Ошаётган газ ва “свет”, суиқасдга учраган Дмитрий Ли, мигрантларга янги чекловлар – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
21 Декабрь
5091Халқда қиз узатганга қирқ йил тегма деган нақл бор. Шунга амал қилиб, ҳали-бери яқиндагина шоҳона тарзда қиз узатиб тилга тушган Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳақида умуман гапирмоқчи эмасдим. Нима қилай? Аканинг ўзи бу ҳафта ижтимоий тармоқни портлатиб, трендга чиқиб турибди. Тугаётган ҳафтада Олий Мажлис Сенатига 2025 йил учун “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунни тақдим этиб, келгуси йилнинг апрелидан бошлаб мамлакатда газ ва электр энергияси учун тарифлар яна оширилишини айтиб, суюнчи олди. Аммо бу гап шундоқ ҳам совуқ кунларда газ ва “свет”дан қийналаётган, гази бўла туриб, рўзғорининг камидан, қўлининг калталигидан уни ёқмай қўйган оилаларнинг бошига гурзидек тушди. Хўш, нарх ўзи қанчага ошаркан, деяпсизми? Бунисини дастур давомида атрофлича муҳокама қиламиз.
Ўзбекистонда жони хавф остида қолган мансабдорлар қатори яна биттага кўпайди
Қассоб қўй дардида, қўй эса жон... Ўзбекнинг бундай пурмаъно нақллари кўп-да. Кимдир боя айтганимдек рўзғорининг камини тўлдириш, газ ва “свет”дан орттириб, болаларига нормал ҳаёт қуриш билан овора бўлиб, кундалик ташвишларига ўралашиб юрган бўлса, катталарнинг муаммолари ҳам катта. Масалан, Ўзбекистонда жони хавф остида қолган мансабдорлар қатори яна биттага кўпайди. У Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Ли. Жорий ҳафта кутилганидек, Ўзбекистондаги эмас, балки халқаро оммавий ахборот воситаларида Дмитрий Лига ҳам суиқасд режалаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди ва яна кутилганидек бу ҳақда мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари сукут сақламоқда. Худди Комил Алламжоновга суиқасд ҳақида аввалига миқ этилмаганидек.
Дмитрий Романович Ли 2022 йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори лавозимида ишлаб келмоқда. Унга нисбатан режалаштирилган суиқасд эса жорий йилнинг август ойларига тўғри келади. Суиқасд ижроси бўлиши керак бўлган икки чеченистонлик эса айни вақтда Ўзбекистон талаби билан Интерпол қидирувига берилгани маълум бўлди. Бунда гап Россия фуқаролигига эга бўлган Бислан Расаев ва Шамил Темирхонов устида бормоқда.
Расаев ва Темирхонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 241- (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш), 246- (Контрабанда) ва 248- (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилишга алоқадорликда гумонланган Жавлон Юнусов ҳам Интерпол қидирувига берилган ва Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди. Шунингдек, шу ишга алоқадорлиги сабаб қидирувда бўлган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Қайд этилишича, Расаев ва Темирхонов Ўзбекистонга турли йўналишлар орқали келган: бири ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган, иккинчиси “Дўстлик” назорат-ўтказиш пункти орқали кириб келган. Улар Комил Алламжонов ва Дмитрий Лининг ўлдирилиши учун ҳар бирига 750 минг АҚШ долларидан, жами 1,5 миллион доллар таклиф қилган мижозларнинг кўрсатмаларига кўра ҳаракат қилган.
Алламжоновга суиқасддан икки ой ўтган бўлса-да, ҳозиргача унинг ўзи бирор жойда бу ҳақда сўз очгани йўқ. Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Бу орада эса Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Атхамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Темур Собиров, Давлат хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи полковник Алижон Ашуров, Ўзбекистон Бош вазирининг ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири Сарвар Ашуровлар лавозимидан озод қилинди. Уларнинг курсисидан кетиши Алламжонов билан боғлиқми-йўқми деган саволга аниқ ва расмий жавоб берилмади. Аммо Алламжонов воқеасига оид шу вақтгача тарқалаётган норасмий хабарлар секин-аста ўз тасдиғини топмоқда. Шошмай турайлик-чи, балки кўп ўтмай ҳуқуқ-тартибот идораларимиз Бислан Расаев ва Шамил Темирхоновнинг қидирувга берилганини эълон қилиб қолар.
Ҳа дарвоқе, бугунгача, расмий маълумотларга кўра, тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган жами 7 нафар шахс аниқланиб, 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган, икки нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган эди.
Тергов органи қидиргани айтилиб, исм-шарифи очиқланмаган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилган. Шунингдек, қидирувда бўлган айбланувчи Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Фарғонадаги фожиа. Яна нималар сир тутилмоқда?
Ўртоқлар, Фарғона нотинч. Тугаётган ҳафтада фарғоналиклар газ портлаши ва катта ёнғин келиб чиққанидан кейин хавфга тушиб қолган. Хабарингиз борлиги аниқ, 17 декабрь куни Фарғона шаҳрининг “Янги йўл” МФЙ Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган “Petrolium” номли АЁҚШ ва АГҚШ шохобчасида катта миқдорда газ сизиб чиқиши оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлиб, у бир неча кишининг ҳаётига зомин бўлди. Қурбонлар сони бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари 4 нафар деган жавоб билан чекланаётган бўлса, ижтимоий тармоқларда бу рақамга нисбатан ишончсизлик жуда юқори ва вафот этганлар 10 дан ортиқлиги ва ҳатто 20 га яқин бўлиши мумкинлиги, Ҳукумат буни яшираётгани иддао қилинмоқда. Воқеа тасвири тарқалган видеолар эса унинг кўлами анчагина катта бўлганини акс эттирмоқда.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, портлаш ва ёнғинга суюлтирилган газ тўкиш вақтида технологик жараёнларнинг бузилиши ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги сабаб бўлган.
Воқеа акс этган видеолар газ қуйиш шохобчаси атрофидаги бинолар, хусусан ёнгинасидаги кўп қаватли уйлардан олинган. Унда газ қуюқ тумандек сизиб чиқаётгани, кейинги видеода эса бирдан чақнаш содир бўлган, одамлар эса тириклайин ёнаётгани тасвирланган. Дарвоқе, портлаш оқибатида атрофдаги бино-иншоотларга ҳам зарар етган, кўплаб автомобиллар ёниб кетган. Жароҳатланганлар, куйиб кетганлар 12 нафар.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳукумат комиссияси тузилгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Лекин Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олинган. Ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган ва тергов ҳаракатлари кетмоқда.
Ушбу фожиавий ҳодисадан сўнг Фарғона вилояти ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг белгиланган норма ва меъёрларга мувофиқлиги ҳолати ўрганиб чиқилиши бўйича вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши қабул қилинди.
2008 йилда Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш бўйича қўмитаси томонидан эълон қилинган “Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари – Авто ёқилғи қуйиш шохобчалари” йўриқномасига қарайдиган бўлсак, ёқилғи қуйиш шохобчаларининг бошқа объектлардан қанча масофада қурилиши бўйича шартлар берилган. Унга ўкра, газ қуйиш шохобчалари, ер остига ўрнатилган суюлтирган газ омборига эга бўлса, тураржойлар ва жамоатчилик иншоотларидан 100 метрлик масофада, ва ерусти омборига эга бўлса, у жойлардан 300 метрлик масофада қурилиши белгиланган.
Шу ўринда савол туғилади: то мана шу фожиа бўлгунча масъулларнинг кўзи қаерда эди? Шаҳарнинг қоқ ўртасига, яна аҳоли яшаш жойлари, болалар боғчасининг бурни тагида шаҳарсозлик нормаларига зид тарзда газ қуйиш шохобчаси қуришга ким рухсат берган? Бугун энди уларни текширишга бел боғлаётганлар бу воқеагача нега уларнинг техник ҳолатини текширувдан ўтказмаган. Ёки иссиқ хонангиздан чиқиб ишлашингиз учун кимдир ўлиши, болалар етим қолиши ёки бир умрга мажруҳ бўлиши шартми? Очиғини айтсам, мен энди ҳам нимадир ўзгаришига унчалик ишонмайман. Ўзгарганда бунгача бўлган фожиалардан кейин ўзгарарди, хулоса қилинарди, жиғилдонга жилов бериларди.
Ҳа айтганча, балки мутасаддиларнинг шаҳар ўртасидаги газ қуйиш шохобчасига кўз юмиб келганининг бошқа сабаби бордир. Ҳар ҳолда портлаш ортидан бу АЁҚШ Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлоновнинг яқин қариндоши Азизхўжа Юсупхўжаевич Мавлоновга тегишли бўлгани айтилди. Ҳозиргача Божхона қўмитаси ҳам, вилоят мансабдорлари ҳам, Акмалхўжа Мавлоновнинг ўзи ҳам бу маълумотларни рад этгани йўқ.
Электр энергияси ва табиий газ тарифлари яна бир карра оширилади
Ҳозир қайси даврага кирмай, газга қанча тўлаяпсиз, деган гапнинг устидан чиқяпман. Қишнинг совуқ келиши, газ истеъмолининг ошиб кетиши, қолаверса, жорий йилдан газ ва электр энергиясига лимит ўрнатилиши одамларнинг ўйловларини янада орттирган. Газнинг бемалол ёқиб ишлатай, деса чўнтагига зарар. Ишлатмай деса яна чўнтагига зўр келади. Нега дейсизми? Ҳа, нега бўларди, совуқ уйда касал бўлади, дорилар ҳам фалон пул, дорихона тўла одам. Камига “сезон”да шамоллаш ва гриппни даволовчи дориларнинг нархи ошгандан ошади.
Дастур аввалида айтганимдек, Ўзбекистонда 2025 йилнинг 1 апрелдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари яна бир карра оширилади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Сенат ялпи мажлисида гапирди.
“Жорий йилда тарифлар ошган бўлса, ўша Вазирлар Маҳкамаси қарорида келгуси йил 1 апрелдан ҳам тарифларни яна бир карра ошириш таклифлари маъқулланган. Келгуси йил, насиб бўлса, 1 апрелдан тарифлар ошади”, деди вазир.
Вазир нархлар ошишига қарамай, энергетика соҳасига бюджетдан ҳали ҳам субсидиялар борлигининг сабабини тарифлар харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражага чиқмагани ва газнинг маълум бир қисми импорт қилинаётгани билан изоҳлади.
“Агар субсидиялар ҳақида гапирадиган бўлсак, келгуси йил бюджет лойиҳасида, сиз кўрганингиздек, газ ва электр бўйича субсидиялар миқдори етти ярим триллион сўм бўлиши кутилмоқда. Бу, албатта, жорий йилда ўн икки триллион эди, яъни камайиб боряпти. “Хўш, қачон бу субсидиялар берилиши тўхтайди?” деб савол берадиган бўлсангиз, 2025-2026 йилларда давом этади, 2027 йилда кескин пасаяди, насиб бўлса, ва 2028 йилдан бошлаб субсидиялар бюджетдан берилмайди”, деди Қўчқоров.
Бу ҳам етмагандек, келаси йил Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тарифлари 2 марта оширилади. Бироқ Қўчқоровга кўра, бу ҳам етарли эмасмиш.
“Энди иссиқлик таъминоти корхоналари ҳақида гапирадиган бўлсак, иссиқлик таъминоти бўйича масалаларимиз бироз мураккаброқ. Чунки бизда тарифлар орасидаги фарқлар жуда катта. Яъни, иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш нархи Тошкентда бир хил, Бухоро ёки Фарғонада эса бошқа. Шундан келиб чиқиб, бу соҳада айрим технологик муаммолар ҳам бор. Буларга ўлчагичларни ўрнатиш масаласи киради, чунки иссиқликни ўлчаш ҳам ўзи катта муаммо. Яна бир технология билан боғлиқ масала шуки, тизимлар жуда эскириб кетган. Қозонхоналар ва етказиб бериш тармоқлари Совет иттифоқидан қолган эски технологиялардан фойдаланади ва улар газни ҳам кўп истеъмол қилади. Фойда коэффициенти ва газдан фойдаланиш коэффициенти ҳам самарадорлиги паст бўлиб ҳисобланади”, деди у.
Хуллас, Сенат ялпи мажлисида “2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун бир овоздан рад этилмай қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2025 йилда иқтисодий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўмни, харажатлари эса 344,8 трлн сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) тегишинча 66,4 трлн сўм ва 62,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда.
“Толибон” ҳаракати Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилади
Тугаётган ҳафтада Россия Давлат Думаси иккинчи ва учинчи якуний ўқишда Афғонистонда ҳокимият тепасида турган “Толибон” ҳаракатини Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш имкониятини кўзда тутувчи қонунни қабул қилди.
Тасдиқланган қонунга кўра, террористик ташкилотларнинг федерал рўйхатига ўзгартиришлар суднинг тегишли қарори кучга киргандан сўнг дарҳол киритилиши мумкин.
Қонун лойиҳаси беш депутат ва етти сенатор томонидан ишлаб чиқилган. Давлат Думаси хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Эрнест Валеевнинг тушунтиришича, “Толибон” террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқарилгандан сўнг россияликлар агар хоҳласа, ҳаракатга қўшилиши мумкин.
“Толибон” Россияда 2003 йилдан бери террорчи ташкилот сифатида тан олинганига қарамай, Москва сўнгги йилларда у билан алоқаларни давом эттириб келмоқда. Владимир Путин “Толибон”ни “ҳамкорлар”, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса “оқил одамлар” деб атаган.
Россия генерали ўлимида ўзбек айбланмоқда
Суриядаги террорчилик гуруҳларига қўшилган ҳам, Туркияда теракт содир этган ҳам, Дубайда яҳудий раввинни ўлдирган ҳам ўзбек. Энди навбат Россия генералига. 17 декабрь куни тонгда Россия Федерацияси қуроллар, жумладан кимёвий қуроллар соҳасидаги ўзининг энг керакли генералидан айрилди. Москвада Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси ўз уйидан чиқиб кетаётганида электр самокатга ўрнатилган портловчи модданинг ҳаракатга келтирилиши оқибатида йўқ қилинди. Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича Бош тергов бошқармаси генералнинг ўлдирилиши бўйича жиноий иш қўзғатди.
Кириллов 2017 йилга қадар Россия Кимёвий мудофаа академиясига раҳбарлик қилган. 2017 йилдан эса Радиация, кимёвий ва биологик мудофаа кучлари бошлиғи этиб тайинланганди. У ушбу лавозимга киришганидан сўнг ўз чиқишларида Қўшма Штатларни бир қанча ҳарбий жиноятларни содир этишда айблаган ва бу баёнотлари билан анчагина танилганди.
Киев ҳолат юзасидан расмий муносабат бермади. Аммо ҳозирча фақатгина расмий муносабат бергани йўқ, холос. Чунки манбалар Россия генералининг портлатиб юборилишида Украина хавфсизлик хизматининг алоқаси борлигини ёзмоқда. Хавфсизлик хизматидаги манба бу портлатишни “махсус операция” деб атаган. Хусусан, BBC билан суҳбатлашган манба Россия Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик мудофаа кучлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов Украина хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган махсус операция оқибатида ўлдирилди дея маълум қилган.
Генералнинг вафотидан бир кун аввал Украина хавфсизлик хизмати Кирилловни жиноий иш бўйича сиртдан гумонланувчи, деб эълон қилган. Қайд этилишича, генерал мамлакатнинг шарқий ва жанубий қисмларида тақиқланган кимёвий қуролларнинг оммавий қўлланиши учун жавобгар. У Украинанинг жанубий ва шарқий ҳудудларида кенг кўламли босқин бошланганидан бери 4800 дан ортиқ кимёвий қуроллар қўлланиши учун энг асосий жавобгар сифатида кўрилади.
Хуллас, Кириллов ўлдирилди. Бу воқеликнинг бир томони холос. Аммо мазкур қотилликнинг ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегменти ва Россияда ишлаётган миллионлаб меҳнат мигрантлари учун алоҳида аҳамияти ва хавфи борлиги кейинчалик маълум бўлди. Аниқроғи, барчани ҳайратга солган ҳолда Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповга уюштирилган қотилликни ижро этишда гумонланиб, ўзбекистонлик 29 ёшли эркак қўлга олинди. Билдирилишича, Ўзбекистон фуқароси Украина махсус хизматларининг кўрсатмаси билан Москвага келган ва қўлда ясалган портловчи мосламани Игорь Кириллов яшаган тураржой биносига кираверишда турган электр самокатга ўрнатган.
Россия Тергов қўмитасининг версиясига кўра, ушбу жиноят учун Ўзбекистон фуқаросига 100 минг доллар миқдорида пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирига чиқариб юбориш кафолатланган. Россия ҳукуматига яқин манбаларга кўра, мазкур қотиллик содир этилганидан сўнг Россия хавфсизлик кучлари Ўзбекистондаги ваколатли органларга Игорь Кирилловнинг ўлдирилишида гумон қилинаётган шахс ҳақида маълумот олиш учун мурожаат қилган ва Ўзбекистон томони тегишли сўровни олгач, қўлга олинган фуқаро ҳақидаги маълумотларни Москвага етказган. Кирилловни ўлдирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган гумонланувчи Аҳмад Қурбонов бўлиб чиқди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан тармоқларга сиздирилган сўроқ видеосида Қурбонов Украина махсус хизматлари томонидан ёлланганини тан олган. У воқеа жойини кузатиш мақсадида автомашинани ижарага олиб, унга видеокамера ўрнатган. Қурилма WiFi орқали видео сигнални Днепрга, яъни УХХга узатган. Қурбонов видеоёзувдаги кўрсатмаси давомида генерал Кириллов уйдан чиққанида дарҳол портловчи мослама тугмасини босганини билдирган. Буюртмани Украина хавфсизлик хизмати берган бўлса-да, уни ижро этишда Ўзбекистон фуқароси гумон қилинаётгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ўзбек сегментида турли хавотирларни пайдо қилди. Эсингизда бўлса, йил бошида Москва вилоятининг Краснагорск шаҳрида жойлашган “Крокус Сити Холл”даги даҳшатли терактни уюштиришда айбланган бир қатор тожикистонликлар туфайли Россиядаги тожикистонлик мигрантларга босимлар сунъий тарзда кучайиб кетганди. Ўзбекистондан кетган ва айни дамда Россияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган миллионлаб мигрантларни катта эҳтимол билан шу сценарий хавотирга солаётган бўлса, ажаб эмас. Чунки бир неча шахс томонидан содир этилган жиноятга бутун бошли этник тус бериш Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари учун бегона амалиёт эмас.
Генерал ва унинг ёрдамчиси қотиллигида гумонланаётган Аҳмад Қурбонов суд қарори билан икки ой муддатга, яъни 2025 йилнинг 17 февралигача ҳибсга олинди. Қурбонов Россия Федерацияси Жиноят кодексининг учта моддаси: 105- (қотиллик), 205- (террорчилик ҳаракати) ва 222- (ноқонуний қурол олиш, топшириш, сотиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки олиб юриш) моддалари бўйича айбланмоқда.
Расмий Тошкент эса бу воқеага террорчилик ҳаракати деб баҳо бермоқда. 19 декабрь куни таъзия билдириш мақсадида Россия Президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ушбу жирканч террорчилик ҳаракатини кескин қоралашини айтган. Суҳбатда икки давлат махсус хизматлари ўртасида терроризмга қарши курашиш соҳасида яқин ҳамкорликни давом эттириш нияти қайд этилган.
Россияда рус тилини билмайдиган муҳожир болаларни мактабга қабул қилиш тақиқланиши мумкин
Россияда қайси мамлакат ёки миллатга мансублигидан қатъи назар мигрантларга қўйилаётган талаблар кундан кунга ортиб бормоқда. Рўзғор дардида совуқ рус ўлкасига бориб меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ҳам бундан қочиб қутулолмайди, албатта. Навбатдаги талаб Россиянинг юмшоқ кучи, аммо қаттиқ воситалар билан ҳимоя қилинадиган рус тили ҳақида бормоқда.
20 декабрь куни Россия Федерацияси Федерация Кенгаши рус тилини билмайдиган муҳожирларнинг фарзандларини мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонунни маъқуллади.
Энди мигрант болаларга тилни билиш бўйича тест синови жорий этилади. Ундан ўта олмаганлар эса мактабларга қабул қилинмайди.
Таълим ва фанни назорат қилиш федерал хизмати (Рособрнадзор) тест учун материалларни ишлаб чиқиш, баҳолаш мезонлари ва энг кам балл сонини аниқлаши керак.
Бундан ташқари, мактабга Россияда ноқонуний яшаётган ва ҳужжати бўлмаганлар ўқишга қабул қилинмайди. Қонун Президент томонидан имзоланса, 2025 йил 1 апрелдан кучга киради.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодировнинг фикрича, россиялик қонун чиқарувчилар мигрантларнинг болаларига рус тилини ўргатишни эмас, балки тилни билмаганларни мамлакатдан ҳайдашдек осон йўлни танлаган.
“Россиялик ҳамкасбларимиз рус тилини ўргатиш эмас, билмаганларни Россиядан, болаларни мактабдан ҳайдаш йўлини танладилар. Бу қонун постсовет мамлакатларида рус тилига бўлган эҳтиёжни ҳам, ҳурматни ҳам кескин камайтириши мумкин”, дея ёзган у.
Шу ўринда Қодиров Ўзбекистонда ҳам давлат идораларида ишлайдиган минглаб, мактабларда ўқийдиган юз минглаб давлат тилини умуман билмайдиган ватандошлар ва уларнинг болалари борлигини эслатиб кетган.
Россия Президенти Владимир Путин эса Марказий Осиёдан келаётган мигрантлар учун талабларни янада кучайтириш керак, деган фикрда. У бу ҳақда 19 декабрь куни “Владимир Путин билан йил натижалари” дастурида сўз очган.
Путинга кўра, Марказий Осиё аҳолиси Россияда ишлаш учун ўқитилиши керак. У ерда рус мактаблари очилиши, маданият ва тил ўргатилиши зарур.
Президент миграция муаммосини “жуда нозик ва ўткир” деб атаган. Унинг таъкидлашича, Россияда ишчилар етишмайди. Бўш иш ўринлари сони аллақачон юз минглаб топилади. Мигрантлар сонини камайтириш учун меҳнат унумдорлигини ошириш ва юқори технологияли соҳаларга эътибор қаратиш лозим.
Айни вақтда Кирилловнинг ўлими ва бундан кейин мигрантларга, хусусан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига қандай муносабатда бўлиш масаласи Ҳукумат ва парламент коридорларидаги асосий мавзу бўлиб қолмоқда. Россия парламенти аъзоларининг ҳаммаси ҳам мигрантларга қарши талаб ва тўсиқларни кенгайтириш борасида якдил қарорга эга эмас. Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси россияликларни мигрантофобиядан сақланишга чақирмоқда. Қўмита раиси Леонид Калашниковнинг фикрича, ҳамма нарсада ўзбекларни айблаш ноўрин.
“Ҳамма нарсада ўзбекларни айблаш керак эмас. Агар рус бирор жойда бирор иш қилган бўлса, бу бизнинг мамлакатимизда ҳамма нарса ёмон деганими? Албатта йўқ, бу жуда ибтидоий қараш. Давлатлар ўртасидаги муносабатларни оддийгина бир ўзбекка боғлашдан фойда йўқ. Бизнинг вазифамиз бу ерга ишлаш учун келган барча муҳожирлар кўчада сарсон бўлмаслиги ва назоратсиз қолмаслигига ишонч ҳосил қилишдир”, дейди Калашников.
МДҲ ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулиннинг фикрига кўра, Крокусдаги теракт ва генерал Кирилловнинг ўлими Украинани қасддан Марказий Осиёдан келган МДҲ давлатлари фуқароларини жиноятчи сифатида ишлатаётганини кўрсатади.
“Терактнинг иккинчи даражали мақсади муҳожирларга қарши тўлқин ва Россия ва Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқалар ўртасида можаро қўзғатишдир. Терактда Ўзбекистонни ва у билан муносабатларни айблашга уриниш, моҳиятан, Ўзбекистон Республикасини содир этилган жиноятга шерикликда айблашдир. Ҳақиқатан ҳам Президент Мирзиёевни генерал Кириллов қотилларига ёрдам берганликда кимдир гумон қиладими? Бундай далил йўқ. Лекин ўзбек ёки тожикдан қасос олишга даъват қилаётганлар билиб ёки билмай бировнинг буйруғини бажараётгани ҳақида мутлақо очиқ далиллар бор”, деди депутат.
Самарқандда келин кўп қаватли уйнинг деразасидан ўзини ташлади
Сўнгги вақтларда хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ номақбул ҳолатлар кўп қулоғимизга чалинмоқда. Унинг навбатдагиси Фарғонада содир бўлди. Қўқон давлат педагогика институти талабаси ўз жонига суиқасд қилиб, институт талабалар тураржойининг 3-қаватидан ўзини ташлади.
Қайд этилишича, 2005 йилда туғилган Қўқон давлат педагогика институти амалий фанлар факультети жисмоний маданият йўналиши 2-босқич талабаси жорий йилнинг 13 декабрь куни соат кечки 01:20 ларда ўз жонига суиқасд қилиб, институтнинг 3-сонли талаба тураржойи биноси 3-қаватидан ўзини ташлаб юборган. Оқибатда у тан жароҳати олиб, Қўқон шаҳар марказий шифохонасига мурожаат қилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Қўқондаги ҳолатда қиз тирик қолган, аммо Самарқанддаги воқеа фожиа билан тугаганидан хабарингиз бор. Шу кунларда менга ижтимоий тармоқдаги саҳифам орқали самарқандлик келиннинг вафоти тагига етишимизни сўраб мурожаат қилаётганлар талайгина.
Гап Самарқанд шаҳрида 23 ёшли келин кўп қаватли уйнинг деразасидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилган ҳолат ҳақида бормоқда. Бунда унинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги маълумот бизга оид эмас, буни Бош прокуратура айтмоқда. Одамлар орасида юрган гапларга қараганда у ўз жонига қасд қилмаган, балки деразадан ўзини ташлашга мажбурланган бўлиши мумкин. Бу орада эса ижтимоий тармоқларда унинг муттасил оилавий зўравонлик қурбони бўлиб келганига оид суҳбатлар ва суратлар тарқалди.
Бош прокуратура аёлнинг ўлими бўйича суд-тиббиёт экспертизаси тайинланганини эълон қилган эди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши маълум қилинган.
Энди эркаклар ҳам фарзандли бўлганда 5 кунлик таътилга чиқиши мумкин
Дастур охирида сизни хурсанд қиладиган яхши хабарим ҳам йўқ эмас. Эндиликда Ўзбекистонда эркаклар фарзандли бўлганида турмуш ўртоғига ёрдам бериш ёки бошқа фарзандларига қараб туриши учун қисқа муддатли, 5 кунлик таътилга чиқиши мумкин. Бу ҳали лойиҳа холос.