“Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Диний қўмита фуқароларга мурожаат билан чиқди
Жамият
−
16 Февраль 2022
16187Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг куни кеча матбуот анжуманида айтган, “Одамлар хоҳласа динга ишонади, хоҳламаса йўқ. Балки тарки дунё қилиб яшашни танлар. Бу ҳар бир одамнинг конституциявий ҳуқуқи. Шу сабабли ҳам қонунда белгиланган ҳуқуқлар, қонунда белгиланган кафолатларни ижтимоий мақомидан қатъи назар, чиқиб инкор қила олмайди. Бу сигнални барча диний ташкилот ва домлаларимизга етказишни истардик”, деган гаплари ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Бунга “Бодомзор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов жавоб қилиб, “Бир-икки аҳли илм қаттиқ ҳиссиётга берилиб, гапиргани билан бутун имомларни даъват йўлини тўсишга ким ваколат берди у одамга”, деб чиқди.
Айни вақтда муҳокамалари давом этаётган мавзу юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳам фуқароларга мурожаат билан чиқди. Унда шундай дейилади:
“Сўнгги йилларда республикамизда барча соҳаларда бўлгани каби диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, буюк аждодларимиз қадамжоларини обод қилиш, бой тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш, диний соҳада малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини йўлга қўйиш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Афсуски, охирги вақтда ижтимоий тармоқларда баъзи мутаассиб шахслар, айрим ҳолларда эса диний соҳа вакиллари томонидан ҳам Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги ягона давлат сиёсатини нотўғри тушуниш ва баҳолаш, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилиш, воқеликни бўрттириб кўрсатиш, инсонлар фикрида нохолис муносабатни шакллантиришга бўлган уринишлар кузатилмоқда.
Биринчидан, шуни унутмаслик керакки, биз дунёвий, ҳуқуқий демократик, кўп миллатли ва турли конфессияли жамиятда яшаймиз.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда ҳеч қайси динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.
Учинчидан, турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз хатти-ҳаракат, гап-сўз ва саъй-ҳаракат – турли динларга эътиқод қилувчи аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ҳамда дискриминация ва турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ саҳифаларида давлат идоралари масъул ходимлари томонидан Ўзбекистоннинг дунёвий, ҳуқуқий демократик давлат тамойилларидан келиб чиқиб, жамиятда қонун устуворлиги эслатилган чиқишларига нисбатан айрим шахслар, шу жумладан, диний соҳа вакиллари турли муносабат билдирмоқдалар.
Шу ўринда, таъкидлаш лозимки, Адлия вазирлиги мамлакатда диний ташкилотларни рўйхатга олувчи ягона ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда диний ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунчилик ҳужжатлари талаблари ва ўз устави қоидаларига риоя этиши устидан назоратни олиб боради.
Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида республикамизда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари санаб ўтилган. Ушбу моддада қуйидагилар келтирилади: фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, жамоат тартибига, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш қатъий белгилаб қўйилган.
Шунингдек, мазкур Қонуннинг 7-моддасига биноан, давлат турли динларга эътиқод қиладиган ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ақидапарастлик ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.
Хулоса ўрнида, фуқароларимиздан диний мавзу ўта хассос эканини эътиборга олиб, Интернет ва ижтимоий тармоқларда диний масала ҳамда давлатнинг дин соҳасидаги позициясига муносабат билдирганда холис бўлиш, айни вақтда, давлатнинг дунёвий демократик тамойилларини қатъий ёдда тутган ҳолда шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмасликларини сўраб қоламиз!”
LiveБарчаси