Дешам Франция терма жамоасидан кетди

Спорт

image

Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешамнинг ўз лавозимидан кетишини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат футбол федерацияси хабар берди.

Аввалроқ Франция терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг учинчи ўрин учун кечган баҳсида Англияга 4:6 ҳисобида мағлуб бўлган эди.

Журналист Фабрицио Романонинг маълум қилишича, Франция терма жамоасининг янги бош мураббийи этиб Зинедин Зидан тайинланади.

57 ёшли Дешам 2012 йилдан буён Франция терма жамоасини бошқариб келаётган эди. Унинг қўл остида жамоа 2018 йилги Жаҳон чемпионати ва 2022 йилги UEFA Миллатлар лигасида ғолиб чиқди. Шунингдек, французлар Евро–2016 ҳамда 2022 йилги Жаҳон чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритди.

2018 йилги мундиалдаги зафардан сўнг Дешам ҳам футболчи, ҳам бош мураббий сифатида Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган тарихдаги учинчи шахсга айланди. Ундан аввал бундай натижага фақат бразилиялик Марио Загалло ва германиялик Франц Беккенбауэр эришган.

Дешам футболчилик фаолияти давомида Франция терма жамоаси сардори сифатида 1998 йилги Жаҳон чемпионати ва 2000 йилги Европа чемпионатида бош совринни қўлга киритган.

Клублар даражасида эса у “Монако”, “Ювентус” ва “Марсел” жамоаларида бош мураббий бўлиб ишлаган. Дешам “Марсел” билан 2009-2010 йилги Франция чемпионатида ғолиб чиққан.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг