Депутат Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони кўплигидан нолимоқда

Жамият

image

Бугун, 13 июль куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди. 

Йиғилиш партиянинг янгиланган дастури, Сайловолди дастури лойиҳаларининг муҳокамаси, жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари сайловларида самарали иштирокини таъминлаш масалаларига бағишланди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар, Сайлов кодексининг қабул қилиниши бўлажак сайловлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичда, очиқлик, ошкоралик тамойиллари асосида кучли партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида бўлиб ўтишидан далолат беради.

Бу эса, ўз навбатида, OʻzLiDePнинг барча тузилмалари, депутатлик корпуси олдига партиянинг ушбу сайловларда муносиб ва самарали иштирокини таъминлаш борасида қатор вазифалар қўяди. Ушбу вазифалар турли даражадаги вакиллик органлари депутатлигига муносиб номзодларни, ишончли вакилларни танлаб олиш, партиянинг ўз электорати, сайловчилар билан алоқаларини мустаҳкамлаш каби масалаларни қамраб олади.

“Сўнгги уч йил ичида партия дастурий ҳужжатларига сезиларли ўзгартириш киритилмаган. Партиянинг дастури ва Сайловолди дастури Ҳаракатлар стратегияси билан ҳамоҳанг бўлиши керак. Зеро, у Президентимизнинг сайловолди дастурларига асосланган бўлиб, OʻzLiDePнинг президент сайловлари оралиғидаги дастурий ҳужжатидир ва бу партияга алоҳида масъулият юклайди”, деди OʻzLiDeP сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов.

Таъкидланишича, жорий йилда партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитасининг қарори билан 5 та йўналиш бўйича ишчи гуруҳ шакллантирилди. Улар тортишувлар ва мунозаралар асосида партиянинг дастури ва Сайловолди платформаси лойиҳаларини ишлаб чиқди.

Ушбу ҳужжатлар муҳокамасида мамлакатимизда парламент ва бошқа вакиллик органларининг роли, мавқеини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлаш каби масалаларга бағишланган аниқ таклифлар билдирилди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида хусусий секторни жадал ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аҳоли учун арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни модернизация қилиш, кичик бизнесни ривожлантириш масалалари ҳам йиғилиш иштирокчилари диққат марказида бўлди.

“Партиянинг янгиланган дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаларида алоҳида эътибор беришимиз керак бўлган масалалар бор. Президентмиз ҳам алоҳида таъкидлаётган қонун ижодкорлигини лойиҳаларда энг асосий вазифа қилиб қўйишимиз керак. Бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 13 минг 500 дан ортиқ. Уни қўллаш нафақат тадбиркорлар балки биз учун ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Шунинг учун ҳам биз тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш вазифасини олдимизга қўйишимиз зарур. Қонуности ҳужжатларни қисқартирсак, тадбиркорлар фаолиятига енгиллик яратган бўлардик. Чунки қонуности ҳужжатини қабул қилиш, ўзгартириш жуда осон. Тадбиркор эса узоқ вақт амал қиладиган ҳужжатларни талаб қилмоқда”, деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Раҳим Ҳакимов.

Қонун ҳужжатларида ҳали-ҳамон коррупция нормалари мавжуд. Ушбу нормаларни экспертизадан ўтказишнинг самарали механизми амалда йўлга қўйилмаган. У ёки бу нормаларнинг ўзи коррупция ҳолатларига йўл қўйиши, айрим давлат идораларига ортиқча ваколат берилиши ёки ваколатнинг суиистеъмол қилинишига асос яратиб бермоқда. Шу боис, коррупцияга қарши курашиш – бу нафақат давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вазифаси, балки бутун жамиятимизнинг ҳаёт тарзига айланишига эришишимиз зарур. Мавжуд коррупцияга қарши кураш тизими негизида, давлат раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва парламент юқори палатасига ҳисобдор бўлган мустақил давлат агентлигини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Чунки мавжуд идоралараро комиссия иши ўз натижадорлигини кўрсатмади. Дастуримизга шу ва бошқа шунга ўхшаш таклифларни киритмоқдамиз” деди OʻzLiDeP сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси котибият мудири, Экспертлар гуруҳи раҳбари Нуриддин Муродов.

Мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, жамиятимиз ривожида “билим жамияти”, “билим иқтисодиёти” каби тушунчалар негизида кадрлар малакасини ошириш, ҳудудий партия ташкилотлари фаолиятини янада жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳудудий партия ташкилотларини ахборот-коммуникация технологиялари, сайловларга оид зарур услубий қўлланмалар билан таъминлаш бўйича аниқ вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин тайёргарлик кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг