Диққат, ЗИЛЗИЛА! Ер қимирлаганда нима қилиш керак?
Фойдали
−
14 Март 2019
154347Бугун тунда Тошкентда кузатилган зилзила кўпчиликни шошириб, эсанкиратиб қўйгани аниқ. Жумладан, ўзим ҳам нима қиларимни билмай қолдим. На ётоқдан туришни, на ухлашда давом этишни биламан. Шу боис бугун зилзила вақтида нималар қилишимиз кераклигини бир эсласак, ёмон бўлмас деган фикрга келдим.
Зилзила вақтида ҳар қандай одам саросимига тушиб, ўзини-ўзи бошқара олмай қолиши турган гап. Кўпчилигимиз бундай ҳолларда нима қилишни, зилзила вақтида қандай қилиб жон сақлашимиз мумкинлигини билмаймиз ҳам. Мутахассисларнинг тавсияларига қулоқ тутсангиз, табиий офатлар вақтида ҳаётингиз хавфсизлигини таъминлаган бўласиз. Энг муҳими ҳар қандай вазиятда ҳам инсон ўзини онгли равишда бошқара олиши, оғир ва вазмин бўлиши лозим. Қуйидаги эслатмалар эса сизга ас қотиши аниқ.
Ер қимирлаганда аҳолини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари.
1. Ер силкиниши хавфи бўлганда бинодан чиқиш йўлини олдиндан белгилаб қўйиш керак. Ёдингизда бўлсин - ер сикиниши ярим тунда ҳам юз бериши мумкин. Чиқиш йўллари, эшиклар одамлар билан тирбанд бўлиб, ташқарига тез чиқишни қийинлаштиради. Бинони зудлик билан тарк этиш биринчи қават деразалари орқали ҳам амалга оширилади.
2. Уйингиздаги хавфсиз жойларни олдиндан белгилаб қўйинг, бу - хонанинг асосий деворлари орасидаги бурчаги, ички эшиклар ўрни, стол, каравот, станоклар ости бўлиши мумкин. Ер қимирлаганда уйнинг энг хавфли жойлари – ички ва ташқи дераза остилари, деворларнинг ойна билан қопланган қисмлари, айниқса охирги қаватлардаги бурчакда жойлашган хоналар, лифт ва зинапоя майдончалари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.
3. Оила аъзоларингиз ва болаларга хавфсиз жойни эгаллашни ўргатиш зарур.
4. Оила аъзоларингиз ва ўзингиз квартирангизда, подъездда, уйингизда газ, электр, сувни ўчириш йўлларини билишингиз лозим.
5. Қария, ногирон ва болалар хавфсилигини таъминлаш йўлини олдиндан ўйлаб қўйинг.
6. Хоналардаги шкаф, китоб жавонларни деворларга маҳкамлаб қўйинг. Уй жиҳозларини ухлайдиган ўринларга йиқилмайдиган ҳолатда, эшик ва чиқиш йўлларини тўсиб қўймайдиган қилиб жойлаштириш керак.
7. Жавонлар, шкафлар устидаги оғир буюмлар қаттиқ маҳкамлаб қўйилиши ёки одам устига тушиб кетиши мумкин бўлган буюмлар пастга ёки ишончли жойга жойлаштирилиши шарт.
8. Жавонларни дам олиш ўринларидан, хонага кириш эшигидан, раковина ва унитазлардан узоқроқ жойга ўрнатинг.
9. Уйга кириш йўлини, йўлакларни ва зинапояларни буюмлар билан тўсиб қўйманг.
10. Тез алангаланувчи ва ўювчи суюқликлар солинган идишларни ер қимирлаб, бино силкинганда тушиб кетиб, портлаб ёки ёниб кетмайдиган хавфсиз жойда сақланг.
11. Жароҳатланганда, умуман хар қандай хавф бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини ўрганинг. Доимо уйингизда дори-дармонлар, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қутичасини сақланг.
12. Гараж ёки дала ҳовли ертўласидан яшириниш жойи сифатида фойдаланиш мумкин. У ерда офат тугагунга қадар беркиниш, озиқ-овқат заҳирасини, кийим кечак ва керакли нарсаларни сақлаш мумкин. Шу билан бирга, қалтис қияликлар ва кўчки хавфи бўлган жойларда қурилган уйлар хавфли бўлиши мумкинлиги ёдингизда бўлсин.
13. Уйингиз ҳолатини текшириб чиқинг, уни мустаҳкамлаш йўлларини аниқланг.
14. Уйингиз ёки иш жойингиз қишлоқдаги аҳоли яшаётган жойларда жойлашган бўлса, хавфли жараёнлар, яъни сел келиши, кўчки хавфи бўлган тоғ худудида, сув босиши мумкин бўлган худудларда эканлигини аниқлаб, оила аъзолари ва қўшнилар билан биргаликда хавфсиз жойга чиқиш йўлларини белгилаб қўйинг. Чунки ер силкиниши натижасида, ер кўчкиси, ўпирилиши, силжиши, тош кўчкиси, ернинг ёрилиши, тупроқ қатламларининг чўкиши, тупроқнинг сиқилиб, балчиққа айланиш ҳоллари юз бериши мумкин.
Кучли ер силкиниши вақтида
Зилзила рўй берганда, ернинг юза қисми унча узоқ бўлмаган вақт тебраниб туради. Ер силкиниши даври – силкиниш ер қатламининг юзасида ва яқин масофада бўлса, бир неча сония, чуқурроқ ва олисда бўлса, 2-3 дақиқагача давом етиши мумкин, бу тебранишлар инсонга ноқулайлик туғдириб, саросимага туширади. Лекин ер силкинишининг тўхташини кутишдан бошқа чора йўқ. Шунинг учун ваҳимага тушмасликка ҳаракат қилинг, осойишталик ва хотиржамликни сақлаш жуда муҳим. Ер қимирлаётганда хотиржамлик ва ақл билан иш кўрсангиз талофатсиз чиқишингизга кўпроқ имконият бўлади. Бундан ташқари атрофингиздаги одамлар сиздан ўрнак олишади ва бу улар учун ниҳоятда фойдали.
Хонанинг ичида
1. Агар сиз ер ёки бинонинг силкинишини сезсангиз, дарҳол хавфдан қутулишга ҳаракат қилинг, енг катта хавфни юқоридан тушадиган жисмлар яратиши мумкинлигига аҳамият беринг.
2. Агар сиз кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида хом ғиштли, пишган ғиштли ёки пахса деворли шахсий уйларда яшасангиз, зилзила бошланиши билан 15-20 сония ичида дарҳол уйнинг ичидан ташқарига чиқиб кетинг ва электир симлари, газ қувурлари ва баланд иморатлар тагидан узоқроққа, очиқ жойга ўтинг.
3. Агар хонанинг ичида қолсангиз, олдиндан белгилаб олинган хавфсиз жойга туриб олинг. Мабодо юқоридан сувоқ парчалари, ёритгич асбоблари, ойна синиқлари тушадиган бўлса, стол ёки каравотлар тагига беркиниб олинг. Мактаб ўқувчилари парталарнинг тагига кириб, бошлари ва юзларини қўллари билан беркитиб олишлари зарур.
4. Агар сиз кўп қаватли уйлар иморатларнинг биринчи қаватидан юқорида бўлсангиз, ҳеч қачон лифт ёки зинапояларга қараб югурманг, чунки кўп ҳолларда ер қимирлаш даврида зиналар биринчи навбатда қулайди. Бундай ҳолларда уйнинг эшигини очиб, унинг ўрнига туринг. Эшик кесакиси қотиб қолса, хавотир бўлманг, бу ҳол иморат деворларининг оғишидан бўлади.
5. Ҳар қандай бинонинг ойнабанд деворларидан узоқроқда, асосий девори ёнида туришга ҳаракат қилинг. Ойна тўсиқларидан эҳтиёт бўлинг.
6. Иккинчи ва ундан юқори қаватларда бўлсангиз, зинҳор деразадан пастга сакраманг, чунки бинога зарар етмаса ҳам, сиз жароҳатланишингиз мумкин.
7. Сакрашга мажбур бўлган ҳолларда зинҳор ёпиқ дераза ойнасига қараб сакраманг, ойнани табуретка ёки елкангиз билан синдириб, кейин сакранг.
8. Одамлар билан гавжум жойларда (магазин, кинотеатр, мактаб, олийгоҳ, вокзал) саросимага тушманг, бинонинг асосий деворларига, устунларга яқинроқ осилиб турган буюмлардан, қандил, кондиционер, реклама тахталаридан узоқроқ туриш керак.
9. Ўзингизни хотиржам тутинг, атрофингиздагиларни саросимага туширадиган ҳаракатлар қилманг, эшик ва йўлакларда тирбандликка йўл қўйманг.
10. Қишлоқ жойларида ер силкиниши оқибатида ер кўчкиси рўй бериши, сел келиши, тоғ тошлари тушиши мумкин. Шунинг учун тепаликлар устига ёки сув босмайдиган, юқорироқ жойга чиқиб олишга ёки тик тоғ ёнбағирлари остидан узоқроқ жойларга ўтишга ҳаракат қилинг.
11. Молхоналар ёнида туриш мумкин емас, чунки ҳуркиб кетган ҳайвонлар тагида қолиб кетиш хавфи мавжуд.
Кўчада
1. Кўп қаватли бино остида турган бўлсангиз, очиқ жойга чиқишга ҳаракат қилинг, чунки бино силкиниши натижасида синиқ парчалари устингизга тушиши мумкин. Электр симлари тагида ҳам турманг, узулиб кетиши мумкин. Узулиб кетган симлардан эҳтиёт бўлинг.
2. Бино бўйлаб унинг тагида югурманг, бинога кирманг, юқоридан тушиши мумкин бўлган бўлаклар ҳаётингиз учун хавфли.
3. Ер силкинаётган вақтда автомобилда кетаётган бўлсангиз, юқори қаватли бинолар, электр сими, тик ёнбағирлар, кўприклар, автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчаси, дарё ўзанидан узоқроқ жойларга бориб машинани аста тўхтатинг.
Ер қимирлаганидан сўнг
Ер қимрлаши тўхтаганидан кейин биноларнинг ҳолатини, жабрланган одамларни кузатишингиз мумкин. Бундай ҳолларда хотиржамлик билан, дарҳол шикастланган, жароҳатланганларга ёрдам кўрсатишни бошланг.
1. Ёрдамга муҳтож одамларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатинг. Жароҳат олганларни совуқ қотмаслиги учун кўрпа билан ўранг ва шифохонага юборинг.
2. Касаллар, болалар ва қариялар хавфсизлигини таьминланг, руҳий далда беринг.
3. Енгил буюмлар остида қолганларга ёрдам беринг. Эҳтиёт бўлинг, қўшимча тиббий ёки бошқа ёрдамга зарурат бўлса, ёрдам келгунча кутинг.
4. Ёнғин ўчоғини сезсангиз, иложи борича ўчиришга ҳаракат қилинг.
5. Электр симларини узилмаганлигини текшириб кўринг. Бузилган жойини тузатишга ҳаракат қилинг ёки электр тармоғини ўчириб қўйинг.
6. Сув тармоғини текшириб кўринг. Агар бузилган бўлса, тузатишга ҳаракат қилинг ёки тармоқдан узиб қўйинг.
7. Газ тармоғини жўмрагидан беркитиб қўйинг, агар газ тарқалиш хавфи мавжуд бўлса, уни ҳидидан аниқланг, гугурт ёки шамдан фойдаланманг.
8. Канализация қувуридан фойдаланишдан олдин, унинг созлигини бино ичида, ертўлада текшириб кўринг.
9. Хавфли енгил аланга олувчи суюқликлар тўкилган бўлса (бензин, кимёвий моддалар ва бошқалар), тезда бартараф қилинг ва бу ҳақида бошқаларга хабар беринг.
10. Вайрон бўлган бинолар ёнига борманг, уларнинг ичига кирманг. Агар сизнинг ёрдамингиз керак бўлмаса, ер қимирлаган ва вайрон бўлган жойга кирманг.
11. Ертўла эшикларини очишда эҳтиёт бўлинг, чунки устингизга сувоқ парчалари, устунлар ёки оғир жисмлар тушиши мумкин.
12. Телефонни кераксиз ахборотлар учун банд қилиб турманг, чунки телефон ёрдамга чақириш, муҳим ҳодисалар, ярадорлар ва жиноятчилар ҳақида ахборот бериш учун керак бўлади. Ёдингизда бўлсин, телефон тармоғининг банд бўлиши қутқарув хизмати ишлари самарадорлигини камайтириши мумкин.
13. Ер қимирлашининг такрорланиши мумкинлиги ҳақидаги ўз фикрингизни бировларга тарқатманг ёки миш-мишларга ишониб гап тарқатманг. Расман эьлон қилинган ахборотлардан фойдаланинг.
14. Агар сиз вайрона остида қолган бўлсангиз, иложи борича хотиржамлик билан шароитни тўғри бахоланг. Ўзингизга биринчи тиббий ёрдам кўрсатинг, агар лозим бўлса, қон оқишини тўхтатинг ва жароҳатни боғланг.
15. Ёнингиздагиларга ёрдам кўрсатинг, тинчланишига ёрдам беринг. Вайроналардан ташқаридагилар билан товуш орқали ёки бирор нарсани тақиллатиш билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилинг. Кучларингизни тежанг. Ёдингизда бўлсин, ёрдам, албатта, келади.
16. Ёдингизда бўлсин, ернинг қайта силкиниши – афтершоклар хавфи сақланиб қолиши мумкин. Афтершоклар, асосий ер қимирлаганидан сўнг бир неча дақиқа, соат, баьзи вақтларда кунлардан кейин ҳам юзага келиши мумкин.
Раҳбарлар ва фуқароларнинг хавфсизлигини таьминловчи жавобгар шахслар диққатига!
Маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда ўзингизнинг ҳудудингизда жойлашган уй-жой, ташкилотлар, бинолар, корхоналар, мактаблар, болалар боғчалари, касалхоналарнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиб чиққан ҳолда, сейсмик хавфсизлик чора-тадбирларини ишлаб чиқинг.
Лойиҳачи ва қурувчилар!
Ёдингизда бўлсин, биноларни лойиҳалаштириш ва қуриш жараёнида йўл қўйган хатоларингиз ва лоқайдлигингиз, қурилиш технологияларининг бузилишлари бино ва иншоотларининг мустаҳкамлигини камайтириши ҳамда у ерда яшайдиган ва ишлайдиган аҳоли учун хавф туғдириши мумкин.
Обьектлар раҳбарлари диққатига! Бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини доимо кузатиб туринг. Диққат-эьтибордан четда қолган энг яхши бино ҳам муддатидан аввал, авария ҳолатига келиб қолиши мумкин.
Узоқ муддатли кўрсатгичларига асосан Марказий Осиё ҳудудида сейсмик фаоллик ҳолати давом этмоқда.
Сейсмология иститутининг геологик-геофизик, сейсмологик, гидрохимик кузатувлари асосида республикамиз ҳудудида зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли бўлган 3 та регион ажратилган:
1. Андижон, Наманган Тошкент вилоятлари ҳудудларини ўз ичига қамраб олган Чотқол-Қурама тизими (блоки).
2. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларини ўз ичига қамраб олган жанубий Ўзбекистон ҳудуди.
3. Марказий Ўзбекистон ва унга туташ Помир-Ҳиндикуш тизими (блоки) (шарқдан Самарқанд ва Жиззах вилоятларига туташиб кетган трансчегара зонаси).
LiveБарчаси