Депутат Экопартияга мажбурий аъзолик ҳақида: Қонунни яхши билмайдиган раҳбар ҳаракати кулгили ҳолатга сабаб бўлди
Жамият
−
04 Июнь 2019
4735Бугун, 4 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Олий Мажлис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутасаддилари ҳамда депутатлар иштирокида журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқаот давомида Жиззах вилояти фермерлар кенгаши раҳбари туманларга хат чиқариб, Экологик партияга ҳар бир тумандан 50 кишини аъзо қилишни сўрагани ҳақида савол берилди. “Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?” деди журналист.
Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси депутати Шуҳрат Ёқубов:
– Ҳа, Жиззахда шундай ҳолат юз бергани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабарлар тарқалди. Биринчи томондан баҳолайдиган бўлсак, бу — сиёсий технология. Сайловлар арафасида, нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки бутун дунёда қўлланилади.
Булар "қора", "кулранг", "оқ" технологиялар деб номланади. Партиялар шунга ўхшаш ҳар хил усуллардан фойдаланиб сайловларга кириб боради. Қонуний, ноқонуний, қонунда белгиланмаган, лекин мумкин бўлмаган, ахлоққа зид ҳаракатлар орқали сайловларга кириб борилади.
Жиззахдаги ҳолатни ҳам мана шундай технология сифатида баҳолашимиз мумкин. Чунки Экологик партия яқинда ташкил қилинган сиёсий партия. Унинг ҳам сайловларга кириб боришида ўзига яраша электорати, овоз берувчилари, қўллаб-қувватловчилари бўлиши керак. Ҳозир барча партиялар одамларни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қиляпти.
Қонунни яхши билмайдиган раҳбарнинг ҳаракати шунақа кулгили ҳолатга сабаб бўлди. “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга асосан партияга аъзо бўлиш ёки бўлмаслик ҳар бир фуқаронинг ўз ихтиёрида.
Сиёсий партияга аъзо қиласан, деб, норма белгилаб, қўл остидагиларга топшириқ бериши унчалик тўғримас. Агар ўша раҳбарнинг қўл остидагиларининг сиёсий, ҳуқуқий жиҳатдан билими бўлса, бу талабни бемалол бажармаслиги мумкин. Раҳбар ҳеч қандай чора кўра олмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь