутатлар бу бўйича Франция Ташқи ишлар вазирлигига мактуб ҳам йўллаган. Мурожаат муаллифларининг фикрига кўра, хитойлик дипломатнинг бундай баёноти “Европа давлатлари хавфсизлигига таҳдид” сифатида баҳоланиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай жорий йилнинг 21 апрель куни LCI каналига берган интервьюсида Қрим тарихан Россияга тегишли бўлгани ва кейинчалик Хрушчёв уни Украинага бериб юборганини, шунингдек, постсовет республикаларининг мустақиллиги учун асос “ишончли эмаслиги”, боиси буни тасдиқловчи “ҳеч қандай халқаро шартнома мавжуд эмаслигини” таъкидлаб, дипломатик можарога сабаб бўлганди. Дипломат, шунинг учун, Франция Ташқи ишлар вазирлигига ҳам чақирилган.
Кейинроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг элчининг гапларига изоҳ бериб, мамлакат собиқ совет давлатларининг суверенитетини ҳурмат қилишини, бироқ Қримга нисбатан позиция ўзгармаслигини маълум қилган.