Диққат! Ўзбекистонда қурилиш бўйича экологик талаблар кучайтирилмоқда

Жамият

image

Эндиликда Ўзбекистонда қурилишга нисбатан экологик талаблар кучайтирилади. Қурилиш компаниялари қурилиш майдонига фон мониторинг станциялари ва онлайн камералар ўрнатиши шарт этиб белгиланмоқда. Бу ҳақда кеча, 22 ноябрь куни янги ташкил этилган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов журналистлар, экологлар ва фаоллар билан ўтказган мулоқотида QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Қўмита раисининг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 18 ноябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор иловасига мувофиқ, эндиликда халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган қурилиш учун ажратилган объектларда қурилиш бошланишидан олдин қурувчи ташкилотлар томонидан фон мониторинг станциялари ва онлайн камералар ўрнатилиши ва бошқа экологик талабларни амалга оширишни назарда тутувчи “Қурилишда экологик фаолият стандарти талаблари” ишлаб чиқилади. 

Режага кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб қурилиш майдонларида фон мониторинг станциялари ва онлайн камералар мажбурий равишда ўрнатилади. Босқичма-босқичлик тамойилига кўра: 

•    2026  йил 1 январдан 2000 кв метр ва ундан юқори;

•    2027 йил 1 январдан 1000 кв метр ва ундан юқори;

•    2028 йил 1 январдан 500 кв метр ва ундан юқори майдонга эга қурилишларда фон мониторинг станциялари ва онлайн камералар ўрнатилиши белгиланмоқда. 

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан майдонининг 30 фоизи кам кўкаламзорлаштирилган, баландлиги 12 метр ва (ёки) умумий майдони 500 кв метрдан ортиқ бўлган биноларни қуриш тақиқланади. 

500 кв метр ва ундан юқори майдонга эга бўлган қурилиш объектларига нисбатан қўйилаётган талаблар юзасидан 2026 йилнинг 1 майига қадар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Қурилиш вазирлиги томонидан текширув олиб борилади. Унда қурилиш объектининг 25 фоизи яшиллик даражаси мавжудлиги, сув пуркагичлар ўрнатилгани, қурилишда фойдаланилаётган автотранспорт ғилдираклари учун ювиш ҳовузлари борлиги, брезент ёки ПВХ тент билан ёпилганлиги ўрганилади. 

Қурилиш объектларига, қурувчи компанияларга қўйилаётган янги талаблар ҳақида гапираркан, Қўмита раиси – Экология масалалар бўйича Президент маслаҳатчиси Азиз Абдуҳакимов шундай дейди: 

“Ҳозирда Ўзбекистонда ҳавонинг чангланиши, иқлим ўзгариши билан содир бўлаётган жараёнлар фақат бизгагина хос уникал жараён эмас. Тез иқтисодий ўсиш суръатини бошидан ўтказган барча давлатларда бундай жараёнлар, яъни экология ва иқтисодий манфаатлар тўқнашуви кузатилган. Аввалига иқтисодий блокка ён босилди. Ҳозир иқтисодий блок анча кучли, қарорлар ўтиб кетиши осон. Шунинг учун Президентимиз экология қисмига эътибор қаратиб, тарозининг иккинчи паласини ҳам тенглаштириб бердилар”.


Мақола муаллифи

Теглар

Қурилиш экология қўмитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг