Кетган Раҳматуллоҳ қори, қайтган Қодиров, урушни тўхтатган Путин – Ҳафта дайжести
Таҳлил
−
07 Январь 2023
17308Халқда заргар фирибгар бўлса, олтин занглар, деган нақл бор. Болалагимдан прокурор, ҳуқуқшунос бўлишни жуда орзу қилардим. Аммо ўтган 5 йилда мамлакатнинг нақ учта Бош прокурори панжара ортига ташланганидан кейин, ўххў, орзумга етмаганим ҳам афзал бўлган экан, деб қўйдим ўзимга ўзим ва энг бошида айтганим мақолнинг мағзини чақдим. Гапни нега бундан бошлади деётгандирсиз. Ҳаммасини биласиз, билмасангиз, қулоқ тутинг.
10 йилга қамалиб, 3,5 йилда чиққан Қодиров
Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров 2023 йилнинг 2 январь куни озодликка чиқди. Тўғри, бу ҳақда давлат идораларидан расмий хабар берилгани йўқ. Аммо манбаларимиз буни тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, 29 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани судида Рашид Қодировга оид ишни кўриб чиқиш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтган. Суднинг ҳукмига кўра, Рашид Қодиров Жиноят кодексининг 73-моддаси (Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш) билан озодликка чиқарилган.
У бунгача Зангиота тумани 22-сонли жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган эди.
Мамлакат Бош прокуратурасини 15 йил бошқарган Рашид Қодиров 2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган М.Мирзаев, Ж.Файзиев, У.Суннатов, Р.Пўлатов, А.Мусашайхов, У.Хуррамов, Ю.Гаипов, А.Мирзаев, М.Мирзаева, фуқаролар С.Косимов, А.Икрамов ва Х.Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш, пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Рашид Қодировга ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Рашид Қодировни махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилди.
Ўшанда Рашид Қодиров ва бошқаларга нисбатан очилган жиноят ишининг судда кўрилиши ҳам ОАВ учун очиқ бўлиши айтилганди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг апрелида Андижон вилоятига ташрифи вақтида ўтказилган йиғилишда собиқ бош прокурор Рашид Қодиров телевидение орқали гапиртирилиши ҳақида айтиб ўтганди. Аммо якунда ундай бўлмади. Унга нисбатан очилган жиноят иши эса ёпиқ суд мажлисларида кўрилиб, жазо тайинланди.
Бош имом-хатибликдан ҳам, мамлакатдан ҳам кетган Раҳматуллоҳ домла
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов тугаётган ҳафтада эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотларига кўра, Сайфуддинов ўз аризасига кўра ишдан кетган.
Унинг ўрнини “Абу Сахий” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов эгаллади.
У Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимида 1 йилу 2 ой фаолият юритди. Бироқ, у лавозимидан айрилишидан аввал ижтимоий тармоқларда куннинг асосий қаҳрамонига айланди. Бунга унинг “Севимли” телеканалида намойиш этилган “Зирапча” лойиҳасидаги иштироки сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқнинг кўплаб фойдаланувчилари Сайфуддиновнинг “Зирапча”даги иштироки, аёллар даврасига кириб борганини қоралади.
Қолаверса, ижтимоий тармоқларда тарқалган яна бир видео катта шов-шувларга сабаб бўлди. Бу Сайфуддиновнинг қўлини шогирдларидан бири ўпаётгани акс этган лавҳанинг тарқалиши билан боғлиқ. Раҳматуллоҳ домла Сайфуддиновнинг QALAMPIR.UZ билан суҳбатда айтишича, бу видео бундан бир йил аввал тасвирга олинган ва айни кунларда адоват билан тарқатилган.
Хўш, Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов нега лавозимдан кетди? Унинг саломатлигида қандай муаммо бор? QALAMPIR.UZ Германияга йўлга чиққан ва Дубайда тўхтаган Раҳматуллоҳ домла Сайфуддиновга алоқага чиқиб, масофадан бўлса ҳам юқоридаги саволларга жавоб олди. Интервьюни Youtube каналимизда томоша қилишингиз мумкин.
"Док-1 Макс" машмашаси тугамайдиганга ўхшайди
2022 йилни шифо истаб “Док-1 Макс” дорисини ичган 19 норасиданинг жонсиз танасини қаро ерга бериб якунлагандик. Бугун бу дори ҳақида тасдиқланган ва тасдиқланмаган ахборотлар шу қадар кўпки, аслида мамлакатда неча бола шу доринидан вафот этганию неча киши заҳарланганини билолмаяпмиз. Тугаётган ҳафтада тарқалган маълумотлардан кўриняптики, доридан зарарланганлар фақат Самарқанд ё Қашқадарёда эмас, балки Тошкент, Сирдарё ва Фарғонада ҳам бор.
Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақуловга кўра, Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанмоқда. Шифокорлар томонидан унинг аҳволи оғир, деб баҳоланган.
Сирдарё вилоятида эса “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарланди. Уларнинг 4 нафари соғайган, 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида қолаётгани айтилди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида 2 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиб, вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган 2 яшар бола “Док-1 Макс” дорисини истеъмол қилгач, аҳволи оғирлашиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган ва муолажаларга қарамай, 23 декабрь куни вафот этган.
Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқарамаси бошлиғининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Феруза Раҳматуллаева QALAMPIR.UZ билан суҳбатда аввалига ҳолат ҳақиқатдан ҳам содир бўлгани, бола 23 декабрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этгани ва расмий ахборот тайёрланаётганини маълум қилди. Орадан бироз вақт ўтиб, Раҳматуллаева ўлим Тошкент шаҳрида қайд этилгани учун ушбу маълумот вазирлик томонидан берилиши кераклигини айтди ва “Док-1 Макс” сиропидан вафот этган 18 гўдак рўйхатида Тошкент вилоятидан бўлган 2 яшар бола ҳам борлигини урғулади. Бироқ, Раҳматуллаева берган ушбу маълумот вазирлик тарқатган дастлабки хабарларга зид. Бирламчи маълумотларда вазирлик "Док-1 Макс" сиропини ичган 18 бола Самарқандда вафот этганини маълум қилган.
То ўлим хабари чиққунча миқ этмай ўтирган Тошкент вилояти ҳокимлиги Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига “Док-1 Макс” сиропи истеъмоли оқибатида заҳарланиш белгилари билан 9 нафар бола олиб келинганини ортиқ яширолмай, расмий хабар берди. Беморларнинг 5 нафари уйига қайтарилган, 4 нафари даволанаётгани айтилди.
Ҳокимлик Тошкент вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида шу пайтгача “Док-1 Макс” препаратидан заҳарланиш туфайли ўлим ҳолати кузатилмаганини билдирди. Хўш, кимга ишониш керак, вилоят ҳокимлигигами ё Соғлиқни сақлаш бошқармасига?
"Док-1 Макс"га масъуллар ДХХ ҳибсхонасига ташланди
Давлат хавфсизлик хизмати эса “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаганини аниқлади.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъулияти чекланган жамияти масъул ходимлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талаблари қўпол равишда бузилган. Ушбу дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмагани оқибатида сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган.
Жиноят иши доирасида “Quramax medical” МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходими ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖнинг 2 нафар масъул ходими гумонланувчи шахслар сифатида ДХХ Тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилган.
Давлат божхона қўмитасидан QALAMPIR.UZ’га маълум қилинишича, декабрь ойида Ўзбекистонга келтирилган “Док-1 Макс” дорисининг 3 та партияси, яъни салкам 60 минг қутиси қатъий назорат остида сақланмоқда. Шунингдек, ушбу дорининг илгари келтирилган 2 та партияси ҳам Давлат божхона қўмитаси омборида ушлаб турилибди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 19 бола ўлиб, ортидан оналар зор йиғлаб қолганидан кейин аниқлашича, “Док-1 Макс” дори воситаси таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда бўлган.
Шунча пайт кўзингиз қаёқда эди? Уялмадингизми энди шу ҳисоботни бергани. Йўқ, уялишган. Уялишгани учун ҳам бу маълумотни ОАВда ва ўз сайтларида эълон қилмай, Ҳиндистон элчихонасига билдиришган. Элчихона ҳам боплаб оммага эълон қилиб юборди.
Элчихона ходимларига агентлик томонидан дори партиясида этилен гликол борлиги, бу тиббий қоидаларда кўрсатилган меъёрдан 300 баравар юқори эканлиги ҳақида маълум қилинган.
Ҳиндистон фармацевтика экспортини қўллаб-қувватлаш кенгаши (“Pharmexcil”) “Marion Biotech” компаниясининг маркетинг рухсатини тўхтатган.
Сулҳ ниқоби остидаги уруш
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Мудофаа вазири Сергей Шойгуга 6 январь куни Москва вақти билан соат 12:00 дан 7 январь куни соат 24:00 га қадар Украинадаги барча ўзаро тўқнашув чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этишни буюрди.
“Жанг ҳудудларида православликни тан олган кўплаб фуқаролар истиқомат қилаётганига асосланиб, биз Украина томонини ўт очишни тўхтатишни эълон қилишга ва уларга Рождество арафасида, шунингдек, Масиҳнинг туғилган кунида қатнашиш имкониятини беришга чақирамиз”, дейилади Путин имзолаган ҳужжатда
Бироқ, Украина Россиянинг сулҳ таклифини рад этди ва рус қўшинлари Украина ҳудудини тарк этиши кераклиги, шундан кейингина "вақтинчалик сулҳ" бошланишини маълум қилди. Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия томонидан эълон қилинган сулҳни “иккиюзламачилик” деб атади.
Президент Владимир Зеленскийга кўра, уруш зонасида сукут сақлаш баҳонасида Россия янги “тажовуз” қадамларини яширишга уринган.
Европа Иттифоқи ҳам Путиннинг сулҳ таклифига ишонмади ва уни иккиюзламачилик деб атади.
“Бир томонлама ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги эълон ноқонуний ва хунук аннексиялар ва улар билан бирга ўтказилган референдумлар каби ёлғон ва иккиюзламачиликдир”, дейди Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель.
АҚШ Президент Жо Байден ҳам кўпчилик нима деса, шу фикрдаман дегандек, Путиннинг қарорига бироз нафас ростлаш деб изоҳ берди.
Глҳ уни, глҳ буни қўллаб-қувватлаш ва ярим-ёрти баёнотлар билан аллақачон таъсирсиз тузилмага айланиб қолган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш эса Россиянинг православ Рождество байрамларида Украинадаги барча ҳарбий алоқа чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатиш режимини жорий қилганини олқишлади.
Бироқ, Путин берган ваъдасига содиқ қолмади. 6 январь куни Украина бўйлаб ҳаво огоҳлантиришлари янгради. Херсонда ўт ўчириш бўлимига ҳужум қилинди. Михаил Подоляк эса рус томони таклиф қилган сулҳ моҳияти ана шундан иборатлигини айтиб, дунёни кўзни очишга, Путинга алданмасликка ундади. Россия Мудофаа вазирлиги эса Киевни биринчи бўлиб ўт очишда айблади.
Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон билан иттифоқ ҳавасидан қайтгани йўқ
Янги йилнинг биринчи ҳафтасида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин уч Президент – Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ва туркиялик мавқедоши Ражаб Тойиб Эрдўған билан мулоқот қилди.
Путин ва Тўқаев икки давлатнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги, жумладан, ёқилғи-энергетика комплекси бўйича амалий ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Шу муносабат билан етакчилар икки давлат ҳукуматлари ва тегишли тузилмалари ўртасидаги мувофиқлаштиришни давом эттиришга келишиб олган. Бундан кўринадики, Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан газ иттифоқини яратиш орзу-ҳавосидан воз кечмаган.
Путин ва Мирзиёев суҳбатида эса икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни, жумладан, энергетика соҳасида ҳам кучайтириш нияти билдирилган.
Россия-Ўзбекистон иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, турли соҳаларда, жумладан, энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга икки томоннинг интилиши тасдиқланган.
Путин ва Эрдўған ўртасидаги суҳбатда берилган месежлар жуда кўп. Давлат раҳбарлари дунёнинг бир бурчагидан кириб, иккинчи бурчагидан чиққандек гўё. Туркияда газ хабини яратиш дейсизми ёки Аққаю Атом электр станцияси қурилишини якунлаш, қўйингки, Украинадаги уруш, ғаллани олиб чиқиш, Россия ўғинитини дунёга етказишдан тортиб, Сурия можароси бўйича ҳам фикр алмашилган.
Путин Эрдўған билан телефон орқали суҳбатда Ғарбнинг Украинани қурол-яроғ билан таъминлаш орқали Россияни нишонга олаётганини айтган.
Кремль Эрдўғаннинг можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишда Туркия воситачилигига тайёрлиги нуқтаи назаридан, Путин Россиянинг жиддий мулоқотга очиқлигини тасдиқлади – агар Киев расмийлари таниқли ва қайта-қайта билдирилган талабларни бажарса ва янги ҳудудий воқеликларни ҳисобга олса.
Путин ва Эрдўған, жумладан, Сурия бўйича уч томонлама форматда алоқаларни давом эттириш бу мамлакатдаги вазиятни ҳал қилишга ёрдам беришига умид билдирган. Эрдўған Сурия Анқара ва Дамашқ ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш учун сиёсий қадамлар қўйиш зарурлигига эътибор қаратган.
Сукут аломати ризоми?
Қозоғистон Республикаси Бош прокурори Берик Асилов ўтган йилнинг шу даврида мамлакатда содир бўлган “қонли январь” фожиаларига бир йил тўлиши муносабати билан парламентда ҳисобот берди ва тартибсизликларда Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари қатнашганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жиноятчилар орасида одамларни ўз сафига жалб қилган, қуролланган, рация ва транспорт воситалари сотиб олган уюшган жиноий гуруҳлар ҳам бор.
Асиловнинг қўшимча қилишича, бу қўпорувчилик ҳаракатини алоҳида хавфсизлик кучлари назорат қилган.
Унинг бу гапларини Бишкек ва Душанбе жавобсиз қолдирмади. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, мамлакат ўз фуқароларининг Қозоғистонда ўтган йили содир бўлган фожиали воқеаларга алоқадорлигини қатъиян рад этади.
“Оммавий тартибсизликлар факти бўйича жиноят ишларини тергов қилиш доирасида Қирғизистоннинг икки фуқароси шартли ҳукм билан судга тортилди. Ушбу фуқаролар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли тасодифан алоҳида эпизодга жалб қилинган”, дейилади хабарда.
Вазирлик Қирғизистон Республикасининг бошқа фуқароларининг жавобгарлиги ва айби исботланмаганини очиқлади. Урғуланишича, Қозоғистонда бирорта ҳам Қирғизистон фуқароси митинглар, оммавий қирғин ва талон-торож қилишда қатнашмаган.
Тожикистон ҳам Остонанинг айбловларини шунчаки ҳазм қилиб кетгани йўқ. Душанбе айбловларни буткул рад этди. Қайд этилишича, бу фактлар тасдиқланмаган.
Аммо расмий Тошкент фуқароларига қўйилган бу айбловларга жавоб қилгани йўқ. Балки буни сукут аломати ризо, десак бўлар. Ҳар ҳолда “қонли январь” тартибсизликларида ўзбекистонликлар иштирок этгани ҳақидаги факт инкор этилмади.
Норов қилмаган ишни, Саидов бажарди
Ўтган йилнинг 21 декабрь куни Афғонистонда ўз муваққат ҳукуматини ўрнатган “Толибон” ҳаракати мамлакат университетларидан талаба қизлар учун дарсларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатди. Бунга нисбатан дунёнинг кўплаб мамлакатлари муносабат билдирди. “Толибон”нинг халқаро ҳамжамиятга берган ваъдаларини бажармаслиги бадали оғир бўлиши айтилди. Аммо мамлакат қўшниси Ўзбекистон жим қолди. Бироқ, сукут узоққа чўзилмади. “Толибон”нинг қароридан 16 кун ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тилга кирди ва Афғонистонда хотин-қизларнинг олий ўқув юртларида таълим олишига қўйилган тақиқлардан чуқур ташвишдалигини билдирди.
“Афғонистонда хотин-қизларнинг давлат ва хусусий олий ўқув юртларида таълим олишига тақиқ қўйилгани тўғрисидаги хабарни чуқур ташвиш билан қабул қилдик.
Афғон халқининг тинч ва фаровон келажакни барпо этиш йўлидаги интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатъият белгиси сифатида ушбу қарор қайта кўриб чиқилишига умид қиламиз”, дейилади расмий Тошкент мулоҳазаларида.
Дарвоқе, бу баёнот берилгунга қадар Ташқи ишлар вазирлигининг аввалги раҳбари Владимир Норов кетиб, ўрнига Бахтиёр Саидов келди. Балки бу баёнот Саидовнинг сиёсий иродасидан даракдир.
Абдулла Ориповнинг синглиси портлаш оқибатида вафот этди
Ўтган йилнинг 24 декабрь куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли шифохонада портлаш содир бўлиб, унинг оқибатида икки нафар фуқаро тан жароҳати билан шифохонага ётқизилганди.
Жабрланганлардан бири марҳум Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг синглиси, 74 ёшли Ойсара Убайдуллаева бўлиб, у тананинг 80 фоиз куйиши тан жароҳати билан 2022 йилнинг 30 декабрь куни шифохонада вафот этди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада расмий ахборот бергани йўқ.
Эркак аввал хотини ва 5 ойлик боласини, сўнг ўзини ўлдирди
Самарқанд вилояти Оқдарё туманида эркак хотини ва 5 ойлик боласини ўлдириб, ўзини осиб қўйди. Ҳолат 2022 йил 24 декабрь куни содир бўлганига қарамай, 6 январга келиб иси чиқди.
Тергов-тезкор гуруҳи аъзолари томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилганда аёл бўйин соҳаси чап ён томонида 2 дона санчиб-кесилган жароҳати, чақалоқ эса тан жароҳатсиз, шунингдек, хонадон эгаси ушбу ҳовлининг оғилхонасини чердак қисмига арқон билан бўйнидан осилган ҳолда топилган.
Дастлабки тезкор маълумотлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, эркак турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб, уни қайчи билан бўйин соҳасига 2 марта уриб ўлдирган. Сўнгра бешикда ётган 5 ойлик фарзандини қўллари билан бўғиб ўлдириб, кейин ўзини-ўзи осиб қўйган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
6 яшар қизга тегажоғлик қилган 47 ёшли эркак 10 йилга кесилди
Тошкентда 47 ёшли эркак 6 ёшли қизчага нисбатан зўравонлик содир этмоқчи бўлгани учун 10 йил қамоқ жазосини олди.
Кўпчилигингизнинг хабарингиз бор, 2022 йилнинг ёз ойларида 47 ёшли эркак ёш қизчани алдов йўли билан подъездга чақириб, уни ечинтириб, тегажоғлик қилган.
Қизча бўлган воқеа ҳақида онасига айтиб берган. Она эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган. Тергов пайти эркак бир неча бор кўрсатмаларини ўзгартирган. Психологик экспертиза қизча рост гапираётганини тасдиқлаган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди Р.Ш.ни Жиноят кодексининг 25, 119-моддалари (Жинсий эҳтиёжларни ғайритабиий шаклда мажбуран қондириш) билан жиноят содир этганликда айбдор деб топган. Судланувчи Жиноят кодексининг 25-моддаси 4-қисми, 119-қисми асосида ушбу кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Жазони умумий режимдаги колонияларда ўташ белгиланди.
Андижонда ҳайвонот бохи ишчисини айиқ қопти
Андижон ҳайвонот боғи ишчиси айиққа овқат бериш мақсадида унинг қафасига кирган вақтда йиртқич унга ташланди ва бўйин қисмидан тишлаб олди. Оқибатда ишчи эркак оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этди.
Мазкур ҳолат Хўжаобод тумани ИИБ томонидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилиб, ҳодиса жойи туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилган.
Фуқаронинг олган тан жароҳатларини оғирлик даражасини ва унинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонга аномал совуқ келяпти
Келаси ҳафта кўп болали оилаларнинг катталарига сабр ва асаблари мустаҳкам бўлишини тилаймиз. Чунки болалар 18 январгача уйда. Мактабларда қишки таътил узайтирилди, боғчалар 9 январдан эътиборан ёпилади. Университет ва лицейлар ҳам таътилни узайтирди ва вилоятлардаги талабалардан Тошкент томон йўлга чиқмасликни сўради. Хўш, нега?
Гидметеорология хизмати марказининг маълум қилишича, жорий йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисмининг шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланади.
9-11 январда республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.
Хўш, Ўзбекистон энергетика тизими кутилаётган совуқ кунларга, бир ҳафталик имтиҳондан ўтишга тайёрми?
Энергетика вазирлиги биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилишини ваъда қиляпти. Ушбу кунларда
Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилаётган чекловлар давом эттирилади, йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилади, энерготизимдаги йирик истеъмолчиларнинг кунлик электр энергияси истеъмоли камайтирилади ва тежалган 11-12 млн кВт-соат электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилади, барча истеъмолчиларни бир маромда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланган графикларга асосан қисқа муддатли чекловлар киритилади.
Икки соатдан ошмаган вақт оралиғида ҳудудлар кесимида жорий этилаётган чеклов графиклари эълон қилиб борилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь