Депутат ЕОИИ ҳақида: “Ташқи бозорлардаги улушимиз ортармикан ёки калишимизни тўғрилаб қўйишармикан?!”
Жамият
−
21 Апрель 2020
5508Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Агзамовага кўра, айни вақтда Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшиладими ёки йўқ, деган саволни бериш ортиқча. Мазкур масалада “етти ўлчаб, бир кесиш” керак бўлади.
“Охирги кунларда коронавирус пандемияси ҳар бир оилада қанчалик кўп муҳокама қилинаётган бўлса, сиёсатчи ва иқтисодчилар томонидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масалаласи ҳам шунчалар қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Тан олиш керак-ки, ҳукумат бу борада сиёсий вазминликни намоён этяпти. Чунки “коса тагидаги нимкоса” бизни кўпроқ ўйлантирмоқда”, дейди Гулруҳ Агзамова.
Биринчидан, фақат “Евроосиё иқтисодий иттифоқи” иборасидагина “иқтисодий” тушунчаси бор. Лекин бу иборада ўз аксини топмаган, бироқ кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган мустақиллик, сиёсий, геосиёсий, маданий, миллий қадриятлар каби масалаларда “етти ўлчаб, бир кесиш” керак бўлади.
Иккинчидан, кенг қамровли ишчи гуруҳ ЕОИИ билан боғлиқ таваккалчиликларни баҳолаши керак. Мазкур жараёнда шошма-шошарлик тўғри келмайди.Таъкидлаш жоизки, айни вақтда Ўзбекистон ЕОИИга қўшиладими ёки йўқ, деган саволни бериш ортиқча. Ҳозир кенг доираларда кўпроқ бундай қарорнинг оқибатлари ҳақида фикр юритилмоқда. Мазкур жараёнда бир-бирини инкор этувчи позицияларнинг мавжудлиги масаланинг нечоғлик зиддиятли, қалтис ва долзарб эканлигини билдиради.
2014 йил 29 майда Остона шаҳрида имзоланган “Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида”ги Шартноманинг 4-моддасида уни тузишнинг асосий мақсадлари сифатида аъзо-давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш мақсадида улар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун шароитлар яратиш, ташкилот доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга интилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларни ҳар тарафлама модернизация, кооперация қилиш ва улар рақобатбардошлигини ошириш кабилар белгиланган.
Бу Ўзбекистоннинг янги иқтисодий сиёсатининг асосларини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси мақсадларига мос келади.
“Агарда ЕОИИга қўшилсак, мамлакатимиз ишбилармонлари ўртасида рақобат муҳити кучаяди. Бозор талаблари, қонун-қоидалари барча учун бир хил бўлади. Гап 185 миллион аҳолиси бор улкан бозор тўғрисида кетмоқда. Республикамиз ўз бозорини тўлиқ таъминлай олганми? Қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатидан бошқа қайси тармоғимиз туриб бера олади?! Ахир Евроосиё бозорига йўл очилгач, муайян тармоқлар, масалан, автомобилсозлик, электротехника, қандолатчилик саноатимиз рақобатга дош беролмаслиги мумкинлигини инкор этиб бўлмайди-ку?! Ташқи бозорлардаги улушимиз ортармикан ёки калишимизни тўғрилаб қўйишармикан?!”, дея ҳавотирларини билдиради депутат.
Давлат раҳбари йил бошидаги Парламентга Мурожаатномаларида “барча йўллар банд эканлигини ва ҳеч ким ўз хоҳиши билан уни бўшатиб бермаслигини” уқтириб, “биз йўллардан узоқдамиз. Қўшниларимизда денгизга чиқиш учун йўл бор. Бизда ҳозир импорт кўп, бироқ ҳар бир доллар – бу бизнинг бойлигимиз, чунки биз валюта тўлаяпмиз. Россияга ўз манафаатларига эга Қозоғистон орқали чиқяпмиз. Ҳеч ким бизга йўлни енгиллатмоқчи эмас”, – деганди. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлиги бу импортнинг ўсишига ва кўплаб ўзбек корхоналарига зарба бўлиши мумкинлигига яққол ишорадир.
ЕОИИга кириш ёки кирмаслик ҳақидаги мулоҳазаларда кўпинча меҳнат мигрантларнинг иш топиш, тиббий суғурта ва пенсия таъминоти билан боғлиқ муаммолари тилга олинади. Қолаверса, бу кунги коронавирус пандемияси карантини даврида миллионлаб мигрантларнинг фавқулотдаги вазиятларда ватанига қайтишидаги қийинчиликлар ҳам масалага ўзгача ёндошувни талаб этмоқда. Бундан ташқари, мигрантлар сони миллионлаб саналса, бу уларнинг ўз ватанида иш тополмаслигидан далолат беради, Ўзбекистонда ишсизлик муаммоси ҳал бўлмаяпти деган тасаввур пайдо бўлади. Мигрантларни кетишини эмас - қайтишини ўйлаш керак. Агар мигрантлар масаласи вақтинчалик деб ўйланилса, унда ЕОИИга кириш учун бу аргумент кучсиз бўлади.
Евроосиё иқтисодий иттифоқида Россия Федерацияси ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан етакчи давлат эканига, Россия ЕОИИни минтақада геосиёсий таъсирини сақлаб қолиш мақсадида тузганига шубҳа йўқ. Ушбу бирлашма охир-оқибат сиёсий блокка айланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Россия Ўзбекистон учун сармоя ва технологиялар етказиб берувчи ягона инвестор эмас. Ўзбекистонда технологик масалалар ЕОИИсиз ҳам Хитой билан тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда ва бу тармоқнинг ривожланиши кейинги 10-20 йилларга ҳам аниқ чоралар билан белгиланган.
Россия ва Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажман бир-биридан кескин фарқланади. Мамлакатлар ўртасидаги йиллик савдо айланмаси 4 миллиард АҚШ долларига тенг, шундан тўртдан бир қисмигина Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Қолгани Россиядан импорт қилинаётган маҳсулотлардир. Бундан ташқари, чегараларни очиш, импорт учун божхона тўловларини тушириш, акциз солиғини бекор қилиш каби талаб¬лар Ўзбекистон иқтисодиётини сезиларли равишда заифлаштириб қўйилиши мумкин.
Масаланинг геосиёсий томони шундаки, Ўзбекистон дунёдаги қудратли давлатлар - АҚШ, Россия ва Хитой билан ҳамиша масофа сақлаб келган. Тарози паллаларини оғиштирмай, бир хил мувозанатда ушлаган. Ва бундай оқилона сиёсат ташқи муносабатларнинг субъектлари томонидан ҳурмат қилинган ва қадрланган. Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш эса ўз-ўзидан муайян томонга оғишни англатади. Бу эса, ўз навбатида, давлатнинг ҳозирги ташқи ижобий имижини шакллантираётган даврда сиёсий имижига путур етказиши мумкин.
“Менимча, том маънода ташқи ва ички суверенитетга эга бўлган мамлакатнинг миллий манфаатлари принципиал аҳамиятга эга бўлиши керак. Интеграция жараёнларига қўшилишда эса сиёсий вазминлик, иқтисодий босиқлик тамойиллари устувор бўлиши зарур”, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Агзамова.
LiveБарчаси