Дилдора Исломова Тошкентдаги қурилишлар ҳақида: “Мен шаҳримизга ачинаман”
Жамият
−
22 Февраль 2020
22301Таниқли телебошловчи ва журналист Дилдора Исломова Тошкентда қурилиш соҳасида юз берган “портлаш” атроф-муҳитга мислсиз зарар бераётгани ва шаҳарга ачинишини маълум қилди. Телебошловчи қурилишдаги меъёрсизлик ва ўзбилармонлик шаҳар чиройига путур етказаётганини айтиб ўтган.
“Мен ўз шаҳримга ачинаман. Авваллари бизнинг ифтихоримиз бўлган нарсалар, уят ва ҳайрат буюмларига айланяпти. Қачонлардир чиройли ва яшил бўлган Тошкент, улкан чинор ва каштанлари бўлган қулай Марказ-1 даҳаси бугун кўз ўнгимда яшаш учун ноқулай, ҳеч нарсага ярамайдиган нафратланарли зич қурилишлари, дарахтлари кесилган, уларни энди дарахт ҳам деб бўлмайди, кир, ариқларнинг атрофи ва ичига эътибор берилмаган районга айланяпти.
Содиқ Азимов, Ўзбекистон овози, Шастри кўчаларининг бари ўз ҳолича кўк, қора ойнали, баланд-паст ва шубҳали гўзалликдаги ампир стилида қурилган уйлар билан расво ҳолга келди.
Эстетика – ноль.
Қулайлик – ноль.
Шундай қилиб, бутун шаҳарни йўқ қиляпмиз, ҳурматли ҳамшаҳарлар.
Қурилиш устига қурилиш:
• Экопарк (энди у ҳеч қандай эко эмас...) яқинидаги ижод маркази;
• 9 қаватли уй эски ноёб Болалар кутубхонаси ёнидаги кинотеатр ўрнида қурилди ва пардоз ишлари якунланяпти;
• Нима учун қурилаётгани номаълум бўлган 3-бино мавзе ичида 4 қатор автомобиль гаражлари ва чинор (дарахтлар йўқ қилинди) ўрнида “ўсиб чиқди”.
Мен ҳаммасини севги ва Ватанга муҳаббат эмас, ПУЛ ва АЛОҚАЛАР бошқараётганини тушунаман.
Хафаман ва бир вақтнинг ўзида жаҳлим чиқяпти.
Қурувчининг қоқигулдек вакили – ёшгина йигит ҳайратда, ич-ичидан таажжубланиб, биз нега яшил ҳовлимизда қурилиш бўлишини хоҳламаётганимизни тушунмаяпти.
Биз нега хоҳламаяпмиз, қизиқ ва ажабланарли...”, деган Дилдора Исломова ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Дарҳақиқат, пойтахт Тошкентда бирор жой қолмадики, қурилиш бўлмасин. Катта-катта юк машиналари тупроқ, шағал ташиган, йўллар кир ва оғир юк ўтаверганидан йиғлагулик ҳолга келиб қолган. Одамлар уйига тоза ҳаво кириши учун ойнасини очишдан чекиняпти. Чунки ташқаридан фақат чанг киради. Шаҳар эса кун сайин сунъий завқ улашувчи пластик буюмлар, реклама баннерларига тўлиб боряпти.
Тошкентда коронавирус эмас, қурилишлар ва чанг-тўзон одамларни ниқоб тақиб юришга мажбур қилиб қўймаяптими? Энг қизиғи, экология ва атроф-муҳитга, одамлар саломатлигига масъул ташкилотлар оғзига толқон солган.