Девор орасидан 9 млн евролик хазина топилди
Олам
−
18:38 4845 2 дақиқа
Бельгиянинг Дендермонд шаҳрида қурилиш ишчилари бино ертўласидаги девор орасига яширилган, қиймати қарийб 9 млн еврога баҳоланаётган олтин тангалар ва қуймаларни топди. Бу ҳақда “vrtnws” хабар берди.
Воқеа жорий йилнинг 12 август куни Синт-Гиллис-Дендермонд ҳудудидаги Ван Лангенховестраат кўчасида жойлашган бинoни бузиш ишлари вақтида юз берган. Ишчилар канализация қувурини ётқизиш учун пойдеворнинг бир қисмини бузаётганида ғиштлар орасидан олтин тангалар ва қуймаларни топган.
Хазинани биринчи бўлиб 18 ёшли Коби исмли талаба кўрган. У дастлаб топилган тангаларни 1 еврoлик оддий тангалар деб ўйлаган.
“Аввалига улар 1 еврoлик тангалар деб ўйладим. Кейин олтин бўлаги ҳам кўринди. Шунда бу анча катта нарса эканини англадик”, дейди Коби.
Қурилиш майдони раҳбари ҳам топилмадан ҳайратга тушган. Унинг сўзларига кўра, ишчилар қазишни давом эттиргач, яна кўплаб олтин тангалар ва қуймаларни топган. Ишчилар топилма ҳақида қурилиш объекти эгаси ва полицияга хабар берган. Ҳозир олтин хавфсиз жойда полиция назоратида сақланмоқда.
Шарқий Фландрия прокуратураси хазинанинг бу жойга қандай келиб қолганини аниқлаш учун тергов олиб бормоқда. Бино эгаси вакилининнг таъкидлашича, олтиннинг яширилиши қандайдир фирибгарлик фаолияти билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.
Айни пайтда топилманинг қонуний эгаси ким экани ва ишчиларга мукофот бериладими ёки йўқми номаълум. Бу масалалар тергов якунлари ва қонуний тартиблар асосида ҳал қилинади.
“Қурилиш соҳасида 33 йилдан бери ишлайман. Бундай воқеага биринчи марта дуч келишим”, дейди қурилиш майдони раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британияда 2 минг йиллик тарихга эга хазина топилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси