Газдан кечаётган Ўзбекистон, талабалари наркокурьерга айланган университет, операция столида ўлаётган одамлар, ишончсиз тиббиёт – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
14 Декабрь 7444 14 дақиқа
Ўзбекистонда 184 нафар киши пора олиш жиноятини содир қилгани учун судланган, улардан 114 нафари қамалган. Бу бир кунлик эмас, жорий йилнинг 11 ойига оид статистика. Шунга қарамай, Ўзбекистонда порахўрлар, коррупцияга оид жиноятлар камаймаяпти. Рақамлар жамоатчиликка, ҳуқуқ-тартибот органларига маълум бўлган ҳолатларнигина ўзида акс эттирмоқда. Аммо енг ичида қолиб кетаётганлари-чи? Аслида кундалик турмушимизда маиший коррупциянинг турли ҳолатлари билан дуч келамиз, бироқ юз иссиқ, андиша қиламиз. Ичимиздан норози бўлсак-да, устимизга чиқара олмаймиз. Хўш, сиз қайси соҳаларда одатий, кундалик маиший коррупцияга дуч келяпсиз? Ҳамон таълим ва соғлиқни сақлаш юқори ўринлардами? Фикрларингизни изоҳларда ёзинг.
“Анафилактик шок”: Тошкентда ёш йигит операцияда вафот этди
Ринопластика ва септопластика йўналишидаги операцияларни ўтказиш борасида нафақат Ўзбекистон, қўшни республикаларда ҳам тилга тушган Ibatov’s clinic’дан 31 яшар йигитнинг ўлиги чиқди. Гарчи ҳолат 12 ноябрь куни содир бўлган эса-да, унинг иси бир ой ўтиб, тугаётган ҳафтада чиқди ва ижтимоий тармоқларда диққат марказидаги мавзуга айланди.
Бош прокуратуранинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, 1994 йилда туғилган йигит Тошкентдаги Ibatov’s clinic’га “чап томонлама бурун кистоз гаймарити, ўнг томонлама ўрта бурун чиғаноғи конхобуллёзи вазаматор ринит” ташхиси билан мурожаат қилган. Ушбу клиника шифокорлари томонидан жарроҳлик амалиёти жараёнида пульс кўрсаткичлари йўқолиб, юрак фаолияти тўсатдан тўхтаб қолиши оқибатида йигитда биологик ўлим ҳолати юз берган.
Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали Морфология бўлимининг жорий йилнинг 13 ноябрь кунги 1250-сонли дастлабки маълумотномасига кўра, йигитнинг ўлимига ўткир коронар ўлим, ўткир анафилактик шок сабаб бўлгани кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида 12 ноябрь куни судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Олмазор туман прокуратураси томонидан хусусий клиника шифокорларига нисбатан жорий йилнинг 29 ноябрь куни Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, дастлабки терговда берилган алоҳида топшириққа асосан хусусий клиника фаолияти 14-03/28-сонли қарорга билан жорий йилнинг 6 декабридан расман тўхтатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Биз ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ibatov’s clinic асосчиси Нодир Ибодовни студиямизга таклиф қилиб, у билан суҳбатлашдик. Клиника раҳбари ўша куни шифохонада бўлмагани, марҳум беморни танимаслиги, операция жараёнида малакали шифокорлар гуруҳи ишлагани ва клиникада барча техник ҳамда тиббий воситалар бўлганини айтаркан, ҳолатда шифокорларнинг айби йўқлигини урғулади.
31 яшар беморнинг ўлими муҳокамаларга сабаб бўлаётган бир вақтда айнан ушбу клиникада ўтказилган операция ортидан ногирон бўлиб қолган қизнинг онасининг дод-фарёди тарқалди. QALAMPIR.UZ Ибодовни ушбу масалада ҳам саволга тутди.
Биз марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ҳолда, мавзуни тўлиқ, холис ва атрофлича ўрганиш учун барча томонларни эшитишга очиқлигимизни маълум қиламиз. Шу ўринда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини айбсизлик презумпциясига риоя қилган ҳолда, изоҳларда ҳақорат ва айбловлардан тийилиш, суднинг хулосасини кутишга чақирамиз.
Ўсмир ўлимига сабабчи бўлган инспекторга ҳукм ўқилди
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида 17 ёшли йигит ўзини ёқиб юборишига сабаб бўлган профилактика инспекторига суд ҳукми ўқилди.
Гап шундаки, 2025 йилнинг 20 февраль куни 2008 йилда туғилган йигит амакисига тегишли Cobalt автомашинасини ўзбошимчалик билан ҳайдаган. Мазкур ҳолат юзасидан 102 рақами орқали Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг навбатчилик қисмига мурожаат келиб тушган ва ҳолат Булунғур тумани “Килдон” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика катта инспекторига бириктирилган.
Икки кун давом этган қидириш ишларидан сўнг, 21 февраль куни йигит Жиззах вилояти Зарбдор туманидан топилиб, уйига олиб келинган. Шундан сўнг инспектор ўсмирни ички ишлар ходимлари қўлидан олиб чиқиб келганини ва 400 минг сўм пул берганини айтиб, уларни алдаб, ишончига кириб, ушбу пулларни талаб қилган.
Суд ҳужжатларига кўра, профилактика инспектори йигитни уйдан олиб чиқиб кетиб, тартибга кўра у билан педагогик ва психологик профилактика тадбирлари ўтказмаган ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмаган. Аксинча, унинг қариндошларига “бу бола қамалади, энди қонун олдида жавоб бериши керак” деб қўрқитган.
Йигитча қамалишидан қўрқиб, уйининг молхонасида 20 литрлик идишдаги дизелни устидан қуйиб, ўзини ёқиб юборган. У дарров ўлмаган, икки ой шифохонада даволанган, аммо бунинг нафи бўлмаган.
Шу йилнинг 4 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман суди профилактика инспекторини Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлимига сабаб бўлиши) 3-қисми “а” банди билан айбли деб топди.
Унга нисбатан 2 йил муддатга Ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 2 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Собиқ ходим суд залининг ўзида қамоққа олиниб, манзил-колонияга юборилган.
Энди дориларни фақат рецепт билан оламиз-ми?
Ўтган сафарги кўрсатувимизда мен нима дегандим, бизникилар дорини нос отгандек кафтлаб отади, деганмидим. Аслида тиббиётдаги муаммоларимиз бир клиника ва бир шифокор билан чегараланмайди. Бу соҳа буткул тизимли ўрганиш, ўзгаришни талаб қилади. Одамларимизнинг тиббий маданияти ошмагунча талаби ҳам ҳаминқадар бўлаверади, тиббиёт ходимлари эса талабга яраша таклифни кўрсатади. Бу – бозор қонунияти, бу даврда бизнесга айланган тиббиётдан катта нарсани кутишнинг ўзи хатодек.
Ўзбекистонда ва ниҳоят шифокор рецептисиз дори сотиш тақиқланди ва янги тизим 12 декабрдан кучга кирди. Гап шундаки, DMED электрон рецепт тизими ишга туширилди ва барча рецепт бўйича бериладиган дори-дармонлар фақат рақамли рецепт асосида берилади, лекин ҳамон одамларимиз ҳам, шифокорларимиз ҳам тизимга мослашиб олмаган, тизимга уланмаган докторлар талайгина.
Эндиликда антибиотиклар, гормонал препаратлар, психотроп воситалар, “рецепт бўйича” деб кўрсатилган исталган дорилар фақат рецепт асосида сотилади.
Шифокор DMED орқали рецепт ёзади, бемор эса ID ёки QR-код билан дорихонадан дори олади, деб осонгина тушунтириляпти, лекин бунинг учун шифокорга қандай мурожаат қилинади, бурним оқяпти, бошим оғрияти деган гапларга ишониб рецепт ёзилса, бундай оворагарчиликка на ҳожат бунисини билмадим. Аммо келгусида рецепт ёздириб олиш учун тез тиббий ёрдамга ва поликлиникаларнинг участка врачларига чақирувлар сони ортиши эҳтимоли юқори.
Тушунтирилишича, рецептни сохталаштириб бўлмайди – шифокор, клиника ва дорихона маълумотлари автоматик тарзда қайд этилади. Шу билан бирга, электрон рецепт билан фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган препаратлар берилса, фармацевтлар препаратнинг серияси, тугаш муддати ва партиясини тизимга киритиши керак. Шифокорлар эса препаратларнинг ҳаракати ҳақида онлайн кузатиш имконига эга бўлади.
Шу ўринда савол туғилади: дорихоналарда фармацевтлар ишлаяпти, деб ким айтди, сизга жаноблар? Мен кўрмаяпман. Талабалар. У ёки бу тиббий йўналишда ўқийдиган талабаларга тўлиб ётибди дорихоналар. Энг аввало, сотув жараёнини ўзини тартибга келтириб, мутахассис бўлмаганлар фаолиятига чек қўйилиши керак эмасми?
Хўш, энди кўпчиликни қизиқтираётган масалага келсак, албатта, дори ичмай қолса, кўнгли жойига тушмайдиганлар ҳам унутиб қўйилмаган. Улар учун нақ 1846 турдаги рецептсиз бериладиган дорилар сақлаб қолинган. Булар 25 турдаги аллергияга қарши воситалар, 63 турдаги шамоллаш ва ЎРВ касалликларини даволаш воситалари, 10 турдаги жиғилдон қайнашини тўхтатувчилар, 71 турдаги витаминлар ва поливитаминлар, 47 турдаги суртмалар, 55 турдаги оғриқ қолдирувчи ва иситма туширувчилар, 118 турдаги антисептиклар.
Тошкентда террористик ҳужум уюштирмоқчи бўлган йигит қамалди
Ижтимоий тармоқларда террорчилар билан алоқа ўрнатиб, Тошкент шаҳрида қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширишга тайёргарлик кўрган қашқадарёлик 20 ёшли йигит 6 йилга қамалди.
Йигит 2023 йилдан бошлаб интернет орқали мустақил равишда диний билим ва тушунчаларни ўрганиши давомида экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушган.
Бунинг оқибатида у мамлакатдаги ислоҳотлардан қаттиқ норози бўлиб, Ўзбекистон Олий суди томонидан террорчилик ташкилоти, деб тан олинган ва республикада фаолияти тақиқланган Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террорчилик ташкилоти аъзолари билан яқин алоқада бўлган ҳолда, уларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни бошлаган.
Шундан сўнг, йигит Instagram’даги шахсий саҳифаси орқали юқорида келтирилган террорчи ташкилотга аъзо бўлган тожикистонлик “Хабаргўйи сурия” профили фойдаланувчиси билан алоқада бўлиб, унинг таъсирида диний қарашлари радикаллашган.
Йигит жанговар ҳаракатларда иштирок этиш ва “Тавҳид ва жиҳод катибаси” таркибига қўшилиш мақсадида Сурияга чиқиб кетиш йўлларини суриштирган. Шунингдек, у ўзи тинглаб келган террорчилик ташкилотлари ғоявий раҳнамоларининг жиҳодга чорловчи маърузаларидан таъсирланиб, Тошкент шаҳрида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга тайёргарлик кўрган.
Шу билан бирга, судланувчи уяли алоқа воситаларида тақиқланган экстремистик ва террорчилик материалларини сақлаб, уларни интернет орқали тарқатиш фаолияти билан шуғулланиб келган.
Унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг санкция қисмида узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоларини қўллаш кўзда тутилган бўлса-да, суд йигитга енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллаган ҳолда, инсонпарварлик принциплари асосида 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Шу ўринда айтиб ўтиш ўринли, тугаётган ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан одатга кўра жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 615 маҳкумни афв этишга оид ҳужжатни имзолади.
Афв этилган шахсларнинг 220 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 123 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 97 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 175 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 9 нафарини чет эл фуқаролари, 29 нафарини аёл, 23 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 264 нафарини ёшлар (шулардан, 2 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Зиплайндан қулаган қизнинг аҳволи қандай?
“Қамчиқ” довонидаги дам олиш масканида бир қиз зиплайндан тушиб кетди. Унинг аҳволи стабил оғир.
Воқеа 11 декабрь куни “Qor city” дам олиш масканида соат 11:00 дан ўтганда содир бўлган. Қиз бир неча дақиқа арқонда осилиб турган, бироқ ҳеч ким ёрдамга бормаган.
Жабрланувчи ҳозирда Фарғона вилояти Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида даволанмоқда.
Қизга “кўкрак қафаси ёпиқ шикасти, бел соҳа ёпиқ шикасти, ўнг оёқ ёпиқ синиши ташхиси қўйилган.
Ҳозирча воқеа сабаблари очиқланмади, расмий идоралар ҳолат бўйича бирор баёнот бергани йўқ. QALAMPIR.UZ’нинг Ички ишлар вазирлигидан аниқланишича, ҳолат ортидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистондаги аттракционларнинг созлиги, стандартларга жавоб бериши ва хавфсизлиги жуда оғриқли масала. Йил бошида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Ўзбекистондаги 70 дан ортиқ истироҳат боғларининг аттракционлари қўлбола экани – ишлаб чиқарувчи корхона паспорти ва биркаси бўлмагани, аммо бамайлихотир фаолият олиб борганини маълум қилганди.
Республика ҳудудида жойлашган 148 та маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган жами 2120 та аттракционлар ўрганиб чиқилган бўлиб, шундан қўлбола (ишлаб чиқарувчи корхона паспорти ва биркаси бўлмаган) аттракционлар 74 тани, носоз, ишлашга яроқсиз ҳолатда бўлган ҳамда фаолияти тўхтатилган аттракционлар 228 тани, шу кунга қадар рўйхатга олинган аттракционлар 1100 тани ташкил этиши аниқланган.
Рақамлаштириш: энди Ўзбекистонда нақд пулга уй, машина олиб бўлмайди
Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва автомобиль олди-сотдиси бекор қилиняпти. Президент имзолаган “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда айтилишича, 2026 йил 1 апрелдан давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар, қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар, кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олишда тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланди.
Олди-сотди шартномалари бўйича сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китоблар банк ва нотариал органларнинг ахборот тизимлари ўртасидаги маълумот алмашинуви орқали амалга оширилади, бундан банк кассалари орқали амалга ошириладиган тўловлар мустасно.
Марказий банк 2026 йил 1 январга қадар барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR кодни жорий қилади.
Газ эмас, электр! Уйларни иситиш тартиби ўзгаради
Ўзбекистон бундан буён уйларни газ билан эмас, балки электр энергияси билан иситиш тартибига ўтади. Бу ҳақда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов тугаётган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ҳисоботида сўз очди.
Мирзамаҳмудовнинг электр энергиясида иситиш таклифи янги барпо этилаётган кўп қаватли тураржойларни тўлиқ электрлаштириш, овқат тайёрлаш учун электр плиталари билан таъминлаш, иситиш тизимини электр энергиясига ўтказиш ҳамда табиий газ тармоқларига уланмаган кўп хонадонли уйлар, ётоқхоналар ва газлаштирилмаган ҳудудлардаги ҳовлилар учун имтиёзли тарифларни жорий этиш билан боғлиқ.
Мазкур таклифлар лойиҳасига кўра, овқат тайёрлаш учун электр плиталари билан жиҳозланган, иситиш тизими тўлиқ электрлаштирилган, марказлашган иситиш тизими ва табиий газ тармоқларига уланмаган кўп қаватли уйлар, ётоқхоналар ҳамда газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчи маиший истеъмолчиларга (субсидияланадиган нархлардаги суюлтирилган газ, кўмир ёки табиий газдан фойдаланмаган тақдирда) ойлик истеъмол ҳажмига қараб иситиш мавсумида — 2000 кВт·соатгача, иситиш мавсумидан ташқари – 1000 кВт·соатгача электр энергияси истеъмоли учун амалдаги тарифларга нисбатан 50 фоизгача чегирма қўллаш назарда тутилмоқда.
Таклифлар идоралараро тартибда келишилган.
“Мазкур ислоҳотлар Ўзбекистон энергетика тизими учун муҳим трансформация жараёни бўлиб, халқаро тажрибада кузатилганидек, бундай ўзгаришлар чуқур таҳлил, вақт ва юқори даражадаги эҳтиёткорликни талаб қилади. Жараённинг босқичма-босқич амалга оширилиши тизимнинг стратегик аҳамиятидан келиб чиқади”, дея тушунтириш берди Энергетика вазирлиги.
Ҳар қишда шу бўлар такрор деганларидек, республикага совуқ ҳаво массалари кириб келганидан кўп ўтмай, автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар ўрнатилди.
Тошкент шаҳридаги 78 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари тонги соат 06:00 дан кечки соат 23:00 гача ишлайди. Жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида 21 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари тунги вақтда ҳам иш фаолиятини давом эттиради ва жамоат транспортини ёқилғи билан таъминлайди.
Андижон вилоятидаги 143 та, Наманган вилоятидаги 134 та, Хоразм вилоятидаги 94 та АГТКШ фаолияти 05:00 дан 17:00 гача қилиб белгиланган. Фарғона вилоятидаги 173 та, Сирдарё вилоятидаги 53 та ва Қорақалпоғистон Республикасидаги 124 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти эса соат 06:00-18:00 оралиғида бўлади. Навоий вилоятидаги 51 та ва Бухоро вилоятидаги 95 та “заправка” 06:00 дан 19:00 гача ишлайди. Шу билан бирга, Сурхондарё вилоятидаги 106 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари 06:00-17:00 оралиғида фаолият олиб боради.
Билдирилишича, бу зарурий чоралар вақтинча бўлиб, газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Тошкентда наркокурьер талабалар ушланди
Тошкент шаҳрида наркокурьерлик билан шуғулланиб келган олий таълим муассасасининг 1-босқич талабалари ушланди.
Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 2 нафар талаба холислар иштирокида текширилганда, уларнинг ёнидан 120 гр “Альфа PVP” синтетик гиёҳванд моддалари топилган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, 2007 йилда туғилган талабанинг вақтинча яшаб келаётган университети ётоқхонаси кўздан кечирилганда 400 гр “Альфа PVP” синтетик гиёҳванд моддалари борлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, бу 2 талаба ушбу синтетик гиёҳванд моддаларни таниши ташлаб берган геолокациялардан олиб, университет ётоқхонасида дозаларга қадоқлаб, айтилган локацияларга юборишган. Тезкор тадбирлар натижасида бир маротабалик 2600 та дозага тенг бўлган жами 520 гр синтетик гиёҳванд моддаларининг ноқонуний муомаласи олди олинган.
Талабаларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига кўра 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилиши мумкин.
Бу ҳақда ахборот берган Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти талабалар қайси олий таълим муассасасида таҳсил олганига аниқлик киритмаган. Шу ўринда савол туғилади: университет раҳбарияти, ётоқхонага масъул бўлган комендантлар қаерга қараган? Агар олий ўқув юрти ётоқхонасида бамайлихотир наркотик моддалар сақланаётган ва эмин-эрмин қадоқланаётган бўлса, ўххў у ерларда яна нималар бўлмаяпти дейсиз.
Ўзбекистонда наркожиноятлар йил сайин ортиб бормоқда. 2020 йилда 6032 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2024 йилгача бу рақам тенг баравардан ортиққа ошиб, 12278 тани ташкил этган. Уларнинг 3167 таси ёшлар ҳиссасига тўғри келмоқда, яъни ҳар учинчи наркожиноятчи 30 ёшгача бўлган ёшлар экани айтилмоқда. Қолаверса, бундан беш йил аввал наркожиноятларда аёллар улуши атиги бир неча фоизни ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони уч баробарга кўпайган.
Ўтган ойдан буён Ўзбекистонда ёшлар орасида гиёҳванд моддаларнинг тарқалишига йўл қўймаслик масаласини шахсан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўз назоратига олди. Ўша кундан буён мамлакатда кучайтирилган рейд тадбирлари бошланди.
Расмийларга кўра, йил бошидан 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинган. Аммо жамоатчилик, фаоллар Ҳукуматни гиёҳванд моддаларнинг савдоси, айланмаси ва мамлакатга кириб келиши билан боғлиқ ҳолатларга нисбатан курашни суст олиб боришда айблаб келади. Айниқса, синтетик гиёҳванд моддаларнинг савдоси ортиб бораётгани, баъзи жойларда уни ташиш ва сотиш, истеъмол қилиш эмин-эркин экани, ҳуқуқ-тартибот органлари етарли даражада чоралар кўрмаслиги танқид қилинади.
Live
Барчаси