Деновда ўқувчи болалар совуқда юпун ҳолдa тадбирга жалб қилинди
3-саҳифа
−
06 Январь
5668Ижтимоий тармоқларда ўқувчиларни совуқ ҳавода юпун кийимда тадбирга жалб қилингани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани маълумот берди.
Аниқланишича, 2024 йилнинг 6 декабрь куни Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ҳудудидан ўтган автомобиль йўли билан боғловчи, темирйўл устидан ўтган кўприк фойдаланишга топширилиб, кўприкнинг очилиш маросимига совуқ об-ҳавода Денов туманидаги 14 ва 16 -сонли мусиқа мактабларининг ўқувчилари (16 қиз ҳамда 4 ўғил бола) туманнинг Маданият бошқармаси топшириғига кўра енгил байрамона кийимларни кийган ҳолда жалб қилинган.
Ушбу ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Маданият вазирлигига болаларнинг соғлигини хавф остига қўйган масъулларга тегишли чора кўриш ва бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тақдимнома киритди. Тақдимнома вазирлик томонидан ўрганиб чиқилиб, болаларнинг соғлиги хавф остига қўйилгани юзасидан ҳудуднинг тегишли мансабдор шахсларига нисбатан интизомий жазо қўлланади.
Шунингдек, Маданият вазирлиги томонидан вазирлик тасарруфидаги ташкилотларга юқорида қайд этилган қонунбузилиш ҳолатларига такроран йўл қўймаслик, ўқувчиларни ҳар қандай тадбирларга асоссиз жалб қилишни қатъиян тақиқлаш чораларини кўришга оид кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтамиз, болаларнинг совуқ об-ҳавода юпун кийимда тадбирга жалб қилиш ҳолатлари аввал ҳам кўп кузатилган. Жумладан, 2022 йилнинг февраль ойида Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “Янги йўл” МФЙ ҳамда “Олтин мерос” ҳайрия жамоат фонди томонидан ўтказилган тадбирда ўқувчи қизлар совуқда юпун ҳолда меҳмон кутиб олишга мажбурланганди. Шунингдек, ўша йилнинг декабрь ойида Қашқадарёда бўлиб ўтган тадбирда юпун кийинган ўқувчи қизлар совуқда Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳокимлик тадбирига олиб чиқилганди.
LiveБарчаси