Дилором Тошмуҳамедова Ўзбекистонда яшириб келинадиган маълумотларни айтиб юборди
Жамият
−
04 Август 2022
89635Ўзбекистонда ҳар бешинчи бола асорат билан туғиляпти. Бу ҳақда бугун, 4 август куни Сенатнинг йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова сўз очди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Унда асосий масала никоҳланиш олдидан тиббий кўрикдан ўтиш бўлди.
“Оила масалаларига оид қонунчиликка биз ниҳоятда катта масъулият билан ёндашишимиз керак”, дейди асли касби врач бўлган Тошмуҳамедова.
Маълумки, амалдаги Оила кодексининг 147-моддасида никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўтиши кераклиги белгилаб қўйилган. Тошмуҳамедова ушбу мавзуга тўхталаркан, тартибни четлаб ўтишга уринадиган ёшлар ва ҳатто, ота-оналар борлигини айтади. Бошқа томондан эса ҳудудларда шифокорлар етишмовчилиги ҳам мавжуд.
“Тиббий кўрик формал ўтказилиши, шифокорлар, айниқса, психиатр, наркологлар етишмаслиги, моддий-техник базада муаммолар борлиги, замонавий тиббий ускуналар йўқлиги, афсуски, тиббий-генетик маслаҳатлар республикамизнинг барча ҳудудларини тўлиқ қамраб олмаганлигини айтганмиз. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг жавобини ҳам олдик, лекин, афсус жавобда қатор чоралар амалга оширилишини айтиб ўтишган. Лекин парламент сўровида кўтарилган масалалар тўлиқ бажарилди, дейишдан йироқман”, дейди сенатор.
Унинг қайд этишича, охирги йилларда оилавий ажримлар кўп фоизи оила саломатлиги, бепуштлик ва касал бола туғилиши билан боғлиқ.
“Мен Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутассадди раҳбарининг фикрларини айтиб ўтмоқчиман. 2021 йилда 910 мингдан ортиқ бола туғилган бўлса, шундан 170 минг нафари асоратли туғуруқ билан дунёга келган. Бу деярли 20 фоиз. Демак, ҳар бешинчи бола асоратли туғиляпти. Бу рақамларга алоҳида эътибор қаратиш керак”, дейди Тошмуҳамедова.
Одатда Ўзбекистон Републикаси Соғлиқ сақлаш вазирлиги ва бошқа мутассадди идоралар мамлакатда асоратли туғуруқлар, ногирон болалар дунёга келиши билан боғлиқ аниқ рақамларни яшириб келади.