Депутатлар чет эл фуқароларини номақбул деб топиш асосларини белгиловчи қонунни қабул қилди

Жамият

image

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартибини белгиловчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган. У “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Ҳужжат ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиқиши таъкидланган. У билан Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлишини номақбул деб топиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур тоифадаги чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам назарда тутилган.

Мунозаралар давомида депутатлар томонидан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Депортация қилиш асослари ва тартибига кўра, хусусан, Ташқи ишлар вазирлигидан номақбул деб топилгани тўғрисида билдиришнома олган шахс 10 кун ичида Ўзбекистонни ихтиёрий равишда тарк этиши керак бўлади. Агар бу шарт бажарилмаса, шахс депортация қилинади, яъни мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилади.

Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага киритилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг