Ислом Каримовга “рақиб” бўлган ягона аёл лавозимидан озод этилди
Жамият
−
14 Февраль 2020
44325Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори лавозимида ишлаб келаётган Дилором Тошмуҳамедова лавозимидан озод этилди.
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325 Фармонига мувофиқ ташкил этилди ва унинг директори сифатида Дилором Тошмуҳамедова тайинланди.
Дилором Тошмуҳамедова 2019 йил ўтган сайловларда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига, сўнг Сенат аъзолигига сайланди. Жорий йилнинг январь ойида Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тасдиқланди.
Ўзбекистон Конституциясининг 88-моддасига кўра, Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенатнинг доимий асосда ишловчи аъзолари ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.
Дилором Тошмуҳамедова Ўзбекистон Республикаси Парламенти Қонунчилик палатасининг I ва II чақириғи (2008-2015 йиллар) Спикери лавозимида фаолият юритган.
У 2007 йилда ўтказилган Президент сайловида "Адолат" социал-демократик партиясидан Ислом Каримовга рақиб бўлган эди. Тошмуҳамедова мамлакатда Президентликка номзодини қўйган ягона аёл номзод саналади.